Телефонлар:
(0372) 432-13-34
(0372) 432-12-88
» » ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ЯШИЛ МАКОНДА БИРГА ЯШАЙЛИК! ҒАЛЛАОРОЛ ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ ТУМАН АҲЛИГА МУРОЖААТИ

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ЯШИЛ МАКОНДА БИРГА ЯШАЙЛИК! ҒАЛЛАОРОЛ ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ ТУМАН АҲЛИГА МУРОЖААТИ

18 октябрь 2023 йил
76
0

Табиатни асраш учун барчамиз масъулмиз !

Қадрли Ғаллаоролликлар

Она замин бизнинг ягона уйимиз. Биз кундалик эхтиёжимиз учун зарур бўлган жамики нарсаларни шу заминдан оламиз. Шундай экан табиатни асраб авайлаш, унга тўғри муносабатда бўлиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Кейинги йилларда табиатга нисбатан нотўғри ёндашув, зарарли чиқиндиларнинг кўпайиши, ер ва сувдан нотўғри фойдаланиш натижасида инсоният келажаги учун катта экологик хавф юзага келаётганлиги хеч биримизга сир эмас.

Инсониятни ва барча тирик жонзотларни кислород билан таъминловчи асосий манба бўлган ўсимликлар дунёсига нисбатан нотўғри муносабат сабабли уларнинг сони қисқариб бораётганлиги экологик муаммоларни келтириб чиқаришга, иқлимнинг кескин ўзгаришларига сабаб бўлмоқда.

Илмий кузатувлар натижасида олимларимиз берган маълумотларга кўра сайёрамизда 1990 йилдан бошлаб 178 миллион гектар ўрмонлар йўқ бўлиб кетган, унчалик баланд бўлмаган ўсимликлар билан қопланган ер майдонлари 1,4 фоизга камайганлиги аниқланган.

Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) минбаридан инсоният ҳаётига таҳдид солаётган учта инқироз – иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланишини бартараф этишга доир муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Бу ташаббусларнинг амалий ижроси сифатида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда бошланган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси мамлакатимизда иқлим ўзгаришининг олдини олишда энг муҳим омиллардан бири бўлиб, лойиҳа доирасида кейинги беш йилликда республикамизда бир миллиард туп кўчат экилади. Келажакда ушбу кўчатларнинг 80 фоизи, яъни, 800 миллиони ўсиб-ривожланса, аҳоли жон бошига 20 тупдан зиёд дарахт тўғри келади.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 11 октябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мазкур масала бўйича бир қатор муҳим таклифлар билдириб, устувор вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, 25 октябрдан 1 декабрга қадар юртимизда “Кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди. Доимо она табиат билан уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, атроф-муҳит софлиги ва барқарорлигини сақлашга интилиб келадиган кўпмиллатли халқимиз номидан биз Президентимизнинг ана шу ташаббусларидан руҳ олиб, барчангизни, бутун эл-юртимизни “Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” деган олийжаноб ғояни қўллаб-қувватлашга чақирамиз.

Азиз Ғаллаоролликлар!

Туманимизнинг меҳнаткаш ва фидойи деҳқонлари, умрининг мазмунини ҳалол меҳнатда деб биладиган боғбонларимиз билан биз ва туманимиз халқи хақли равишда фахрланамиз. Инсонларга яхшилик қилиш, ўзидан яхши ном қолдириш,  меҳр-саҳоват кўрсатиш ўзбек халқининг энг улуғ миллий қадриятларидан биридир.

Шундай экан, миллий қадриятларимизга содиқ қолган ҳолда, оилада фарзанд дунёга келганида унга атаб кўчат экиш, ҳашар йўли билан боғ-роғлар яратиш, иморатлар атрофини кўкаламзорлаштириш каби эзгу анъаналаримизга ҳамоҳанг тарзда ҳар бир хонадон томонидан 20 туп кўчат экиш ва ўстириш ташаббусини илгари сурамиз ва қўллаб-қувватлаймиз.

 

Ҳурматли туманимиз фаоллари!

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, мазкур лойиҳа доирасида ҳар йили туманимизда 1 миллион 293 минг туп дарахт ва бута кўчатларини экишни мақсад қилганмиз. Бундай кенг кўламли ташаббуснинг амалга оширилиши натижасида туманимиздаги яшил майдонлар ҳудуди ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошади. Йўл, сой ва ариқлар ёқаларида яшил ҳудудлар пайдо бўлади. Мақсад табиатда яшилликни кўпайтириш, об-ҳавонинг тозалиги, иқлим мўътадиллигини сақлаш, боғдорчилик маҳсулотларининг мўллигини таъминлашдир.

Жорий йилнинг баҳор мавсумида туманимизда 754.8 минг дона дарахт, бута кўчатлари ва қаламчалари экиш режалаштирилган эди.

Мавсум давомида туманимиз аҳли ва фаолларининг саъй-ҳаракати билан 824.8 минг (109.3 фоиз) кўчатлар экилди. Шундан ижтимоий соҳа объектларида 91.7 минг, автомобил йўллари ёқасида 12.018 минг, ободонлаштириш объектларида 138.2 минг, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларида 135.1 минг, фермер хўжаликлари экин майдонлари четларида 248.1 минг, ихота сифатида 42.8 минг ҳамда маҳаллалар ҳудудларида 156.6 минг туп кўчатлар экилиб парваришланмоқда.

Айни пайтда, туманимиз маҳаллаларида, кўча ва гузарларда бўш турган, дарахт экилмаган жойлар бор. Эндиги вазифамиз ушбу жойларни боғ-роғларга айлантиришда маҳалла аҳли бир жон, бир тан бўлиб, Президентимиз бошлаб берган ҳудуд ободлиги ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган “Яшил макон” умумиллий лойиҳани амалга оширишдан иборатдир. Бунинг учун ҳар бир маҳаллада “маҳалла боғлари”ни яратишимиз, яшил ҳудудларни кўпайтиришимиз, шахсий намуна сифатида дастлаб ўз хонадонимиз ва кўчамизни обод қилишимиз зарур.

Кўчатни экиш биринчи галдаги вазифа бўлса, уни ўсиш ва ривожланиш даврида  парваришлаш, вақтида сув бериш, пайҳон бўлишдан асраш маҳаллада яшовчи ҳар бир фуқаронинг бурчига айланмоғи лозим. Бунинг учун туманимизнинг барча ёшлари ва нуронийлари, маҳалла фаоллари жонбозлик кўрсатиши лозим. Маҳалла раиси ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори ва ёшлар етакчиси билан биргаликда экилган ҳар бир ниҳолнинг ҳисобини олиб, уларга маҳалла оқсоқолларини ва хонадон эгаларини масъул сифатида бириктириши зарур.

Муҳтарам нуронийлар!

Туманимиздаги ҳар қандай ҳайрли ва савобли ишлар Сизларнинг дуоларингиз билан бошланади. Сизнинг ҳаётий тажрибангиз, яхши ният ва тилакларингиз халқимиз кучига куч қўшади. Сизлар маҳаллаларда ёшларга бош бўлиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда, аҳоли томонидан кўчатларни намунали экишни ташкиллаштиришда фаоллик ва ташаббус кўрсатасиз, деб ишонамиз. Сизларнинг шахсий намунангиз, панду насиҳат, тавсия ва кўрсатмаларингиз барчамиз учун муҳим.
Туманимиздаги маҳалларларда Нуронийларимизнинг ҳар бири 1 тупдан кўчат экса, маҳаллаларда минглаб янги дарахтлар пайдо бўлади. Ёнингизга 10 нафар ёшни жалб қилсангиз, дарахтлар сони 10 баробарга ошади.

Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, томорқа ер эгалари!

Ердан самарали фойдаланиш, кўчат экиб, боғ яратишда сизлар учун кундалик ишдир, бу борада етарли тажриба орттиргансиз. Фермер хўжалиги ерларига баҳор мавсумида экилган 248.4 минг тупдан зиёд тут, ток, тол, ёнғоқ ва бошқа ниҳолларни кўнгилдагидай парваришламоқдасиз. Бу савобли ишларни давом эттириш учун кузги мавсумда ҳам ҳиммат камарини боғлаб, бошқаларга ўрнак бўладиган, уста деҳқон деган номни оқлайдиган палла келди.

1 декабрга қадар хўжалик ерларининг бўш турган жойлари ва дала четларига яна 78.0 минг туп кўчат экиб, парваришини бошлаб юборсангиз далангизнинг ҳар қаричи боғ-роғга айланади, қўшимча даромад қилиш имконияти яратилади.

Қадрли туманимиз зиёлилари, маданият ходимлари ва спортчилар!

Жонажон Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда сизларнинг фаол иштирокингиз юртимиз учун муҳимдир. Аввало ўз хонадонингиз, қолаверса, ўзингиз меҳнат қилаётган олий ўқув юрти, мактаб ва мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш муассасанинг гўзал, яшилликка бурканган масканга айланиши сизнинг қанчалик ўқимишли, маданиятли, жамиятнинг илғор инсонлари эканлигингиздан далолат беради.

Шунинг учун жорий йилнинг куз ойларида мактаб ва мактабгача таълим муассасалари бинолари атрофига 80.0 минг туп, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳовлиларига 8.0 минг туп дарахт кўчатлари экиш белгиланган.

Сизнинг ташаббускорлигингиз юртдошларимизда ҳавас ҳамда ватанпарварлик туйғуларини уйғотади. Шундай экан, юртимизда амалга оширилаётган кузги дарахт экиш мавсумида сизлардан янги-янги ташаббуслар, амалий ҳаракатлар ҳамда шахсий намуна кутиб қоламиз!

Мўътабар онахонлар, азиз опа-сингиллар!

Хонадонимиз, маҳалламиз файзу таровати сиз билан гўзал! Эрта баҳорда ҳовлингизнинг бир бурчагига анвойи гуллар экиб, парвариш қиласиз, хонадонингизга гўзаллик бағишлайсиз. Табиат ҳам она каби муқаддасдир! Она ва табиат тушунчалари бир-бирига уйғун ва ҳамоҳангдир.

Ўғил-қизларингизга бу тушунчаларни сингдириб, уларни ота-боболаримиз сингари боғу бўстонлар яратувчиси, она табиат ҳимоячилари бўлишга даъват этинг! Болажонларга ҳар бир сўзни ҳижжалаб ўргатганингиз каби, ниҳол экишни, уларга павариш қилиш кўникмаларини сингдиринг.

Маҳаллаларда “Оналар боғи” ташкил этилаётгани қувонарлидир. Бу ишларда маҳаллалардаги “Оқила аёллар” ҳаракатининг, “Бувижонлар мактаби”нинг ҳам муносиб ўрни бор. Жонажон Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшишингизга ишонамиз.

Азиз ёшлар!

Сизлар Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорларисиз! Халқимиз бугунги ёш авлоднинг ақл-заковати, ғайрат-шижоати, она Ватанга бўлган садоқатининг нақадар беқиёс эканлигини яхши билади ва Ватанимизнинг ёрқин келажагини фақат ёшлар билан тасаввур этади.

Она заминимизга меҳр беринг! Нурли келажак учун бугундан бошлаб ўз хонадонингиз, кўчангиз, маҳаллангизда ниҳолингизни экинг, ҳудудларда “Ёшлар боғи”ни ташкил этилиишда ташаббус кўрсатинг!

Сиз, Ўзбекистон фарзандисиз, сизнинг ҳиссангиз – бу ота-онангиз, маҳаллангиз ва бутун халқимизнинг фаровонлиги учун хизмат қилишини асло унутманг.

Азиз юртдошлар!

Дарахт экиш ва уни парваришлашни шунчаки мажбурият эмас, Ватан олдидаги бурч, аждодларимиздан мерос қолган қадрият сифатида қабул қилайлик!

Ҳар биримиз келажак авлод олдидаги масъулиятимизни чуқур ҳис қилган ҳолда, “Яшил макон” лойиҳасини умумхалқ миллий ҳаракатига айлантирайлик! Бугун амалга оширган эзгу ишларимиздан авлодларимиз рози бўлсин, уларга биздан обод, яшилликка бурканган гўзал Ватан мерос бўлиб қолсин!

Жалолитдин Оқбоев
Ғаллаорол тумани ҳокими

Халқ депутатлари Ғаллаорол тумани Кенгаши раиси.

Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар