Хабарингиз бор бугунги кунда мамлакатимиз равнақи ва аҳоли келажаги ҳамда турмуш тарзини яхшилаш борасида кўпгина ислоҳатлар, ишлар амалга оширилиб келинмоқда, шу билан бир қаторда аҳолининг яшаш турмуш тарзи, ёшларнинг билим олишлари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳам бир қатор чора-тадбирлар белгиланиб, бунинг натижасида айрим қонунчиликларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, айримлари эса янги таҳрирда қабул қилинмоқда.
Бунинг биргина мисоли сифатида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилинган Меҳнат кодексини кўришимиз мумкин.
Бунга кўра, ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги иш берувчи буйруқнинг кўчирма нусхасини ходимга топширган кундан эътиборан уч ой, бошқа меҳнат низолари бўйича ходим ўзининг ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан олти ой муддат ичида низони кўриб чиқиш учун судга мурожаат қилиш белгиланган.
Амалдаги Меҳнат кодексига кўра, ишга тиклаш низолари бўйича ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой ва бошқа меҳнат низолари бўйича ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб уч ой муддат ичида судга мурожаат қилиш белгиланган эди.
Бундан кўринадики, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилинган Меҳнат кодексида ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида, уларнинг судга мурожаат қилиш муддатларини сезиларли даражада узайтирилганлигини кўриш мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилинган Меҳнат кодексида ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги йигирма бир календарь кунни ташкил этиши белгиланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилинган Меҳнат кодексига уй ишчиларининг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари деган жумла киритилиб, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилаётган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар ўзида фуқаролик муомала лаёқати тўлиқ ҳажмда мавжуд бўлган тақдирда, уй ишчиларини ишга ёллаш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилинган Меҳнат кодексига кўра, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ташкилотларида кечки ёки сиртқи таълим шакли бўйича ўқиётган ходимларга лаборатория-имтиҳон сессияларида иштирок этган давр учун ўқув таътиллари бериш ҳамда иш берувчи олий таълим ташкилотларида сиртқи таълим шаклида таҳсил олаётган ходимларга лаборатория-имтиҳон сессиясида иштирок этиш учун таълим ташкилоти жойлашган ерга бориши ва у ердан қайтиб келиши учун йилига бир марта йўлкира ҳақининг эллик фоизидан кам бўлмаган миқдорини ва давлат аттестациясидан ўтиш учун худди шундай миқдорда йўлкира ҳақи тўланиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилинган Меҳнат кодекси 2023 йил 30 апрелдан қонуний кучга киради.
Жиззах вилоят суди архив мудири
Наркузиев Шерали Қаҳарбой ўғли