“9 декабр – Бутунжаҳон коррупцияга қарши курашиш куни”
Маълумки, коррупция - давлат ва жамиятнинг ривожига, халқлар ва миллатларнинг адолат ва қонун устуворлигига бўлган ишончига, умидига путур етказадиган хавфдир, халқаро миқиёсидаги коррупция хавфининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида дунё мамлакатларида - коррупция муаммосини тубдан тушуниш ва коррупцияга қарши курашишнинг аҳамиятини ошириш мақсадида халқаро хужжат қабул қилиш зарурияти юзага келди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2003 йил 21 ноябрдаги 53-сессиясида қабул қилинган резолюциясига мувофиқ, 2004 йилдан бошлаб “9 декабрь – Бутунжаҳон коррупцияга қарши курашиш куни” сифатида нишонланиши белгиланди. Ушбу конвенцияни тан олган, аъзоси ҳисобланган давлатларда ўз қонунчиликларига ва уни бузмаган холда турли тадбирлар ва акциялар уюштирилади, плакат ва тарқатма материаллар чоп этилади, Аммо Резолюцияда ушбу куни кенг нишонлаш, маълум тадбирларни ўтказиш бўйича унга қўшилган давлатларга хеч қандай мажбурият қўйилмаган. Бу эса албатта Резолюциянинг ўзига хослигидир.
Юртимизда ҳам халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва миллий қонунчилик асосида, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ташкилий-ҳуқуқий механизм асослари яратилмоқда. Ўзбекистоннинг 2008 йили БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига, 2010 йили Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракат режасига қўшилиши – коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини яратишда муҳим қадам бўлди.
Амалий ишларнинг натижаси сифатида қонунчилик базасини мустаҳкамлашга қаратилган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”, “Электрон ҳукумат тўғрисида” ва “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашнинг асоси ҳисобланган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунинг 2017 йил янаврда қабул қилиниши – давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши куч ва имкониятларини бирлаштириб, яхлит тизимни яратиш имконини берди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги №ПФ-5729-сонли “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва 2020 йил 29 июнь кунги ПҚ -4761-сонли “Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, ушбу иллатга қарши аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш керак, коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинган ҳар бир меъёрий хужжат Юртимизнинг эртанги коррупциясиз ҳаётига қўйилаётган катта қадамлардир.
Анвар Норқўзиев
Ғаллаорол туманлараро
иқтисодий суди раиси
Сирожиддин Қувватов
Жиззах вилоят суди судьяси