Телефонлар:
(0372) 432-13-34
(0372) 432-12-88
» » СУДЬЯЛАР МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ АСОСИЙ КАФОЛАТЛАРИ

СУДЬЯЛАР МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ АСОСИЙ КАФОЛАТЛАРИ

27 октябрь 2022 йил
328
0

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 112-моддасида судьялар мустақил эканлиги, фақат қонунга бўйсунишлари, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши каби муҳим нормалар билан мустаҳкамлаб қўйилган.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида Конституцияда назарда тутилган судьяларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсуниши тамойилини амалга оширишга қаратилган қатор қонунларимиз қабул қилинди. 1994 йилда қабул қилинган Жиноят кодекси, Жиноят процессуал кодекси, Маъмурий жавоб-гарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда 1997 йилда қабул қилинган Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларини, “Судлар тўғрисида”ги қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор фармон ва қарорлари ва Ҳукумат қарорларини келтириш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг
63-моддасида судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш белгилаб қўйилган. Унга кўра, судьяларнинг мустақиллиги қуйидагилар орқали таъминланади:

уларни қонунда белгиланган тартибда лавозимга сайлаш, тайинлаш, судьялик ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш;

судьянинг дахлсизлиги;

одил судловни амалга оширишдаги қатъий тартиб-таомил;

қарорларни чиқариш чоғида судьялар маслаҳатлашувининг сир тутилиши ва уни ошкор қилишни талаб этишнинг тақиқланиши;

судьяга ҳурматсизлик қилганлик, одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятга аралашганлик ва судьянинг дахлсизлигини бузганлик учун қонунда белгиланган жавобгарлик;

судьяга давлат ҳисобидан унинг юксак мақомига муносиб моддий ва ижтимоий таъминот бериш.

Судьянинг мустақиллигини чеклайдиган қонунчилик ҳужжатлари қабул қилишга йўл қўйилмайди.

Судья, унинг оила аъзолари ва уларнинг мол-мулки давлатнинг алоҳида ҳимоясида бўлади.

Бундан ташқари ушбу қонуннинг 64-моддасида судьянинг дахлсизлиги белгилаб қўйилган. Унга қўра, судьянинг дахлсизлиги унинг турар жойига, хизмат хонасига, у фойдаланадиган транспорт воситаси ва алоқа воситаларига, хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга тааллуқлидир. Судьяларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш мақсадларида уларга Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича сақлаш, олиб юриш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи билан хизмат қуроли ҳамда шахсий ҳимоя воситалари берилади. Зарур ҳолларда тегишли суд раисининг қарорига биноан ички ишлар органи судья ва унинг оиласи учун қуролли соқчилар ажратади.Судьяга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.Судья Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосаси олинмасдан ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши мумкин эмас.Судья тегишли судьялар малака ҳайъатининг хулосаси олинмасдан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисининг судьялар дахлсизлигини бузганлик ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик фактлари тўғрисидаги тақдимномаси прокуратура органлари томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси кўрсатилган фактлар бўйича жиноят иши қўзғатилганлиги ёки қўзғатилиши рад этилганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига хабар беради. Судьяни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга фақат тегишли судьялар малака ҳайъатининг розилиги билан йўл қўйилади. Судьяга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси фақат унга нисбатан ўта оғир жиноят ёки одам ўлимига сабаб бўлган қасддан бошқа жиноят содир этганликда айб қўйилган ҳолларда қўлланилиши мумкин. Мазкур қоида судья сифатида ишлаган даврида шундай жиноят содир этганликда айбланаётган собиқ судьяга нисбатан ҳам қўлланилади. Судья ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилиниб ушлаб турилган тақдирда, бу ҳақда ушлаб туриш учун асос бўлган ҳужжатлар кўчирма нусхалари илова қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига у ушланган пайтдан эътиборан уч соатдан кечиктирмасдан хабар қилиниши шарт. Судьянинг турар жойига ёки хизмат хонасига, фойдаланадиган транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, уларда тинтув ўтказиш ёки улардан ашёни олиш, унинг телефондаги сўзлашувларини эшитиш, судьяни шахсан кўздан кечириш ва уни шахсий тинтув қилиш, шунингдек унинг хат-хабарларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш, олиб қўйиш ёхуд олиш фақат суднинг қарорига биноан ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг рухсати билан амалга оширилиши мумкин. Судьяга нисбатан жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди судловига тегишлидир. Судда ўз вазифаларини бажараётган даврда халқ маслаҳатчиларига судьялар дахлсизлигининг барча кафолатлари татбиқ этилади.

Сўз сўнгида шуни таъкидлаш жоизки, жамиятимизда суд органларининг нуфузини ошириш, судьяларнинг чинакам мустақиллигини ва фақат қонунларга асосланиб иш юритишини таъминлаш мамлакатимиз Конституцияси ва шу асосда қабул қилинаётган қонунлар муҳим аҳамият касб этади. Зеро, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришдаги муҳим шартлардан бири ҳисобланади.

Жиззах вилоят маъмурий суди судьяси

 Тўрабек Қодирқулов

Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар