Халқ депутатлари Ғаллаорол туман Кенгашининг еттинчи чақириқ биринчи сессияси бўлиб ўтди.
Унда туман сайлов комиссияси раиси Жўрабек Агатовнинг жорий йил 27 октябрда бўлиб ўтган сайлов якунлари тўғрисидаги ахбороти тингланди.
Шунингдек, сессияда халқ депутатлари Ғаллаорол туман Кенгашига сайланган депутатларнинг партия гуруҳлари рўйхатдан ўтказилиб, туман Кенгашининг Регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Сессияда иштирок этган вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Савурбаев Жиззах вилояти ҳокими томонидан Ғаллаорол тумани ҳокими лавозимига Оқбоев Жалолитдин Жамолович номзоди кўрсатилганлигини билдирди.
Шундан сўнг туман ҳокимлигига номзод Оқбоев Ж.Ж. ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ўтган даврда амалга оширилган ишлар, ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар билан биргаликда туманни “2025-2029 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш” дастури билан йиғилганларни таништириб ўтди.
Сессия кун тартибидаги масалалар юзасидан депутатлар О.Мамиров, И.Равшанов, Ш.Умаровлар сўзга чиқиб, мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.
Оқбоев Жалолитдин Жамолович Ғаллаорол тумани ҳокими лавозимига депутатлар томонидан бир овоздан тасдиқланди.
Шунинг билан халқ депутатлари Ғаллаорол туман Кенгашининг еттинчи чақириқ биринчи сессияси якунланди.
Ғаллаорол тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати