Хабар берганимиздек жорий йилнинг 08 август куни Ғаллаорол тумани Кўкбулоқ ҚФЙ худудида БАА давлатининг Abu Dhabi Future Energy Company PJSC “Мasdar” компанияси томонидан лойиҳа қиймати 150 млн. доллар бўлган, 100 % хорижий инвестиция иштирокидаги 220 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан худуддаги маҳаллий аҳоли ва ер майдони эгалари билан учрашув бўлиб ўтди.
Ушбу учрашувда Тошкент шаҳридаги “Green business solutions” компания рахбари С.Юсупова, компания вакили Ф.Агзамов, “Мazdar” компанияси маъсул ходими Х.Караматов, Ғаллаорол туман ҳокимининг ўринбосари-инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи А.Бегбутаев ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида “Жамоатчилик эшитувлари” тадбири ўтказилди.
Тадбирда амалга оширилиши режалаштирилаётган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳасининг иқтисодиётдаги аҳамияти, аҳолига ва экологияга зарари йўқлиги ҳақида очиқ мулоқатлар олиб борилди. Ҳудуд аҳолиси томонидан берилган саволларга лойиҳа доирасида яратилиши кутилаётган янги иш ўринлари, амалга оширилиши кўзда тутилган инфратузилма объектлари ҳақида тегишли жавоблар берилди.
Ғаллаорол туман ҳокимлиги
Ахборот хизмати