Одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатни олдини олиш
Ғаллаорол тумани “Дўстлик” МФЙ ҳудудидаги 90-сонли мактаб биносида Ғаллаорол туманлараро иқтисодий суди раиси Ф.Музаффаров ва фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро суди раиси Ғ.Усанов ва судья Д.Алмосовалар томонидан Одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатни олдини олиш мавзусида ўтказилган очик мулоқот
Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан Ғаллаорол туманлараро иқтисодий суди раиси Ф.Музаффаров сўзга чиқиб, одам савдоси трансмиллий жиноят бўлиб, дунёнинг деярли барча мамлакатларида учрайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги Миграция агентлиги одам савдосига қарши курашда барча аъзо давлатларга кўмаклашиб, бу иллатдан жабрланган шахсларга гуманитар ёрдам кўрсатиб келади.
Ҳар йили дунё миқёсида “30 июль - Одам савдосига қарши курашиш бутунжахон куни” сифатида кенг нишонлаб келинади. Юртимизда ушбу сана муносабати билан одам савдосига қарши курашиш ойлиги белгиланиб, жойларда турли хил тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилади.
2020 йил 17 августда Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги ЎРҚ-633-сонли Қонуни одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида янги таҳрирда қабул қилинди.
Ушбу Қонунда “одам савдоси” тушунчаси ҳам ёритиб ўтилган бўлиб, унга кўра одам савдоси — куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш йўли билан одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг ўзга шаклларини, мажбурий меҳнатни ёки хизматларни, қулликни ёхуд қулликка ўхшаш одатларни, эрксизлик ҳолатини ёхуд инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олишни англатади.
Одам савдосидан жабрланганларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашуви уларни нормал ҳаёт тарзига қайтариш мақсадида амалга оширилади.
Мавзуни фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро суди раиси Ғ.Усанов давом эттириб, одам савдосидан жабрланганларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашуви қуйидагиларни ўз ичига олади:
- ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштириш даврида моддий ёрдам кўрсатишни;
- вақтинчалик уй-жой, озиқ-овқат, санитария-гигиена воситалари билан, зарур ҳолларда эса кийим-бош, пойабзал ва бошқа энг зарур ашёлар билан таъминлашни;
- ишга жойлашишда, таълим олишда, касбий жиҳатдан йўналтиришда ва касбга тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлашда ёрдам кўрсатишни;
- ижтимоий жиҳатдан қайта интеграцияга, шу жумладан қариндошларини излашида ёрдам кўрсатишни;
- ижтимоий реабилитация ва мослашув, шахсларнинг одам савдоси билан боғлиқ бўлган жиноятларга такроран жалб этилишининг олдини олиш учун ишлаб чиқилган дастурларни ташкил этишни.
Шунингдек, ушбу Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши юртимизда одам савдосига қарши курашишга ҳукумат даражасида аҳамият берилаётганлигидан дарак беради.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, трансмиллий кўринишга эга одам савдоси жинояти учун барча давлат ташкилотлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш зарур ҳисобланади.
Шундан сўнг фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро суди судьяси Д.Алмосова сўзга чиқиб, Конституциямизнинг 44-моддаси: "Суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади.
Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади".
Мажбурий меҳнат бирор-бир жисмоний шахсдан жазони қўллаш таҳдиди остида талаб этиладиган, бажарилиши учун ушбу шахс ихтиёрий равишда ўз хизматларини таклиф қилмаган ҳар қандай ишни ёки хизматни англатади. Жазо деганда жисмоний шахснинг ихтиёрий розилиги мавжуд бўлмагани ҳолда, ушбу шахсга нисбатан уни меҳнат фаолиятини амалга оширишга мажбур қиладиган ҳар қандай моддий, жисмоний ёки руҳий таъсир чораларини қўллаш ёки қўллаш таҳдиди тушунилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексида вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабларни бузиш, яъни вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.
Йиғилиш сўнггида, маърузачилар йиғилганларнинг саволларига батафсил жавоб бериб, муаммоларни ҳал қилиш учун барчамиз масъуллигимизни, фақатгина давлат органлари томонидан масалани ҳал қилишга қаратилган харакатлар амалга оширилиши эмас, балки махалла фуқаролари томонидан ташаббус билан чиқилиши лозимлиги, давлат рахбари томонидан олиб борилаётган ислохотларни амалга оширишда барчамиз масъул эканлигимиз тўғрисида йиғилиш иштирокчиларига тушунтиришлар берди.
Йиғилиш савол-жавобларга бой тарзда якунланди.
Ғаллаорол туманлараро иқтисодий
суди раиси Ф.Музаффаров
Фуқаролик ишлари бўйича
Ғаллаорол туманлараро
суди раиси Ғ.Усанов ва судья Д.Алмосова