Қонунчиликларга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалардан хабарингиз борми?
Барчамизга маълумки, 2023 йил 11 сентябрь Президентимиз томонидан “Ўзбекистон — 2030 Стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Қорор ПҚ-300-сонли қарори қабул қилиниб, ушбу қарорнинг энг асосий вазифаларидан бири бўлиб ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш, «хавфсиз ва тинчликсевар давлат» тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш белгилаб олинди.
Бунинг натижасида «Янги Ўзбекистон — янги суд» принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш, инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлаш, фуқароларга бир қанча қулайликлар яратиш ва фуқароларнинг сарсон бўлишларининг олдини олиш мақсадида, айрим қонун ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб борилмоқда.
Жумладан, 2023 йил 25 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-887-сонли қонуни қабул қилиниб, бунинг натижасида қонунчиликда янги тафтиш институти жорий қилинди.
Ушбу қонун қабул қилиниши муносабати билан фуқароларга суд қарорларидан норози бўлган тақдирда унинг устидан шикоятлар бериш тартиби ўзгартирилди.
Авваллари суднинг ҳал қилув қарорлари юзасидан бир ой муддат ичида апелляция тартибида шикояти бериши назарда тутилган бўлса, янги қабул қилинган қонунга кўра энди апелляция тартибида шикояти бериш муддати ўтказиб юборилганда биринчи инстанция суд қароридан норози тарафлар суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой муддат ичида кассация тартибида шикоят бериши мумкинлиги белгиланди.
Шунингдек, кассация тартибида шикоят бериш муддати ўтказиб юборилганда шикоят бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддат суд томонидан узрли деб топилса, кассация тартибида шикояти бериш муддати шикоят бераётган шахснинг илтимосномасига кўра кассация инстанция судининг судьяси томонидан тикланиши мумкинлиги белгиланди.
Бундан ташқари суд ҳужжатларини тафтиш тартибида қайта кўриш институти жорий этилиб, биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ҳал қилув қарорлари, ажримлари устидан ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар, прокурор иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек ишда иштирок этувчи шахсларнинг, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахсларнинг мурожаатлари мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари, вилоят прокурори, унга тенглаштирилган прокурорлар ва уларнинг ўринбосарлари томонидан тафтиш тартибида шикоят (протест) берилиши белгиланди.
Тафтиш шикояти вилоят судининг номига йўлланилиши, бироқ ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилиши ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда шикоятни ишни тафтиш тартибида кўрадиган судга иш билан бирга юбориши шартлиги белгиланган.
Жиззах вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича
Жиззах туманлараро суди девонхона мудири Ш.Наркузиев