Телефонлар:
(0372) 432-13-34
(0372) 432-12-88
» » Янги қонун билан «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилди»

Янги қонун билан «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилди»

17 февраль 2022 йил
282
0

Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча жабҳадаги ислоҳотлар қонунчилигимизда ҳам бир қатор ўзгаришлар амалга ошириш вақти келганлигини кўрсатиб турибди. Бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган ва тезкор суратларда ўсишда давом этаётган иқтисодиёт ҳамда барча соҳаларни қамраб олаётган рақамли технологиялар ва комуникациялар асрида амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш, унга зарурий ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси ва заминини яратиш заруратини туғдирмоқда.

Мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси сифатида қатор қонунлар қабул қилиниб, яна бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиб борилмоқда. Жумладан Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 9 февралда қабул қилинган ЎРҚ-752-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги 938-XII-сонли Қонунига қуйидаги ўзгартишлар ва қўшимча киритилди.

15-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Ногиронлик пенсиялари қонунчиликда белгиланган тартибда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар деб топилган шахсларга, шунингдек Чернобиль АЭСдаги авария туфайли майиб бўлиш ёки касаллик оқибатида III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар деб топилган шахсларга тайинланади»;

19-модданинг: учинчи қисми «а» банди қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«а) болалар, ака-укалар, опа-сингиллар ва набиралар 18 ёшга тўлмаган бўлса ёки 18 ёшдан катта бўлса, агар улар 18 ёшга тўлгунига қадар ногиронлиги бор бола бўлиб қолган бўлса. Бунда башарти, агар ака-укалар, опа-сингиллар ва набираларнинг меҳнатга қобилиятли ота-онаси бўлмаса»;

тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Таълим ташкилотларининг ўқувчилари ва талабалари ўқишнинг бутун даври давомида, бироқ 23 ёшга тўлгунига қадар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга»;

3) 37-модда биринчи қисмининг: «д» банди қуйидаги таҳрирда баён этилди;

«д) I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга ёки 18 ёшгача бўлган, ногиронлиги бор болага, шунингдек (даволаш муассасасининг хулосасига кўра) ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган қарияларга қараб турилган вақт»;

«ж» бандидаги «кўпи билан 3 йил» деган сўзлар «кўпи билан 6 йил» деган сўзлар билан алмаштирилди;

4) 47-модда: қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилди:

«Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган тартибда карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши муносабати билан чекловчи чоралар (карантин) жорий этилганда, агар фуқаролар чекловчи чоралар (карантин) даврида ёки улар тугатилгандан кейин пенсия тайинлашни сўраб бир ой ичида мурожаат қилган бўлса, уларга пенсия уни олиш ҳуқуқи юзага келган кундан эътиборан тайинланади»;

иккинчи ва учинчи қисмлари тегишинча учинчи ва тўртинчи қисмлар деб ҳисобланади;

5) 53-модда чиқариб ташланди;

6) 58-модданинг иккинчи қисми чиқариб ташланди;

7) 66-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Ушбу Қонунга мувофиқ тайинланган пенсияларни тўлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасини шакллантириш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги билан белгиланади. Пенсияларни тўлаш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан трансфертлар ажратилиши мумкинлиги» белгиланди.

Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган 161-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 234-моддасининг бешинчи қисмидаги «уч йил» деган сўзлар «олти йил» деган сўзлар билан алмаштирилди.

Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган 163-I-сонли ва 1996 йил 29 августда қабул қилинган 256-I-сонли қонунлари билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 565-моддасига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимча киритилди:

иккинчи қисмдаги «учинчи қисмида» деган сўзлар «учинчи ва тўртинчи қисмларида» деган сўзлар билан алмаштирилди;

қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилди:

«Автомототранспорт воситалари электрон савдо платформаси воситасида электрон онлайн-аукцион орқали ижарага берилганда ижарага бериш шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлаш талаб этилмайди. Бунда электрон онлайн-аукцион натижаларига кўра расмийлаштирилган баённома ижара шартномаси кучига эга бўлади».

Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги 712-II-сонли Қонуни 9-моддасининг биринчи қисмига қуйидаги қўшимча ва ўзгартиш киритилди:

қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилди:

«хўжалик шартномалари доирасида юзага келадиган енгиб бўлмас куч (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлайди, бундан ташқи савдо битимлари ва халқаро шартномалар шартларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юзага келган енгиб бўлмас куч (форс-мажор) ҳолатлари мустасно»;

олтинчи ва еттинчи хатбошилар тегишинча еттинчи ва саккизинчи хатбошилар деб ҳисобланди.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-599-сонли Қонуни билан янги таҳрирда тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига қуйидаги ўзгартишлар киритилди:

учинчи қисмнинг биринчи хатбошисидаги «2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар» деган сўзлар «2021 йил 1 майдан 2022 йил 30 апрелга қадар» деган сўзлар билан алмаштирилди;

тўққизинчи қисмдаги «2021 йилнинг 10 октябридан 31 декабрига қадар» деган сўзлар «2021 йил 10 октябрдан 2022 йил 30 апрелга қадар» деган сўзлар билан алмаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш, давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишини таъминлаш вазифаси юкланган бўлиб, ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради, ушбу Қонун 2-моддасининг амал қилиши «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг янги Меҳнат кодекси кучга киргунига қадар сақланиб қолади.

Ушбу Қонун 5-моддасининг қоидалари 2022 йил 1 январдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Жиноят ишлари бўйича

Ғаллаорол туман суди раиси У.Хидирбоев


Туман суди судья ёрдамчиси О.Анкаев

Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар