“Жинсий эркинликка қарши жиноятлар, уларни содир этилиши сабаб ва шарт-шароитлари, олдини олиш учун эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳолатлар, бу борадаги чоралар ҳамда тайинланадиган жазо турлари” мавзусида маъруза
Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман суди раиси У.Хидирбоевнинг “Жинсий эркинликка қарши жиноятлар, уларни содир этилиши сабаб ва шарт-шароитлари, олдини олиш учун эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳолатлар, бу борадаги чоралар ҳамда тайинланадиган жазо турлари” мавзусида маъруза тезиси.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра ҳар бир инсонга унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шу жумладан жинсий эркинлик ва жинсий дахлсизликка бўлган ҳуқуқи ҳимояси кафолатланади.
Бироқ, ҳозирда жамиятимизда фуқаролар томонидан номусга тегиш, жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш билан боғлиқ жиноятлар содир этилиши кузатилмоқда.
Бундай жиноятларнинг олдини олиш, жиноятни содир этган шахсларга нисбатан қатъий жазо тайинлаш учун Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 4-боби жинсий эркинликка қарши жиноятлар киритилиб, 118-моддасида номусга тегиш, 119-моддаси жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш, 120-моддаси бесоқолбозлик, 121-моддаси аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш билан боғлиқ моддалар киритилган.
Номусга тегиш деганда, аёл жинсидаги шахс билан унинг эркига қарши ёки эркидан ташқари зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёхуд жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, табиий усулда жинсий алоқа қилиш тушунилиши лозим.
Жиноятнинг объекти бўлиб, жабрланувчининг жинсий эркинлиги ва жинсий даҳлсизлиги, яъни алоҳида олинган ҳар бир ҳолда айрим шахсларга нисбатан жинсий эҳтиёж қондирилишига ўзининг русхат бериши ёки рухсат бермаслиги эркинлиги ҳисобланади.
Жиноятнинг объектив томони зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилишда ифодаланади.
Номусга тегиш тарзидаги жинсий алоқа қилиш деганда, фақат табиий жинсий алоқани, яъни қарама-қарши жинсдан бўлган шахсларнинг қовушишида эркак жинсий аъзосининг аёл жинсий аъзосига аёлнинг эркига зид ҳолатда киритилишини тушуниш лозим.
Номусга тегишдан жабрланувчи фақат аёл жинсида бўлади ва мазкур жиноят икки (эркак ва аёл) жинсидаги жуфтларнинг ихтиёрий розилиги асосида амалга ошадиган нормал жинсий ҳаёт тарзини таъминлайдиган ижтимоий муносабатларга тажовуз қилади.
Номусга тегиш оргазм (жинсий майил қондирилиши-қондирилмаслиги) ёки эякуляция (шаҳват жавҳари тўкилиш-тўкилмаслиги)дан қатъий назар, жинсий алоқа бошланган вақтданоқ тугалланган жиноят деб топилади.
Шахснинг жинсий алоқани амалга ошириш учун реал имконияти бўла туриб, онгли равишда, ўз иродаси билан мазкур ҳаракатни тўхтатиши ва жабрланувчининг жинсий эркига тажовуз қилишни охирига етказмаслиги номусга тегишдан ихтиёрий қайтиш деб топилади. Бундай ҳолатда ЖКнинг 26-моддасига мувофиқ, жиноятга тайёргарлик кўриш ёки суиқасд учун жавобгарлик истисно этилади. Бироқ, агар жиноятдан ихтиёрий қайтган шахснинг қилмишларида яна бошқа бир жиноят таркиби мавжуд бўлса шахс ўша ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилади. Масалан, баданга шикаст етказиш, ҳақоратлаш, мол-мулкка шикаст етказиш ва бошқалар.
Номусга тегиш билан таҳдид қилиш деганда, жабрланувчининг қаршилик кўрсатишга бўлган иродасини сингдириш мақсадида жабрланувига ва унга яқин бўлган шахсларга етказилган руҳий тазйиқни тушуниш лозим.
Номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиришда зўрлик ишлатиш деганда жабрланувчининг қаршилигини енгишга қаратилган ҳаракатларни содир этиш, масалан, зарбалар бериш, нафас йўлларини сиқиш, оёқлари, қўлларини ушлаб туриш, кийимларини йиртиш ва ҳ.к.лар тушунилади.
Таҳдид этиш деганда жабрланувчининг қаршилигини енгиш мақсадида уни жисмоний зўрлик ишлатиш нияти аниқлигини ифодаловчи ҳаракатлар ёки сўзлар билан қўрқитиш тушунилиши лозим.
Номусга тегиш, яъни зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилиш — уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг иккинчи қисмила номусга тегиш, а-банди икки ёки бир неча шахсга нисбатан, б-банди такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ёхуд илгари ушбу Кодекснинг 119-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс томонидан, в-банди бир гуруҳ шахслар томонидан, г-банди ўлдириш билан қўрқитиб содир этилган бўлса —етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Мазкур модданинг 3-қисмида номусга тегиш а-бандида шахснинг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда, б-банди яқин қариндошга нисбатан, в-банди оммавий тартибсизликлар қатнашчиси томонидан, г-банди ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, д-банди оғир оқибатларга олиб келган бўлса —ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўн тўрт ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахснинг номусига тегиш — ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Айни пайтда, агар ўлдириш, зўрлик ишлатиш ёки мол-мулкни ёқиб юбориш, портлатиш ёки бошқа атрофдагилар учун хавфли усулда нобуд қилиш билан таҳдид этиш номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш жинояти содир этилгандан кейин, масалан, жабрланувчини қўрқитиш ва воқеа ошкора бўлишининг олдини олиш мақсадида билдирилган бўлиб, бундай таҳдид амалга оширилишидан хавфсирашга доир етарли асослар мавжуд бўлса, қилмиш Жиноят кодексининг қайд этилган жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалари ва ЖК 118-моддаси ёки 119-моддасининг тегишли қисми мажмуи бўйича квалификация қилинади.
Жабрланувчини ожиз аҳволга солиш учун айбдор томонидан наркотик воситалар, психотроп, кучли таъсир этувчи, заҳарли ёки одамнинг ақл-идрокига таъсир этувчи бошқа моддалар қўлланилганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлганда, уларнинг хусусияти ва инсон организмига таъсири даражаси экспертиза тайинлаш, мутахассисларни сўроқ қилиш йўли билан аниқланиши лозим. Агар экспертиза натижаларига кўра, айбдор томонидан тайёрланиши, қайта ишланиши, олиниши, сақланиши, ташилиши, жўнатилиши ёки ўтказилиши учун жиноий жавобгарлик белгиланган воситалар ёки моддалардан фойдаланилганлиги аниқланса, унинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг қайд этилган жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалари ва ЖК 118-моддаси ёки 119-моддасининг тегишли қисми мажмуи бўйича квалификация қилинади.
Икки ва ундан ортиқ марта номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёж ғайритабиий усулда қондириш содир этилган бўлиб, бунинг учун Жиноят кодексининг 118-моддаси ёки 119-моддасининг турли қисмларида жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлса, шунингдек бир ҳолда бундай жиноятларга суиқасд, ёки уларда иштирокчилик, бошқа ҳолда эса, тугатилган жиноят содир этилган бўлса, айбдорнинг ҳаракатлари мазкур жиноятларнинг ҳар бири бўйича мустақил квалификация қилинади.
Жабрланувчи ўзининг ёшига нисбатан улғайганроқ кўриниши асосида келиб чиққан инсофли янглишиш айбдор шахсга нисбатан мазкур квалификация белгилари қўйилишини истисно этади.
Номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиришга доир ишларни кўришда судлар ЖПК 19-моддасига мувофиқ ҳар бир ҳолда иш бўйича ёпиқ суд мажлиси ўтказилиши зарурлигини муҳокама этишлари ва процесс иштирокчилари ҳисобланмаган ўн олти ёшга тўлмаган шахслар суд мажлиси залида бўлмасликлари юзасидан тегишли чоралар кўрилади.
ЖК 119-моддасида жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш, зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш — уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:а) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан; б) такроран, хавфли рецидивист томонидан ёхуд илгари ушбу Кодекснинг 118-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс томонидан; в) бир гуруҳ шахслар томонидан; г) ўлдириш билан қўрқитиб содир этилган бўлса, —етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар а) жабрланувчининг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда;б) яқин қариндошига нисбатан; в) оммавий тартибсизликлар қатнашчиси томонидан; г) ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса; д) оғир оқибатларга олиб келган бўлса, —ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу моддада назарда тутилган ҳаракатлар ўн тўрт ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса —ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
ЖКнинг 120-моддасида бесоқолбозлик, яъни эркакнинг эркак билан зўрлик ишлатмасдан жинсий эҳтиёжни қондириши, 121-моддасида аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш билан боғлиқ жиноятлар содир этганлик учун тайинланадиган жазо турлари белгиланган.
Бундай жиноятларнинг олдини олиш ва содир этилмаслиги учун фуқаролар йиғинлари аҳолиси ўртасида доимий тарғибот ишлари, ҳудуддаги нотинч ва доимий уруш-жанжаллари бўлиб турадиган ҳамда муҳити носоғлом оилалар билан тушунтириш ишлари олиб борилиши лозим, бунга эса фуқаролар йиғинлари раислари, унинг диний ва маърифий ишлар бўйича маслаҳатчилари, кўса оқсоқаллари ва маҳалла фаоллари масъуллиги, бу борада ҳудудий профилактика нозири билан ҳамкорлик ўрнатиш лозим бўлади.
Жиноят ишлари бўйича
Ғаллаорол туман суди раиси У.Хидирбоев