Ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш жинояти.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ, мамлакат иқтисодиётининг негизини хилма-хил шаклдаги мулк ташкил этади. Мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир, унга нисбатан қилинган ҳар қандай тажовуз қонунга зид деб топилади.
Шунга кўра, айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилганлик учун Жиноят Кодексининг 167-моддасида жиноий жавобгарлик белгиланган.
Айбдорга ишониб топшириб қўйилган ёки унинг ихтиёрида бўлган мулк деганда – мансаб вазифалари ёки шартномавий муносабатларга кўра ёхуд махсус топшириқ муносабати билан ўзганинг мулкини тасарруф қилиш, бошқариш, етказиб бериш ёки сақлаш бўйича қонуний ваколатларни амалга оширувчи шахснинг эгалигида бўлган мулкдир.
Айбдор томонидан ушбу жиноят содир этишнинг икки шакли мавжуд, яъни ўзлаштириш ёки растрата қилиш.
Ўзлаштиришда –айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ҳуқуққа хилоф, бепул ушлаб қолиш ва кейинчалик мулкдорга ёки бу мулкнинг бошқа шахсларнинг фойдасига қаратишда ифодаланувчи, агар айбдор мазкур мулкни ҳали сарфламаган ёки бегоналаштиришни амалга оширмаган бўлади.
Растрата қилишда эса - бу айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини мулкдор ёки мулкнинг бошқа эгаларига зарар етказган ҳолда, агар айбдор талон-торож ҳодисаси аниқланган пайтига қадар кўрсатилган мулкни бегоналаштиришни амалга ошириб бўлган бўлса, ўзининг фойдасига ёки бошқа шахсларнинг фойдасига ғайриқонуний равишда, текинга қаратишида ифодаланувчи талон-тарожнинг бир шакли ҳисобланади.
Ушбу жиноятларни бир-биридан фарқлашда муайян қийинчиликлар мавжуд.
Ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишни ўзганинг мол-мулкини ўғирлашдан фарқлашда Жиноятнинг субъектининг талон-тарож қилган мол—мулкка нисбатан ҳуқуқий ваколатини тўғри аниқлаш зарур.
Ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишда, мулк айбдорга ишониб топширилган бўлиб, унинг ихтиёрида туради ва айбдор шахс мол-мулкни тарқатиш, бошқариш, ташиш ёки сақлаш бўйича ҳуқуқий ваклатларга эга бўлади.
Ўғирлик йўли билан талон-торожни содир этишда эса, шахснинг талон-торож қилинган мол-мулкка ҳеч қандай алоқаси бўлмайди ёхуд ишлаб чиқариш зарурати, топширилган иш муносабати билан ундан фойдаланиш ҳуқуқига эса бўлади, холос Бундан ташқари, ўғриликда мулкдор ваколатларининг учтаси ҳам, ўзлаштириш ёки растратада эса, фақат иккитаси, яъни мол-мулкдан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ваколатлари бузилади. Эгалик қилиш ваколатидан эса, субъект қонуний асосларда фойдаланади, чунки тегишли мол-мулк унга ишониб топширилади.
Ўзлаштириш ёки растрата қилиш ва фирибгарлик жиноятининг ўхшаш хусусиятлари мавжуд, иккала жиноятни содир этишда ҳам жабрланувчи ўз мулкини жиноятчига ихтиёрий равишда беради.
Иккала ҳолатда ҳам мулкдор ёки мол-мулк бошқа қонуний эгасининг ишончи суиистеъмол қилинади.
Ушбу жиноятларни ўртасидаги фарқ шундан иборатки, ўзлаштириш ёки растратада мол-мулк айбдорга қонуний асосларга кўра тақдим этилади, бунда битим ўзининг шакли бўйича ҳам, мазмуни бўйича ҳам қонуний тусга эга бўлади, фирибгарликда эса, мол мулк айбдорга алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш натижасида ўтади.
Ушбу жиноят кўп миқдорда, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан махрум қилиш билан жазоланади.
Агар ушбу жиноят жуда кўп миқдорда, ўта хавфли рецидивист томонидан, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб, компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган бўлса - базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёки 5 йилдан 10 йилгача озодликдан махрум қилиш билан жазоланади.
Жиноят ишлари бўйича
Ғаллаорол туман судининг
раиси А.Норбеков