Мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини ва ички бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш ҳамда аграр соҳада аҳолининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг даромадларини ошириш, шунингдек, «Бир ҳудуд — бир маҳсулот» тамойили асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарор 2022 йил 10 сентябрь куни Президент томонидан имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 ноябрдаги «Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон ҳўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-20-сон қарорига мувофиқ, фермер ҳўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган ва аҳолига узоқ бўлмаган ҳудудлардан:
2022 йилда 80 минг гектар экин майдонлари, 2023 — 2025 йилларда 120 минг гектар экин майдонларини аҳолига очиқ электрон танлов орқали ижарага бериш белгиланган.
Қарорга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фермер ҳўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги пахта ва ғалладан қисқартирилган ҳамда аҳоли пунктларига яқин ва сув таъминоти яхши бўлган ерлардан 2022 йил якунига қадар қўшимча 20 минг гектар — умумий 100 минг гектар экин майдонлари, 2023 йилда 95 169 гектар экин майдонлари аҳолига очиқ электрон танлов орқали ижарага берилади. Бунда экин майдонлари фуқароларга 30 йил муддатга:
- сув таъминоти яхши бўлган ерлардан — Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида 0,15 гектардан 1 гектаргача, бошқа вилоятларда 0,30 гектардан 1 гектаргача ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида 0,30 гектардан 2 гектаргача бўлган ўлчамларда;
- кам сувли ерлардан — вилоятларда 0,50 гектардан 1 гектаргача ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида 0,50 гектардан 2 гектаргача бўлган ўлчамларда ижарага берилади.
Шунингдек, 2022-2023 йилларда деҳқон хўжалиги юритиш мақсадида экин майдонларини аҳолига бериш учун ташкил этиладиган очиқ электрон танловда 1 нафар талабгор иштирок этган тақдирда, истисно тариқасида, танлов ўтказилган ҳисобланади.
Иссиқхона тармоғи кенг ривожланган туманларда деҳқон ҳўжаликларига ажратиб берилган экин майдонларида иситиш тизимларини ўрнатмаган ҳолда енгил конструкцияли иссиқхоналар қурилишига рухсат берилади.
Шу билан бирга, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган аҳолига деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкалари очиқ электрон танлов орқали ижарага берилганда, мазкур хатбошида назарда тутилаётган шахслар юқоридаги дафтарлардан чиқарилмайди ва улар учун қонунчиликда белгиланган барча имтиёз ва преференциялар бир йил муддатга сақлаб қолинади.
Имтиёз ва преференцияларнинг бир йиллик амал қилиш муддати деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ҳисобланиши белгиланди.
Ғаллаорол туманлараро иқтисодий
судининг раиси А.Норқўзиев