ОДАМ САВДОСИ ВА МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ
Бугунги кунда одам савдоси-халқаро миқёсдаги муаммо бўлиб, ушбу муаммони ҳал этишнинг ягона йўли, миллий қонунчилик тизимида ҳуқуқий асосларни яратишдан иборатдир. Бу маслага давлатимиз томонидан жиддий ёндашилиб, одамлардан ноқонуний фойдалнишга, уларнинг миграцияси ва савдосига қарши курашга оид чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш билан боғлиқ кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Фуқароларимизнинг одам савдоси қурбонига айланиб қолишининг олдини олиш ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасидаги профилактик ишлар барча давлат ташкилотларининг устувор вазифаси сифатида белгиланган.
Бу борадаги ишлар Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги қонуни ҳамда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг тегишли меъёрий ҳужжатлари талаблари асосида ташкил этилиб келинмоқда.
Мамлакатимизда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш юзасидан амалга оширилган муҳим ислоҳотлардан яна бири Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 4 мартдаги “Халқаро меҳнат ташкилотининг халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-сонли конвенциясини (Женева, 1976 йил 21 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги ЎРҚ-525-сонли қонуни билан Халқаро меҳнат ташкилотининг халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-сонли Конвенцияси (Женева, 1976 йил 21 июнь) ратификация қилинди.
Мазкур конвенция нормаларини мамлакатимиз ҳаётига мувофиқлаштириш мақсадида муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 30 июлдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5775-сонли фармони қабул қилиниб, ушбу Фармон билан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси тузилди.
Комиссиянинг асосий вазифалари қилиб, давлат органлари ва ҳудудий органларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти самарадорлигини, яқин ҳамкорлиги ва баҳамжиҳат ишлашларини таъминлаш мақсадида уларнинг одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
миллий қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш мақсадида одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкиллаштириш, шунингдек, уларнинг ижросини назорат қилиш;
одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни таҳлил қилиш, баҳолаш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини ошириш, ушбу соҳадаги жиноятларни аниқлаш, тергов қилиш, олдини олиш ва уларга чек қўйиш амалиётини ўрганиш;
одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида самарали халқаро ҳамкорлик ва баҳамжиҳат ҳаракатни ташкил этиш, шунингдек, мазкур соҳада ахборотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва маърузалар тайёрлаш кабилар белгилаб берилди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, унинг қорбонларига айланаётган фуқароларимизга ҳар томонлама кўмаклашиш бугунги кунда давлатимиз олдида турган глобал муаммолардан бирига айланиб бормоқда.
Шу билан бирга, нафақат ҳар бир давлат ташкилоти, балки жамоатчиликни ҳам бундай иллатларга қарши курашишга, фуқароларни унинг қурбонига айланиб қолишнинг олдини олиш асосий вазифалардан қилиб белгилаб беради.
Жиззах вилоят судининг судьяси
Н.Эрназаров
Жиноят ишлари бўйича
Ғаллаорол туман судининг раиси У.Хидирбоев