26 июнь - Халқаро гиёхвандликка қарши кураш куни
БМТ Бош Ассамблеясининг 1987 йил 7 декабрда қабул қилган резолюциясига (№42/112) биноан ҳар йили 26 июнь Халқаро гиёҳвандлик ва бангифурушликка қарши кураш куни сифатида нишонланиб келинади.
Гиёҳвандлик – XXI асрнинг глобал муаммоларидан бирига айланиб улгурди.Таҳлилчиларнинг фикрича, гиёҳванд моддаларнинг кенг тарқалиши бир қатор ижтимоий муаммоларга сабаб бўлади. Жумладан, демографик фожеаларни келтириб чиқаради, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда жиноятчилик ва бошқа оғир оқибатларга олиб келади.
Хозирги ривожланган даврда ҳам инсоният, миллатлар келажагига тахдид туғдирувчи бир қанча омиллар қаторида гиёҳвандлик балосини ҳам айтиш мумкин. Мазкур иллатга қарши курашишда миллатлараро хамкорлик мухим ахамият касб этади. Давлатлар ўзаро конвенция ва келишувлар орқали гиёҳвандлик транзит йўлларини эрта аниқлаш, ушбу турдаги жиноятчилик ошаёттган давлатларга ўзаро ёрдам ва тушунтириш ишларини олиб боради. Албатта гиёҳвандлик ОИТС, гепатит каби оғир ва бедаво касаликларнинг тарқалишига ҳам замин яратади. Хозирги кеча кундузда гиёҳвандлик воситаларининг янгича кўринишлари пайдо бўлиб синтетик, хар хил психотроп таблеткалар ва суюқлик кўринишидаги турлар афсуски ёшларимиз ўртасида тарқалмоқда.
Маълумотларга кўра, 15 ёшдан 64 ёшгача бўлганлар орасида қайд этиладиган ўлимларнинг 1,3 фоизи гиёҳвандлик оқибатида юз берар экан. Бир йилда 211 мингта ўлим айнан гиёҳвандлик оқибатида келиб чиқади. Европада гиёҳвандлик оқибатида ҳалок бўлаётганларнинг ўртача ёши 35 ёшни ташкил қилади. Бангифурушлик ва гиёҳванд моддалар истеъмоли сўзсиз аҳоли соғлиғи ва жамоат хавфсизлигига тахдид сифатида кўрилади. Бир қатор мамлакатларда бу иллат жамиятнинг барқарор ривожланишига тўсиқ бўлиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек, “Қанчалик қийин бўлмасин, биз ёшлар тарбияси бўйича ўзимизга хос ва таъсирчан, бугунги кунга ҳамоҳанг усулларни излаб топишимиз керак”. Жиззах вилоят судлари томонидан ёшлар орасида ушбу иллатга қарши курашиш мақсадида гиёҳвандликнинг инсон соғлигига зарари ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида кенг тушунтиришлар олиб борилмоқда.
Аср вабосига қарши курашиш – барчамизнинг бурчимиздир. Мазкур иллатга қарши курашишда ҳар бир фуқаро ҳаракатдан четда турмаслиги керак. Шундагина минглаб ёшларнинг келажаги, оилаларнинг осойишталиги таъминланган бўлади.
А.Норқўзиев
Ғаллаорол туманлараро иқтисодий судининг раиси