Ташкилот тугатилса муддатидан олдин кимларга ёшга доир пенсия тайинланади?
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ, муддатидан олдин ёшга доир пенсия технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган.
► Эркакларга – 58 ёшдан 60 ёшгача, умумий меҳнат стажи 25 йилдан кам бўлмаган тақдирда.
► Аёлларга – 53 ёшдан 55 ёшгача, умумий меҳнат стажи 20 йилдан кам бўлмаган тақдирда муддатидан олдин (умумий асосларга кўра пенсия тайинлаш муддатидан икки йил олдин) ёшга доир пенсия тайинланади.
Ишсиз мақомига эга бўлган шахсларга муддатидан олдин тайинланган ёшга доир пенсиялар тўлашга харажатларни қоплаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 23 декабрдаги 357-сон қарорига асосан, Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳар ойда муддатидан олдин ёшга доир пенсиялар тайинланган шахсларнинг рўйхатини, амалга оширилган харажатларни кўрсатган ҳолда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Бандлик Бош бошқармаларининг Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига етказадилар. Марказ томонидан ҳар ойда пенсия тўланган ойдан кейинги ойнинг 15-санасигача Пенсия жамғармасига харажатларни қопловчи маблағларни ишсиз фуқаро Қонуннинг 7-моддасида белгиланган пенсия ёши (эркаклар – 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар – 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлганда) га етгунига қадар ўтказадилар.
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Ғаллаорол туман булими.