Ғаллаорол туманида Янги мактаб биноси фойдаланишга топширилди
Тумандаги “Олимлар” маҳалласида Мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрами арафасида 16-умумтаълим мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Феруза Нигматова ва Муқаддас Тиркашева, туман ҳокими ўринбосари, маҳалла аҳолиси, жамоатчилик вакиллари, оммовий ахборот вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этишди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Феруза Нигматова сўзга чиқиб, барчани энг улуғ, энг азиз байрам Мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрами билан муборакбод этди.
Тадбир меҳмонларининг табрик сўзларидан сўнг, рамзий ленталар қирқилиб, тадбир иштирокчилари бу ерда ёшларнинг ўқиб, билим олишлари учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Мазкур 16-умумтаълим мактаби биноси ёнидан қўшимча 330 ўринли мактаб биноси бунёд этилди. Бундан ташқари, таълим муассасасидаги мавжуд 320 ўринли мактаб биноси мукаммал таъмирланди.
Ушбу қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 5 млрд 324 млн маблағ ажратилиб, қурилиш таьмирлаш ишларини "TEMURHON ASL STROY" МЧЖ томонидан бажарилди.
Тадбир якунида маҳалла нуронийлари таълим муассасаси узоқ йиллар фарзандлар тарбияси учун хизмат қилишини ният қилиб, дуо қилишди.
Ғаллаорол туман ҳокимлиги
Ахборот хизмати