Кредит шартномасига оид ишлар судда кўриш тартиби
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 27.02.2024 йилдаги ЎРҚ-914 сонли Қонун имзоланди, унга кўра айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, Фуқаролик кодексига қуйидагиларни кўзда тутувчи ўзгартиришлар киритилди:
- тўлов суммаси қарз олувчи жисмоний шахсга ёки қарз олувчи тадбиркорлик субъектига ажратилган микроқарз ёки кредит бўйича мажбуриятларни бажариш учун етарли бўлмаган тақдирда, биринчи навбатда асосий қарзнинг узилишини таъминлаш;
- ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, фоизлар ва неустойкани ҳисоблашни тўхтатиш.
Бунда қарз олувчининг қарзи қуйидаги навбатда қопланади:
- асосий қарз бўйича муддати ўтган қарздорлик ва муддати ўтган фоиз тўловлари мутаносиб равишда;
- жорий давр учун ҳисобланган фоизлар ва жорий давр учун асосий қарз бўйича қарздорлик;
-неустойка (жарима, пеня);
-кредиторнинг қарздорликни узиш билан боғлиқ бўлган бошқа харажатлари.
Шунингдек, “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги Қонунга микроқарзнинг энг юқори миқдори 50 млн сўмдан 100 млн сўмгача оширилишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилди.
Ушбу Қонун кредит олувчилар учун қўшимча қулайликлар яратишга ва аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилишлиги тушунтириб ўтилди.
Жиззах вилояти Фуқоролик ишлари бўйича
Ғаллаорол туманлараро суди раиси
Ғайрат Норқўзиевич Усанов.