Телефонлар:
(0372) 432-13-34
(0372) 432-12-88
» » “Ўғирлик жиноятининг тушунчаси, салбий оқибатлари, уларнинг содир этилиши ва тайинланадиган жазо турлари

“Ўғирлик жиноятининг тушунчаси, салбий оқибатлари, уларнинг содир этилиши ва тайинланадиган жазо турлари

25 сентябрь 2023 йил
85
0

Ўғирлик жинояти - ўзгалар мулкини талон-тарож қилиш жиноятларига нисбатан кенг тарқалган тури ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Ўзгалар мулкини ўғирлик, талончилик ва босқинчилик билан талон-торож қилиш жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 1999 йил 30 апрелдаги 6-сонли қарорида ўғирликка қуйидагича тариф берилган: “Жабрланувчининг ёки бошқаларнинг йўқлигида ёки улар бор бўлсада, уларга билдирмасдан ўзганинг мол-мулкини яширин талон-торож қилиш ўғирлик ҳисобланади. Бордию жабрланувчи ёки бошқалар мол-мулкининг олинаётганлигини кўрган бўлсада, лекин айбдор билдирмасдан ҳаракат қиляпман деб ўйлаган бўлса, бундай қилмишни ҳам ўғирлик деб тавсифлаш лозим”.

Суд амалиёти шуни кўрсатадики, ўзганинг мулкини яширин равишда талон-тарож қилиш ёки ўғирлик иқтисодиёт соҳасидаги энг кенг тарқалган жиноятлардан биридир. Талон-тарож қилишнинг барча шакллари ичида ўғирлик жинояти содир этилиш усули жиҳатидан энг хавфи камроғи деб топилиши мумкин: унда жисмоний ва руҳий тасир этиш қўлланилмайди, айбдор уни содир этишда ўзидаги ваколатлардан ва мол мулкни эгаллашда алдашдан фойдаланилмайди. Айбдор ҳуқуққа хилоф ва яширин равишда яъни бошқа шахслардан яширин ҳолда мулкдорнинг хоҳиш-иродасига қарши ўзганинг мулкини ўзлаштиради ва уни ўзининг мулки сифатида тасарруф эта бошлайди.

Ўғирлик жиноятининг объекти ўзганинг мулкидир. Объектив томондан ўғирлик ўзганинг мулкини яширин равишда талон-тарож қилишда ифодаланади. Ўғирлик жиноятининг субъекти эса ўн тўрт ёшга тўлган ақли расо жисмоний шахс ҳисобланади.

Жиноятчи ўзгалар мулкини ўғирлик билан эгаллаган ва ундан ўз хоҳишича фойдаланиш ёки уни ишлатиш имкониятига эга бўлган вақтдан бошлаб, ўғирлик жинояти тугалланган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддасида ўғирлик жинояти учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, модданинг биринчи қисмида ўғирлик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.

Модданинг иккинчи қисмида, жабрланувчининг кийими, сумкаси ёки бошқа қўл юкидаги ашёга нисбатан (киссавурлик), анча миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб, умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд электр энергиясини, табиий газни, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш йўли билан ёки умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига электр энергияси, газ ёки сув таъминоти ташкилотларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари томонидан олдиндан тил бириктириб, тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд электр энергиясини, табиий газни, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш йўли билан содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши назарда тутилган.

Модданинг учинчи қисмида, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) ахборот тизимига кириб ёки ундан фойдаланиб, кўп миқдорда ёки нефть қувурларида, газ қувурларида, нефть ва газ маҳсулотлари қувурларида содир этилган бўлса беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Модданинг тўртинчи қисмида жуда кўп миқдорда, ўта хавфли рецидивист томонидан, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса саккиз йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши назарда тутилган.

Жиноят ишлари бўйича

Ғаллаорол туман судининг раиси А.Норбеков

Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар