“Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жиноятлари тушунчси, салбий оқибатлари”
Республикамизда кенг тармоқли транспорт тизими барпо этилган бўлиб, у мамлакат ичкарисида ва ташқарисида юк ҳамда йўловчилар ташишни, яқин ва олис хорижий мамлакатлар билан иқтисодий алоқаларни таъминлайди. Шу билан бирга транспорт воситаларининг купайиши уларни бошқариш вақтида хавфсизлик чораларига риоя қилишга янада масъулият билан ёндашишни талаб қилмоқда. Зотан, транспорт воситалари билан боглиқ ҳолда содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар таҳлили ҳайдовчилар томонидан ҳамма вақт ҳам хавфсизлик чораларига риоя қилинмаётганидан далолат бермоқда. Бу эса жамиятимизга, аниқроги, фуқароларимиз ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириши аниқ.
Жиноят кодексининг 266-моддаси бўйича қўзгатилган жиноят ишларининг тахлили шуни кўрсатмоқдаки, жиноий жавобгарликка тортилган шахслар асосан маст, жисмонан чарчаган ҳолатда (кўпроқ такси ҳайдовчилари) ёки тезликни ошириш натижасида жиноят содир бўлишига имконият яратилган. Айниқса, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини ҳаракат тезлигини меъёридан ошириши натижасида кўпроқ йўл транспорт ҳодисаси содир бўлишига сабаб бўлмоқда.
Бугунги кунда транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жиноятини батамом тугатиш, уларнинг содир этилишига олиб келувчи омилларни тўлиқ бартараф этиш имконияти йўқлиги ҳаммага аён. Ҳатто энг ривожланган давлатларда ҳам транспорт воситалари билан боғлиқ жиноятлар буткул тугатилмаган. Аммо бу турдаги жиноятларнинг сонини камайтириш, олдини олиш имкониятлари мавжуд.
Йўл-транспорт ҳодисаси содир этилишида, жумладан, ҳаракатланиш тезлигини оширганлиги натижасида, ҳайдовчиларнинг айбдорлиги ёки айбсизлиги масаласини ҳал этишда “Йўл ҳаракати қоидалари” нинг XI-банди талабларидан келиб чиқиш лозим бўлиб, унга кўра, ҳайдовчи транспорт воситасини белгиланган чекланган тезликдан оширмасдан ҳаракатнинг серқатновлигини, транспорт воситаси ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароитини, хусусан, ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олган ҳолда бошқариши керак.
Шу талабдан келиб чиқиб, ҳаракатланиш учун хавф пайдо бўлганда, агар ҳайдовчида буни пайқаши имконияти бўлса, у транспорт воситасини тўхтатиш даражасигача тезликни камайтириш чораларини кўриши лозим.
ЖК нинг 266-моддаси бўйича жиноий жавобгарлик, фақат, ҳайдовчида йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш учун техник имконият мавжуд бўлганда ва унинг ҳуқуққа хилоф хатти-ҳаракатлари билан келиб чиққан оқибатлар ўртасида сабабий боғланиш мавжудлиги аниқланган тақдирда келиб чиқади.
Ҳайдовчиларда йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш учун техник имконият бор-йўқлиги масаласини ҳал этишда, ҳаракатланиш учун хавф пайдо бўлган пайт, ҳар бир муайян ҳолатда, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгунга қадар йўлда мавжуд бўлган вазиятни инобатга олган ҳолда аниқланишидан келиб чиқиш лозим. Ҳаракатланиш учун хавф пайдо бўлган вақт, ҳайдовчи уни пайқай олиши учун объектив имкониятга эга бўлган пайтдан бошлаб ҳисобланади.
Агар ҳайдовчи йўл-транспорт ҳодисасини содир этишда айбдор бўлмаса, бироқ, жабрланувчининг ҳаёти ёки соғлиғи унинг иштирокида содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида хавф остида қолдирилган бўлса, ҳайдовчи томонидан жабрланувчига ёрдам кўрсатишга доир “Йўл ҳаракати қоидалари” нинг 13-бандида белгиланган мажбуриятларни бажарилмаганлиги ЖКнинг 117-моддаси тегишли қисми бўйича жавобгарликка сабаб бўлади.
Ҳаёти ёки соғлиги хавф остида қолган шахсга била туриб ёрдам кўрсатмаслик деганда, транспорт воситаси ҳайдовчиси жабрланувчи ёшлиги, кексалиги, касаллиги ёки ожиз аҳволда бўлганлиги сабабли мустақил равишда тиббий ёрдам сўраш имкониятига эга эмаслигини, унинг ҳаёти ёки соғлиги учун хавф мавжудлигини англаган, бироқ унга зарур ёрдам кўрсатмаган (масалан, ҳайдовчи ҳодиса жойидан яширинган, биринчи тиббий ёрдам кўрсатмаган, тез тиббий ёрдам чақирмаган, жабрланувчини яқин орадаги даволаш муассасасига олиб бормаган ва шу каби) ҳоллар тушунилиши лозим.
Ҳаёти ёки соғлиги хавф остида қолган жабрланувчига била туриб ёрдам кўрсатмаслик мотивлари, шунингдек, ҳайдовчининг бошқа шахслар томонидан ёрдам кўрсатилиши мумкинлиги ҳақидаги важлари айбдорнинг ҳаракатларини квалификация қилишга таъсир этмайди.
А.Норбеков
Жиноят ишлари бўйича
Ғаллаорол туман судининг раиси