“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар ва жазо чоралари” мавзусида маъруза-тезиси
Баданга шикаст етказиш деганда, бошқа одамнинг эркига қарши содир этилган, унинг тўқималари ва аъзоларининг анатомик яхлитлиги ёки физиологик вазифалари ташқи муҳит таъсири остида ёхуд айбдор томонидан жисмоний таъсир кўрсатиш билан ишдан чиқаришда ифодаланган соғлиғига ҳуқуққа хилоф равишда зарар етказишни тушуниш лозим, баданга шикаст етказишнинг объекти - саломатлигининг ҳолати ва шахсий хислатларидан қатъи назар, бошқа одамнинг соғлиғидир. Баданнинг дахлсизлиги шахс соғлиғига зарар етказиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа зўравонлик тажовузларининг ҳам объекти ҳисобланади, бошқа одам соғлиғига зарар етказиш фактини аниқлашда, жабрланувчининг баданига шикаст етган пайтдаги саломатлиги ҳолатидан келиб чиқиш лозим.
Ўзининг соғлиғига зиён етказган шахс (ўзининг бирор аъзосини жароҳатлаш), мазкур ҳаракатлар фақат ЖКда кўзда тутилган мустақил жиноятни вужудга келтирса, масалан, ҳарбий ёки муқобил хизматдан бўйин товлаш (ЖК 225-моддасининг 2-қисми “а” банди), ўзининг бирор аъзосини майиб қилиш билан ёки бошқа усул билан ҳарбий хизматдан бўйин товлаш (ЖК 290-моддаси) ва баъзи бошқа ҳолатларда жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Бундай ҳолатларда ўз соғлиғига зарар етказиш (жароҳат етказиш) юқоридаги жиноятларнинг зарурий ёки жавобгарликни оғрлаштирувчи ҳолат белгиси сифатида намоён бўлади, шу боисдан бундай қилмишларни бошқа одамнинг соғлиғига қарши жиноят сифатида квалификация қилиш мумкин эмас. Агар шахснинг соғлиғига зиён етказиш унинг ўз розилиги билан бошқа киши томонидан содир этилган бўлса, у ҳолда айбдорнинг ҳаракатлари жиноятлар мажмуи бўйича баданга тегишли даражада шикаст етказиш ҳамда ўз соғлиғига зарар етказишга розилик берган шахснинг содир этган жиноятда иштирокчилиги сифатида квалификация қилиниши мумкин.
Объектив томондан жиноят ҳуқуққа хилоф равишда бошқа шахс соғлиғига зарар етказишда ифодаланади. Баданга шикаст етказиш қуйидаги воситалар: * жисмоний таъсир (механик, термик, электр токи ва бошқалар); * баданга кимёвий ёки биологик фаол воситалар билан таъсир этиш; * руҳий таъсир орқали амалга оширилиши мумкин.
Агар шахс ноқонуний тарзда ўқ отар қуролни ясаган ёки қўлга киритган бўлса-ю, бошқа одамнинг баданига шу қуролдан шикаст етказса, у ҳолда бундай қилмиш баданга тегишли оғирлик даражасида шикаст етказиш ва қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш мажмуи билан квалификация қилиниши зарур (ЖК 248-моддаси).
Баданга шикаст етказишни тугалланган жиноят деб топиш учун қонунда аниқ кўрсатилган муайян оқибатлар бошланиши зарур (меҳнатга лаёқатини йўқотиш, аъзосини ишдан чиқариш ёки уни бажарадиган вазифаларидан маҳрум этиш, ҳомиладорликнинг узилиши ва бошқалар). Айни пайтда инсон баданидаги тўқималарнинг анатомик яхлитлиги бузилишигина эмас, балки соғлиққа етказилган муайян зарарни ҳам баданга шикаст етказишнинг юқоридаги турларининг жиноий оқибатлари деб ҳисоблаш керак.
ЖК 104-моддаси бўйича жавобгарлик бошланишининг муқаррар шарти - содир этилган ижтимоий хавфли қилмиш ва бошланган жиноий оқибат (баданга оғир шикаст етказиш) ўртасидаги сабабий боғланишни аниқлашдир. Сабабий боғланиш бўлмаган ҳолатда вужудга келган оқибатлар шахсни айбдор деб топишга монелик қилади, сабабий боғланиш мавжудлиги масаласини ҳал қилиш учун жабрланувчи баданининг ўзига хос хусусиятлари (касаллик, туғма етишмовчилик ва бошқалар) инобатга олиниши зарур. Мазкур хусусиятларнинг мавжудлиги ижтимоий хавфли қилмиш туфайли бошланган оқибатлар моҳиятига таъсир этиши мумкин. Бундай ҳолатларда ижтимоий хавфли қилмиш натижасида қандай аниқ оқибатлар бошланганлигини ва улар жабрланувчи баданининг ўзига хос хусусиятлари билан оғирлашган-оғирлашмаганлигини аниқлаш зарур. Башарти мазкур оқибатлар айбдорга маълум бўлса-ю, у ўзи содир этаётган қилмиш пировард натижага таъсир этишини англаса, амалда жабрланувчига келтирилган зарар унга айб сифатида юклатилиши шарт. Бундай вазиятлар айбдор қасди натижасида содир этилмаган бўлса, у бошланган оқибатлар учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
Субъектив томондан баданга оғир шикаст етказиш айбнинг қасд шакли билан тавсифланади ва муайян ҳолатларга кўра тўғри ёки эгри қасд билан етказилган бўлиши мумкин. Аниқ бўлмаган қасднинг мавжудлиги ҳолатида айбдор амалда келиб чиққан оқибатлар учун жавобгарликка тортилади. Айбдорнинг бошқа шахснинг соғлиғига зарар етказиш нияти аниқланса ва амалда кам даражадаги зарар етказилса, субъектнинг ҳаракати жабрланувчининг соғлиғига қарши зарар етказишга суиқасд қилганлик бўйича квалификация қилинади (масалан, айбдор шахс жабрланувчининг юзига кислота сепмоқчи бўлди, лекин жабланувчи ўгирилиб олишга муваффақ бўлди ва соғлиғига ҳеч қандай зиён етмади).
Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида баданга оғир шикаст етказиш белгиларининг батафсил рўйхати келтирилган, улардан бирининг мавжудлиги жароҳатни оғир деб топиш учун асос бўлади.
Қонун чиқарувчи уларга қуйидагиларни киритади: * шикаст етказилаётган лаҳзада ҳаёт учун хавфлилик; * кўриш қобилиятини йўқотиш; * нутқни йўқотиш; * эшитиш қобилиятини йўқотиш;
* бирор-бир аъзони йўқотиш ёки аъзонинг бажарадиган вазифаларини бутунлай бажара олмай қолиши; * руҳий касалга чалиниш; * ўттиз уч фоиздан зиёд умумий меҳнат қобилиятини бутунлай йўқотиш билан боғлиқ соғлиққа шикаст етказиш; * ҳомиланинг тушиши; * баданни тузатиб бўлмас даражада хунуклаштириш.
Агар баданга шикаст етказиш, содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлса, баданга оғир шикаст етказиш тоифасига мансуб бўлади. Бунда тиббий аралашувсиз, ўз-ўзича кечган ҳолатларда жабрланувчининг ўлимига олиб келиши мумкин бўлган шикастлар ҳақида гап кетмоқда.
Етказилган шикастнинг ҳаёт учун хавфлилиги, амалда келиб чиққан оқибатлардан қатъи назар, унинг шикаст етказиш вақтидаги ҳолати билан аниқланади. Ҳаёт учун хавфлилар жумласига киритилган шикастларнинг тўлиқ рўйхати баданга шикаст етказиш оғирлиги даражасини аниқлашга оид суд-тиббиёт қоидаларида келтирилган.
Етказилаётган вақтда ҳаёт учун хавфли бўлган шикастларни қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилишдан фарқлаш керак. Баданга ҳаёт учун хавфли шикаст етказиш, айбдор жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлишини англаб етиши билан бирга, мазкур оқибатлар бошланишини истагани, яъни бошқа одамни ўлдириш учун тўғри қасд билан ҳаракат қилиш ҳолатларида одам ўлдиришга суиқасд қилиш сифатида квалификация қилинади.
Судлар қасддан одам ўлдириш жиноятини ўлимга олиб келган қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятидан фарқлашлари лозим. Қасддан одам ўлдиришда айбдор шахс ўлдириш қасди билан ҳаракат қилса, ўлимга олиб келган баданга оғир шикаст етказиш жиноятида ўлимга нисбатан айб эҳтиётсизлик шаклида ифодаланади.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси қасддан баданга оғир шикаст етказиш содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш натижасида кўриш, сўзлаш, эшитиш қобилиятини йўқотиш ёхуд бирон аъзонинг ишдан чиқиши ёки унинг фаолияти тамоман йўқолишига, руҳий ҳолатини бузилишига ёки соғлиғининг бошқача таризда бузилишига, умумий меҳнат қобилиятининг ўттиз уч фоизидан кам бўлмаган қисмининг доимий йўқолишига ёки ҳомиланинг тушиши ёхуд баданнинг тузалмайдиган даражада хунуклашишига сабаб бўлса, -
уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Қасддан баданга оғир шикаст етказиш:
а) ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан;
б) ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан;
в) ўта шафқатсизлик билан;
г) оммавий тартибсизликлар жараёнида;
д) тамагирлик ниятида;
е) безорилик оқибатида;
ж) миллатлараро ёки ирқий адоват замирида;
з) диний таассублар замирида;
и) киши аъзоларини кесиб олиб, бошқа кишига кўчириш (трансплантат) мақсадида;
к) бир гуруҳ шахслар томонидан
л) қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этилган бўлса, -
беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Қасддан баданга оғир шикаст етказиш:
а) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;
б) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 97-моддасида назарда тутилган тарзда қасддан одам ўлдирган шахс томонидан;
в) ўта хавфли рецидивист томонидан;
г) уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёки шу гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса;
д) жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлса, -
саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Жиноят ишлари бўйича
Ғаллаорол туман судининг раиси У.Хидирбоев