Телефонлар:
(0372) 432-13-34
(0372) 432-12-88
» » Тўланмаган кредит ундириладиган бўлди

Тўланмаган кредит ундириладиган бўлди

21 октябрь 2021 йил
606
0

Бугунги янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида фуқароларга банклардан кредит олиш орқали ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва моддий имкониятини яхшилаш мақсадида бир қатор имкониятлар яратилиб, имтиёзли кредитлар ажратилмоқда.

Албатта бу жараён тарафлар ўртасида имзоланадиган кредит шартномасини расмийлаштириш орқали амалга оширилади. Мазкур шартнома шартлари ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаслиги тарафларга бир қатор ноқулайликларни юзага келтириши барчамизга маълум.

ЧЭКИ “Hamkorbank” АТБ Жиззах филиали ва кредит олувчилар Н.Б ва Х.А (жавобгарларнинг фамилияси ва исми ўзгартирилган) ўртасида имзоланган ана шундай кредит шартномаси шартларининг лозим даражада бажарилмаганлиги оқибатида юзага келган низо судгача бориб етди.

ЧЭКИ “Hamkorbank” АТБ Жиззах филиали билан Н.Б ўртасида 2018 йил 11 сентябрда тузилган 1495-сонли кредит шартномасига асосан Н.Бга микроқарз учун 36 ой муддатга йиллик 36 фоиз устама тўлаш шарти билан 8.000.000 сўм кредит ажратилган. Кредит қайтарилиши таъминоти сифатида ЧЭКИ “Hamkorbank” АТБ Жиззах филиалига Х.Анинг кафиллиги тақдим қилинган.

Тарафлар ўртасида имзоланган кредит шартномасининг 3.1.1-банди ва ушбу кредит шартномасининг ажралмас қисми ҳисобланган кредитни сўндириш графигига кўра, жавобгар Н.Б 2018 йил 11 сентябрдан бошлаб ҳар ойнинг 5 санасига қадар кредитнинг асосий қисмидан белгиланган суммани ҳамда ҳисобланган фоиз тўловларини тўлаб бориши белгиланган ва шарноманинг ушбу шарти тарафларга маълум бўлсада қарз олувчи Н.Б томонидан шартноманинг ушбу шартларига риоя қилинмасдан мунтазам равишда шартнома шартлари бузиб келинган.

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 236-моддасига мувофиқ, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса — иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

Бироқ жавобгар Н.Б мунтазам равишда шартнома шартларида белгиланган муддатларда тўловларни амалга оширмаган, даъвогар судга даъво ариза билан мурожаат қилган вақт Н.Бнинг тўлов муддати ўтган кредит асосий қарзи 2.096.006,05 сўм, ҳисобланган муддати ўтган фоиз қарзи 1.216.956,33 сўм, муддатли асосий кредит қарзи 2.733.223,19 сўм, ҳисобланган пеня 225.560,02 сўм жами 6.271.745,59 сўм қарздорлиги мавжуд бўлган.

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 736-моддаси 2-қисми талабига кўра, агар қарз шартномасида қарзни қисмлаб (бўлиб-бўлиб) қайтариш назарда тутилган бўлса, қарз олувчи қарзнинг навбатдаги қисмини қайтариш учун белгиланган муддатни бузган тақдирда, қарз берувчи қарзнинг қолган барча суммасини тегишли фоизлар билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли.

Шунингдек мазкур кодекснинг 293-моддасида қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб беришлари назарда тутилган.

Суд иш ҳолатларини ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, тарафлар ўртасида кредит шартномаси ва кафиллик шартномасининг имзоланганлигини, жавобгар кредит ва фоизларини қайтариш графигида белгиланган муддатларни мунтазам бузиб келганлигини, ушбу ҳолат тарафлар ўртасида низо келиб чиқишига сабаб бўлганлигини, кредит шартномаси ва қонун талабига асосан банкнинг кредитни муддатидан олдин талаб қилиш ҳуқуқини вужудга келтиришини, жавобгарлар кредит қарздорликни қоплаш чорасини кўрмаганлигини инобатга олиб, даъвони қаноатлантириб, жавобгарлардан солидар тартибда жами 6.271.745,59 сўм қарздорликни ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилди.

Хулоса қилиб айтганда ушбу ҳолат, кредитор ва қарз олувчи ўртасида имзоланган кредит шартномаси шартларига риоя қилган ҳолда кредит тўловлари ва фоизларини ўз вақтида тўлиқ тўлаб борилишини тақозо этади.

Эрмамат Эгамбердиевич Тожибоев

Фуқаролик ишлари бўйича

Жиззах туманлараро суди судьяси

 

Ғайрат Норқузиевич Усанов

Фуқаролик ишлари бўйича

Жиззах туманлараро суди судьяси

Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар