Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш
Одам савдоси иллати жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган ХХI асрнинг жиддий муаммолардан биридир. Меҳнат миграцияси ҳамда ахборот алмашинувининг кучайиши одам савдоси билан шуғулланадиган жиноятчи гуруҳларга ўз қабиҳ ниятларини амалга оширишга имкон яратиб бермоқда.
Бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Бу иллат билан курашишда нафақат давлат ташкилотлари, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда халқаро ташкилотлар ҳам манзилли ишларни амалга оширмоқда.
Айтиш лозимки, бугунги кунга келиб одам савдосининг авж олишига, яъни инсонни қандайдир бир буюм сифатида, таъбир жоиз бўлса инсонни олди-сотдининг объекти сифатида фойдаланилиши, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол этилишига қуйидагилар сабаб бўлмоқда.
Одам савдоси каби ноқонуний фаолият тури бир ёки бир неча аъзолардан иборат гуруҳларнинг сердаромад манбасига айланиб бораётгани, яъни уларнинг ҳеч қандай оғир ва машаққатли меҳнатларсиз мўмай даромад олишга уринаётганлиги.
Одам савдосининг қурбонига айланаётган шахсларнинг соддалиги, ўзининг, яқинларининг тақдирига ва келажагига бефарқлиги, лоқайдлигида. Яъни энг олий неъмат ҳисобланмиш эркин ҳаёт тушунчасига нисбатан енгил ва бепарволик билан қарашлари оқибатида ушбу одам савдосини амалга оширувчи жиноятчиларнинг ўлжасига, аниқроғи уларнинг осон даромад манбаига айланиб қолмоқдалар.
Одам савдосини амалга оширувчи жиноятчи шахслар ўзларининг танишлари, яқин қариндошларига нисбатан, яъни уларнинг ишончига кириб олиб, уларнинг одам савдосини қурбонига айланиб қолишига сабабчи бўлаётганлигида.
Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 17 апрелда қабул қилинган "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги қонуни қабул қилинган бўлиб, ушбу қонун янада такомиллаштириш ва ҳозирги замон талабларига мослаштириш мақсадида унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири 2020 йил 17 августда қабул қилинди.
Қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш зарурати бугунги кунда одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам бериш масалаларига доир аниқ қоидалар тартибга солинмаганлиги ҳамда вояга етмаганларнинг савдосига қарши курашишни ўзига хос хусусиятлари, шу жумладан, идентификация қилиш, ёрдам бериш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий мақоми аниқ белгилаш билан изоҳланади.
Жиноят ишлари бўйича
Ғаллаорол туман судининг
раиси А.Норбеков