Телефонлар:
(0372) 432-13-34
(0372) 432-12-88
» » “Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф муомила қилиш жиноятлари тушунчаси, салбий оқибатлари”

“Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф муомила қилиш жиноятлари тушунчаси, салбий оқибатлари”

20 ноябрь 2021 йил
388
0

Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш деганда, уларни Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган шарт ва тартибни бузган ҳолда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (олиб чиқиш), транзит тарзида ўтказиш, сақлаш, бериш, реализация қилиш, тақсимлаш, олиш, ташиш, жўнатиш, ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, тайёрлаш, улардан фойдаланиш ва уларни йўқ қилиш, шунингдек таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни етиштириш тушунилади.

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ўтказиш мақсадини кўзламай оз миқдорда қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш учун айбдорлар барча ҳолларда маъмурий жавобгарликка тортиладилар. Агар мазкур ҳаракатлар ўтказиш мақсадини кўзлаб содир этилса, қилмиш ЖКнинг 273-моддасининг биринчи қисми билан квалификация қилинади.

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит тарзда ўтказиш деганда, уларни Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан қонунда белгиланган тартибни бузган ҳолда олиб ўтиш тушунилади. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда сақлаш деганда, шахснинг бундай восита ва моддаларга қонунга зид равишда эгалик қилиши (шу жумладан шахсан истеъмоли) билан боғлиқ қасддан содир этилган ҳаракатлари (ёнида, бинода, махфий ер ва бошқа жойларда сақлаши) тушунилиши лозим. Бунда шахс қанча вақт давомида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда сақлаганлиги аҳамият касб этмайди.

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда бериш, реализация қилиш, тақсимлаш деганда, бундай фаолият тури учун лицензияси мавжуд бўлган дорихона ёки даволаш-профилактика муассасаси ходимининг бундай восита ёки моддаларни белгиланган тартибни бузган ҳолда жисмоний ёки юридик шахсга беришда ифодаланган қасддан содир этилган ҳаракатлари тушунилади. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда олиш деганда, уларни ҳар қандай усулда, жумладан, сотиб олиш, ҳадя ёки бажарилган иш, кўрсатилган хизмат ёинки қарзни узиш эвазига ўзаро ҳисоб-китоб, шунингдек, бошқа товар ва ашёлар билан алмаштириш сифатида қабул қилиш, топиб олганда ўзлаштириш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар рўйхатига киритилган ёввойи ўсимликлар ёки уларнинг қисмларини териш, таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган экинлар йиғиштирилгандан сўнг қўриқланмай қолган майдонлардан уларнинг қолдиқларини териш ҳисобланиши лозим.

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ташиш деганда, уларни ҳар қандай транспорт туридан ёки ташиш воситаси сифатида қўлланилган қандайдир объектдан фойдаланган ҳолда бир жойдан бошқа жойга, шу жумладан, бир аҳоли пункти доирасида кўчириш, шунингдек, қайд этилган восита ва моддаларни бундай фаолият тури билан шуғулланишга лицензияси бўлган юридик шахсларнинг масъул шахслари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибни бузган ҳолда ташиш тушунилиши лозим.

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда жўнатиш деганда, шахснинг почта алоқаси, ҳаво ёки бошқа транспорт туридан фойдаланиб, уларни почта жўнатмалари, посилкалар ёки юк (багаж) сифатида, шунингдек, ўзи бевосита иштирок этмаган ҳолда бошқа шахс орқали қонунчиликда белгиланган тартибни бузган ҳолда кўчиришга қасддан қаратилган ҳаракатлари тушунилиши лозим. Қонунга хилоф равишда ишлаб чиқиш деганда, янги гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни қонунчиликда белгиланган тартибни бузган, яъни бунга давлат буюртмаси ва мазкур фаолият тури учун лицензияси бўлмаган ҳолда ишлаб чиқишга қасддан қаратилган ҳаракатлар тушунилиши лозим.

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш деганда, бундай восита ёки моддаларни қонунчиликни бузган ҳолда ўсимликлар, кимёвий ва бошқа моддалардан сериялаб олишга қасддан қаратилган ҳаракатлар (масалан, махсус кимёвий ёки бошқа ускуналардан фойдаланган ҳолда, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни шу мақсадларга мослаштирилган биноларда ишлаб чиқариш, уларни гуруҳлаб, қадоқлаб ишлаб чиқариш) тушунилиши лозим. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш деганда, қонунчиликни бузган ҳолда таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликлардан, доривор, кимёвий ва бошқа моддалардан фойдаланиш ёки истеъмол қилишга тайёр бир ёки бир неча гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар олиниши тушунилиши лозим.

Таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни майдалаш, қуритиш, увалаш (кукун қилиш), гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни қўшимча ишлов (буғлаш, тозалаш, ҳайдаш ва ш.к.) бермай сувда эритиш натижасида модданинг кимёвий тузилмаси ўзгармаслиги сабабли, булар гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш деб қаралиши мумкин эмас.

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш деганда, қонунчиликда бундай восита ёки моддалар билан қонунга мувофиқ муомала қилиш учун белгиланган қоида ва тартибни бузган ҳолда содир этилган ҳаракатлар тушунилиши лозим. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда йўқ қилиш деганда, бундай восита ёки моддаларни қонунчиликда белгиланган қоида ва тартибни бузган ҳолда йўқ қилишга қасддан қаратилган ҳаракатлар тушунилиши лозим.

Таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни қонунга хилоф равишда етиштириш деганда, қонунчиликни бузган ҳолда бундай ўсимликларни экиш ва етиштириш учун махсус шароит яратиш, шунингдек, уларни экиш ва етиштириш, етиштириш технологиясини такомиллаштириш, янги навларини яратиш, ҳосилдорлигини ва мавжуд иқлим шароитига чидамлилигини ошириш фаолиятини тушуниш лозим.

Етиштирилиши тақиқланган экин экиш деганда, бундай экинлар уруғини тегишли рухсатсиз ҳар қандай ер майдонига, шу жумладан, бўш ётган ерларга ёки мослаштирилган идишларга уруғини сепиш ёки кўчатини ўтқазиш тушунилиши лозим. Ушбу жиноят ўсимлик униб чиққан-чиқмаганлиги ёки ўсган-ўсмаганлигидан қатъи назар, экин экилган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади. Айбдорнинг ҳаракатлари экин майдони ўлчамидан келиб чиққан ҳолда ЖК 270-моддасининг тегишли қисмлари билан квалификация қилинади, бунда қилмишни ушбу модданинг биринчи қисми билан квалификация қилиш учун экин майдонининг ўлчами 250 квадрат метрдан кам бўлиши керак.

Тақиқланган экинларни етиштириш деганда, униб чиққан ёки ўтқазилган кўчатларни уларнинг пишиш босқичигача бўлган давр ичида парвариш қилишни тушуниш керак. Агар шахс етиштирилиши тақиқланган экинни турли майдонларда ўстираётган бўлса, қилмишни квалификация қилишда амалда экилган умумий майдонлар ўлчамидан келиб чиқиш лозим.

Бир шахс томонидан бошқасига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни инъекция (укол) қилиш, агар мазкур восита ёки модда истеъмолчининг ўзига тегишли бўлса ва инъекция унинг илтимосига кўра қилинган бўлса, қонунга хилоф равишда ўтказиш деб баҳоланиши мумкин эмас.

Айбдор томонидан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларнинг фақат бир қисми сотилиб, қолган қисми кейинчалик суриштирув ёки дастлабки тергов давомида аниқланса, жавобгарлик қонунга хилоф равишда ўтказиш ва қонунга хилоф равишда сақлаш учун алоҳида-алоҳида (агар мазкур восита ва моддаларни ўтказишга нисбатан қасд аниқланмаган бўлса), уларнинг миқдорига боғлиқ равишда келиб чиқади.

Агар шахс гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни олувчига, аслида мазкур восита ёки моддаларнинг эгаси бўлган бошқа шахснинг илтимоси (топшириғи) бўйича берса, уларни бераётган шахснинг ҳаракатлари, башарти у берилаётган нарсанинг хусусияти тўғрисида аниқ билиш бўлсагина, мазкур восита, моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказишда биргаликдаги бажарувчи сифатида квалификация қилиниши лозим.

Бангихонани ташкил қилиш деганда, (ЖК 273-моддасининг тўртинчи қисми), уни тузишга қасддан қаратилган ҳаракатлар, масалан, турар-жой ёки нотурар-жой қидириш, сотиб олиш ёки ижарага олиш, уни таъмирлаш, ҳар хил ускуналар билан жиҳозлаш ишларини молиялаш ва кейинчалик бир неча шахс томонидан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни истеъмол қилиш ёки тарқатиш учун фойдаланиш мақсадида содир этилган шунга ўхшаш ҳаракатлар тушунилиши лозим. Бангихонани ташкил этиш жинояти уни тузишга қаратилган ҳар қандай ҳаракат содир этилган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади. Бангихона сақлаш деганда, унинг ишлаб туришига қаратилган, яъни гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилиш учун ажратилган ва (ёки) мослаштирилган жойдан мақсадли фойдаланиш, бинодан фойдаланиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш бўйича қасддан содир этилган ҳаракатлар (ижара ҳақини тўлаш, мижозлар қатновини тартибга солиш, қўриқлашни таъминлаш ва ҳ.к.) тушунилиши лозим. Қонун мазмунига кўра, бангихона сақлаш жинояти фақат бундай жойдан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни истеъмол қилиш ёки тарқатиш учун ҳақиқатда фойдаланилган бўлсагина, тугалланган ҳисобланади. Бунда айбдор ғараз ёки бошқа мақсадни кўзлаганлиги аҳамият касб этмайди.

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-идрокига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш деганда, шахсда уларни истеъмол қилиш майлини уйғотишга қаратилган ҳар қандай қасддан қилинган ҳаракатлар (кўндириш, тавсия қилиш, маслаҳат бериш ва ш.ў.), шунингдек, таъсир ўтказилаётган шахс томонидан бундай восита ёки моддалар истеъмол қилиниши мақсадида алдаш, таҳдид қилиш, жисмоний зўрлик ишлатиш, озодлигини чеклаш ва ҳоказолар тушунилиши лозим. Жиноятни тугалланган деб топиш учун жалб этилаётган шахс гиёҳвандлик воситаси, психотроп ёки ақл-идрокига таъсир этувчи бошқа моддани ҳақиқатан ҳам истеъмол қилган бўлиши талаб этилмайди. Бундай ҳолларда, айбдорнинг бошқа жиноят таркибини ташкил этувчи ҳаракатлари ЖК тегишли моддаси билан алоҳида квалификация қилинади.

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар билан муомала қилиш қоидаларини бузиш шахс томонидан ҳам қасддан, ҳам эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиши мумкин. Бунда мазкур жиноят таркиби мавжудлигини аниқлаш учун шахс томонидан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни, бундай воситалар ёки моддаларни ишлаб чиқишда фойдаланиладиган ва алоҳида назоратда турадиган ускуна ва жиҳозларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, қайта ишлаш, тақсимлаш, ташиш, жўнатиш, олиш, фойдаланиш, олиб кириш, олиб чиқиш ёки йўқ қилиш қоидалари бузилганлигини аниқлаш зарур.

Жиноят ишлари бўйича

Ғаллаорол туман суди раиси У.Хидирбоев

Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар