Янги Қонун-суд ҳокимиятини чинакам мустақиллигини таъминлаш асосидир
Мамлакатимизда Сўнгги йилларда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, суд ишлари юритилишини такомиллаштириш, фуқаролар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд томонидан ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Ушбу ислоҳотлар эса ўз-ўзидан олдин қабул қилинган бир қатор қонунларни янгитдан қабул қилинишига ва суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш зарурлигини тақозо этмоқда. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида таъкидлаганларидек, суд-ҳуқуқ соҳасига доир асосий қонун ва кодекслар бундан деярли 20-25 йил олдин қабул қилинган бўлиб, ҳозирги давр талабларига жавоб бермайди. Шу сабабли парламент яқин йилларда Фуқаролик, Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижро, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларни янгитдан қабул қилиши мақсадга мувофиқдир. Бу борада, аввало, тергов ва суд амалиётига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор стандартларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш керак.
Қонунчиликни янгилашдан мақсад – фақат қонун қабул қилиш эмас, аксинча, янги қонунлар эртага одамларга қандай амалий наф бериши, уларнинг ҳаётини қандай енгиллаштириши ҳақида бош қотиришдан иборат бўлмоғи лозим.
Айниқса, 2021 йилда амалга оширилган суд тизимидаги ўзгаришлар, жиноят, иқтисодий, фуқаролик, маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида халқаро тажрибада синалган, умумэътироф этилган дунёда энг мақбул ҳисобланган «Бир суд – бир инстанция» тамойилини жорий қилиниши, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни яратиш, судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технологияларини изчил жорий қилиш, судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш ҳамда суд тизимида аниқланган ҳар қандай коррупциявий ҳаракатни муросасиз ҳолат деб баҳолаш, судьяларнинг касбий малакаси, маънавияти ва масъулиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали юксак профессионал судьялар корпусини шакллантириш орқали судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суд тизимидаги коррупция ҳолатларини барвақт олдини олиш қаратилган улкан вазифалар “Судлар тўғрисида”ги қонунни ҳам янгидан қабул қилиш заруриятини келтириб чиқарди.
Шу муносабат билан “Судлар тўғрисида”ги янги қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 15 июнда қабул қилинган эди. Сенат томонидан эса 2021 йил 26 июнда маъқулланди ва 28 июлда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланди.
Қонун 14 боб, 101 моддадан иборат бўлиб, унда асосан судларнинг тузилмаси, туман (шаҳар), туманлараро, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар, Олий суд, суд ҳайъатлари, Олий суд Раёсати ва Пленуми ваколатлари доираси, судья мустақиллигини асосий кафолатлари, судьяларнинг ҳуқуқий мақоми, судьялик лавозимига номзод ва судьяга қўйиладиган талаблар, шунингдек судьяларни, судларнинг раислари ва раис ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) тартиби, суд тизимида ташкилий-таркибий ўзгартиришлар, судьялик ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш асослари ва тартиби, судьяларнинг моддий таъминоти ва уларни ижтимоий ҳимоялаш чоралари қатъий белгилаб қўйилди.
1-моддада Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимиятларидан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти фақат судлар томонидан амалга оширилади. Ҳеч қайси бошқа органлар ва шахслар суд ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириб олишга ҳақли эмас. Шунингдек, мазкур қонун судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Қонунга кўра, барча судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади. Суд мажлиси залида ҳозир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залида қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкин. Одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади.
Ҳужжатда, Ўзбекистонда суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади. Олий суд қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга этиб белгиланди.
Шу билан бирга, 35 ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкинлиги белгиланди. Судья биринчи марта 5 йиллик муддатга, навбатдаги 10 йиллик муддатга ва лавозимда бўлишнинг муддатсиз даврига белгиланган тартибда сайланади ёки тайинланади. Олий суд судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёшни, бошқа судлар судьялари учун 65 ёшни ташкил этади.
Қонунда судяларга зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ижтимоий ҳимояси масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, уй-жойга муҳтож бўлган судья маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда суд жойлашган ерда хизмат турар жойи билан таъминланади. Судья унга доимий яшаш учун белгиланган тартибда турар жой берилгунга қадар турар жой арендаси, ижараси (иккиламчи ижараси) билан боғлиқ харажатлари компенсация қилиниши ҳуқуқига эга.
Ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган даврда ёхуд бошқа иш берилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади. Судьяларга уларнинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади, Таъкидлаш жоизки, мазкур қонунда белгиланган нормалар суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг судлар фаолиятига ишончини мустаҳкамлаш ҳамда судлар фаолиятини очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, судьяларни ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Жиззах вилоят суди судьяси Ш.Худояров
Жиноят ишлари бўйича
Ғаллаорол туман суди раиси У.Хидирбоев