Телефонлар:
(0372) 432-13-34
(0372) 432-12-88
» » “Қасддан баданга оғир шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар ва жазо чоралари” мавзусида маъруза-тезиси

“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар ва жазо чоралари” мавзусида маъруза-тезиси

15 сентябрь 2022 йил
411
0

Баданга шикаст етказиш деганда, бошқа одамнинг эркига қарши содир этилган, унинг тўқималари ва аъзоларининг анато­мик яхлитлиги ёки физиологик вазифалари ташқи муҳит таъсири остида ёхуд айбдор томонидан жисмоний таъсир кўрсатиш билан ишдан чиқаришда ифодаланган соғлиғига ҳуқуққа хилоф равишда зарар етказишни тушуниш лозим, баданга шикаст етказишнинг объекти - саломатлиги­нинг ҳолати ва шахсий хислатларидан қатъи назар, бошқа одам­нинг соғлиғидир. Баданнинг дахлсизлиги шахс соғлиғига зарар етказиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа зўравонлик тажовузлари­нинг ҳам объекти ҳисобланади, бошқа одам соғлиғига зарар етказиш фактини аниқлашда, жабрланувчининг баданига шикаст етган пайтдаги саломатлиги ҳолатидан келиб чиқиш лозим.

Ўзининг соғлиғига зиён етказган шахс (ўзининг бирор аъзо­сини жароҳатлаш), мазкур ҳаракатлар фақат ЖКда кўзда тутилган мустақил жиноятни вужудга келтирса, масалан, ҳарбий ёки муқо­бил хизматдан бўйин товлаш (ЖК 225-моддасининг 2-қисми “а” банди), ўзининг бирор аъзосини майиб қилиш билан ёки бошқа усул билан ҳарбий хизматдан бўйин товлаш (ЖК 290-моддаси) ва баъзи бошқа ҳолатларда жиноий жавобгарликка тортилиши мум­кин. Бундай ҳолатларда ўз соғлиғига зарар етказиш (жароҳат ет­казиш) юқоридаги жиноятларнинг зарурий ёки жавобгарликни оғрлаштирувчи ҳолат белгиси сифатида намоён бўлади, шу боисдан бундай қил­мишларни бошқа одамнинг соғлиғига қарши жиноят сифатида квалификация қилиш мумкин эмас. Агар шахснинг соғлиғига зиён етказиш унинг ўз розилиги билан бошқа киши томонидан со­дир этилган бўлса, у ҳолда айбдорнинг ҳаракатлари жиноятлар мажмуи бўйича баданга тегишли даражада шикаст етказиш ҳамда ўз соғлиғига зарар етказишга розилик берган шахснинг содир этган жиноятда иштирокчилиги сифатида квалификация қили­ниши мумкин.

Объектив томондан жиноят ҳуқуққа хилоф равишда бошқа шахс соғлиғига зарар етказишда ифодаланади. Баданга шикаст етказиш қуйидаги воситалар: * жисмоний таъсир (механик, термик, электр токи ва бошқа­лар); * баданга кимёвий ёки биологик фаол воситалар билан таъсир этиш; * руҳий таъсир орқали амалга оширилиши мумкин.

Агар шахс ноқонуний тарзда ўқ отар қуролни ясаган ёки қўлга киритган бўлса-ю, бошқа одамнинг баданига шу қуролдан шикаст етказса, у ҳолда бундай қилмиш баданга тегишли оғирлик даражасида шикаст етказиш ва қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш мажмуи билан квалификация қилиниши зарур (ЖК 248-модда­си).

Баданга шикаст етказишни тугалланган жиноят деб то­пиш учун қонунда аниқ кўрсатилган муайян оқибатлар бошлани­ши зарур (меҳнатга лаёқатини йўқотиш, аъзосини ишдан чиқа­риш ёки уни бажарадиган вазифаларидан маҳрум этиш, ҳомила­дорликнинг узилиши ва бошқалар). Айни пайтда инсон баданида­ги тўқималарнинг анатомик яхлитлиги бузилишигина эмас, балки соғлиққа етказилган муайян зарарни ҳам баданга шикаст етка­зишнинг юқоридаги турларининг жиноий оқибатлари деб ҳисоб­лаш керак.

ЖК 104-моддаси бўйича жавобгарлик бошланишининг муқаррар шарти - содир этилган ижтимоий хавфли қилмиш ва бошланган жиноий оқибат (баданга оғир шикаст етказиш) ўртасидаги сабабий боғланишни аниқлашдир. Сабабий боғланиш бўлмаган ҳолатда вужудга келган оқибатлар шахсни айбдор деб топишга монелик қилади, сабабий боғланиш мавжудлиги масаласини ҳал қилиш учун жабр­ланувчи баданининг ўзига хос хусусиятлари (касаллик, туғма етишмовчилик ва бошқалар) инобатга олиниши зарур. Мазкур ху­сусиятларнинг мавжудлиги ижтимоий хавфли қилмиш туфайли бошланган оқибатлар моҳиятига таъсир этиши мумкин. Бундай ҳолатларда ижтимоий хавфли қилмиш натижасида қандай аниқ оқибатлар бошланганлигини ва улар жабрланувчи баданининг ўзига хос хусусиятлари билан оғирлашган-оғирлашмаганлигини аниқлаш зарур. Башарти мазкур оқибатлар айбдорга маълум бўлса-ю, у ўзи содир этаётган қилмиш пировард натижага таъсир этишини англаса, амалда жабрланувчига келтирилган зарар унга айб сифатида юклатилиши шарт. Бундай вазиятлар айбдор қасди натижасида содир этилмаган бўлса, у бошланган оқибатлар учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Субъектив томондан баданга оғир шикаст етказиш айб­нинг қасд шакли билан тавсифланади ва муайян ҳолатларга кўра тўғри ёки эгри қасд билан етказилган бўлиши мумкин. Аниқ бўлмаган қасднинг мавжудлиги ҳолатида айбдор амалда келиб чиққан оқибатлар учун жавобгарликка тортилади. Айбдорнинг бошқа шахснинг соғлиғига зарар етказиш нияти аниқланса ва амалда кам даражадаги зарар етказилса, субъектнинг ҳаракати жабрланувчининг соғлиғига қарши зарар етказишга суиқасд қилганлик бўйича квалификация қилинади (масалан, айбдор шахс жабрланувчининг юзига кислота сепмоқчи бўлди, лекин жабланувчи ўгирилиб олишга муваффақ бўлди ва соғлиғига ҳеч қандай зиён етмади).

Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида баданга оғир шикаст етказиш белгиларининг батафсил рўйхати келтирил­ган, улардан бирининг мавжудлиги жароҳатни оғир деб топиш учун асос бўлади.

Қонун чиқарувчи уларга қуйидагиларни киритади: * шикаст етказилаётган лаҳзада ҳаёт учун хавфлилик; * кўриш қобилиятини йўқотиш; * нутқни йўқотиш; * эшитиш қобилиятини йўқотиш;

* бирор-бир аъзони йўқотиш ёки аъзонинг бажарадиган вази­фаларини бутунлай бажара олмай қолиши; * руҳий касалга чалиниш; * ўттиз уч фоиздан зиёд умумий меҳнат қобилиятини бутун­лай йўқотиш билан боғлиқ соғлиққа шикаст етказиш; * ҳомиланинг тушиши; * баданни тузатиб бўлмас даражада хунуклаштириш.

Агар баданга шикаст етказиш, содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлса, баданга оғир шикаст етказиш тоифасига мансуб бўлади. Бунда тиббий аралашувсиз, ўз-ўзича кечган ҳо­латларда жабрланувчининг ўлимига олиб келиши мумкин бўлган шикастлар ҳақида гап кетмоқда.

Етказилган шикастнинг ҳаёт учун хавфлилиги, амалда келиб чиққан оқибатлардан қатъи назар, унинг шикаст етказиш вақти­даги ҳолати билан аниқланади. Ҳаёт учун хавфлилар жумласига киритилган шикастларнинг тўлиқ рўйхати баданга шикаст етка­зиш оғирлиги даражасини аниқлашга оид суд-тиббиёт қоидалари­да келтирилган.

Етказилаётган вақтда ҳаёт учун хавфли бўлган шикастлар­ни қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилишдан фарқлаш керак. Баданга ҳаёт учун хавфли шикаст етказиш, айб­дор жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлишини англаб етиши би­лан бирга, мазкур оқибатлар бошланишини истагани, яъни бошқа одамни ўлдириш учун тўғри қасд билан ҳаракат қилиш ҳолатла­рида одам ўлдиришга суиқасд қилиш сифатида квалификация қи­линади.

Судлар қасддан одам ўлдириш жиноятини ўлимга олиб келган қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятидан фарқлашлари лозим. Қасддан одам ўлдиришда айбдор шахс ўлдириш қасди би­лан ҳаракат қилса, ўлимга олиб келган баданга оғир шикаст етка­зиш жиноятида ўлимга нисбатан айб эҳтиётсизлик шаклида ифо­даланади.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси қасддан баданга оғир шикаст етказиш содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш натижасида кўриш, сўзлаш, эши­тиш қобилиятини йўқотиш ёхуд бирон аъзонинг ишдан чиқиши ёки унинг фаолияти тамоман йўқолишига, руҳий ҳолатини бузилишига ёки соғлиғининг бошқача таризда бузилишига, умумий меҳнат қобилияти­нинг ўттиз уч фоизидан кам бўлмаган қисмининг доимий йўқолишига ёки ҳомиланинг тушиши ёхуд баданнинг тузалмайди­ган даражада хунуклашишига сабаб бўлса, -

уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазо­ланади.

Қасддан баданга оғир шикаст етказиш:

а) ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан;

б) ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан;

в) ўта шафқатсизлик билан;

г) оммавий тартибсизликлар жараёнида;

д) тамагирлик ниятида;

е) безорилик оқибатида;

ж) миллатлараро ёки ирқий адоват замирида;

з) диний таассублар замирида;

и) киши аъзоларини кесиб олиб, бошқа кишига кўчириш (трансплантат) мақсадида;

к) бир гуруҳ шахслар томонидан

л) қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этилган бўлса, -

беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қасддан баданга оғир шикаст етказиш:

а) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;

б) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 97-моддасида назарда тутилган тарзда қасддан одам ўлдирган шахс томонидан;

в) ўта хавфли рецидивист томонидан;

г) уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёки шу гуруҳ манфаатла­рини кўзлаб содир этилган бўлса;

д) жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлса, -

саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жа­золанади.

Жиззах вилоят судди судьяси Н.Эрназаров

Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар