Ғаллаорол туманидаги “Гулистон” тўйлар мажмуасида 1-октябр “Устоз ва мураббийлар куни” муносабати билан туманнинг байрам тадбири бўлиб ўтди.
Устозларимизнинг касб байрамларига бағишлаб ўтказилган тадбирда туманимиздаги эл-юрт ўртасида ҳурмат эътибор қозонган фахрий устозлар, тумандаги умумтаълим мактабларининг ўз касбининг фидойи ўқитувчилари, мактабгача таълим ташкилотларининг жонкуяр тарбиячи мураббийлари, спорт, маданият йўналишларида жуда кўплаб шогирдлар тайёрлаб, соҳани ривожлантиришга муносиб ҳиссаларини қўшиб келаётган устоз мураббийлар иштирок этишди.
Туманнинг устозлар байрамига бағишлаб ўтказилган тантанали тадбирини Ғаллаорол туман ҳокими Жалолитдин Оқбоев очиб, Ўзбекисто Республикаси Президентининг 1-октябр “Устоз ва мураббийлар куни” байрами муносабати билан улар учун йўллаган табрик сўзларини ўқиб эшиттирди.
Байрам тадбири давомида узоқ йиллардан буён таълим соҳасида фидойилик билан меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ устоз ва мураббийларимизга туман ҳокими байрам совғаларини ҳамда фахрий ёрлиқларини тантанали равишда топширди.
Байрам тадбирига таклиф қилинган, Тошкент шахридан ташриф буюрган санъаткорлар, сўз усталари, шунингдек туман маданият бўлимининг ҳушовоз хонандалари ўз санъатлари билан тадбир иштирокчиларига байрамона кайфият улашди.
Меҳри дарё, қалблари беғубор устозларимизнинг байрам тадбири файзли ва кўтаринки руҳда ўтди.
Ғаллаорол туман ҳокимлиги
Ахборот хизмати