Мустақилликка эришганимиздан сўнг ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда мулкий ислоҳотларнинг янги босқичи амалга оширилиши натижасида мулк ва мулкдорлик тушунчаларига бўлган қарашлар тубдан ўзгариб, хусусий мулкчиликка кенг эьтибор қаратилганлиги мулкий муносабатларда хусусий манфаатларни ҳимоя қилиш тизими ва кафолатлари сезиларли даражада кучайганлиги мол-мулкнинг иқтисодий муомала объекти бўлишини таьминлашга катта ҳисса қўшди.
Иқтисодий қонунчилик тизимини хусусий мулк кафолатларини мустаҳкамлаш йўлидан ривожлантириш республикамизда мулкий муомаланинг самарали тартибга солиниши учун асосий омиллардан бири ҳисобланади. Шу жиҳатдан мулкий муомаланинг ўзига хос шакли бўлган мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасининг ҳуқуқий асосларини ривожлантириш ва мазкур шартномани қўллаш амалиётини такомиллаштириш алоҳида аҳамият касб этади.
Республикамизда мол-мулкни ишончли бошқаришнинг объекти ва субъектлари доирасини белгилаш, мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасининг муҳим шартлари, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлигини белгилаш, хусусан, инвестиция ва пай фондаларини ишончли бошқаришга бериш, меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларда иқтисодий жиҳатини ёритиш мақсадида кенг кўламли тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси бўйича бериш назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Хукуматининг бир қатор қарорлари қабул қилинмоқда.
Инвестор ишончли бошқарувчининг профессионал тажрибасидан фойдаланган ҳолда активларини жойлаштиришда ўзининг активларни йўқотиш хавф (риск) ни минимал даражага келтиради. Ўз навбатида ишончли бошқарувчининг оладиган мукофоти (ҳақи) мол-мулкни самарали бошқариш натижаларига боғлиқ. Амалиётда мол-мулкни ишончли бошқариш қуйидаги асосларда вужудга келиши (жорий этилиши) мумкин:
таъсисчи билан ишончли бошқарувчи ўртасида тузиладиган мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси;
васиятнинг ижрочиси (ишончли бошқарувчи) тайинланган васиятнома;
суд қарори;
васийлик ва ҳомийлик органининг васийликка олинган шахснинг мол-мулки устидан васийлик белгилаш тўғрисидаги қарори;
қонунда назарда тутилган ҳолларда бошқа юридик фактлар.
Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасини амалга ошириш билан боғлиқ операцияларни иқтисодий нуқтаи назардан, хусусан бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботда акс эттириш тартиби Ўзбекистонлик олимлар томонидан кўриб ўтилмаган.
Топилдиев (2020) ва Собиров (2020) томонидан мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасини амалга оширишни ҳуқуқий ва ташкилий асосларини такомиллаштириш масалалари кўриб ўтилган (2020).
Чет эл олимларидан Бугаев (2008), Зеленская (2017), Калденбергер (2018) ва бошқалар томонидан мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасини бошқариш таъсисчиси, ишончли бошқарувчи ва фойда олувчида бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби ўзининг давлатидаги меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлардан келиб чиқиб кўриб чиқилган.
Ҳалқаро тажрибани ўрганиш шуни кўрсатдики МХҲС, кичик ва ўрта бизнес корхоналари учун МХҲС тизимларида ҳам мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси бўйича мол-мулкни ва молиявий натижаларни ҳисобга олишни тартибга соладиган алоҳида стандарт мавжуд эмас.
Шу билан бир вақтнинг ўзида 8-сон МХҲС (IAS) «Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар» нинг 10-бандида қуйидагилар ўрнатилган, муайян операция, бошқа ҳодиса ёки ҳолатга нисбатан қўлланадиган МҲХС мавжуд бўлмаган тақдирда, ташкилотнинг раҳбарияти қуйидаги маълумотларни шаклланишига олиб келадиган ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқишда ва қўллашда ўз мулоҳазасидан фойдаланиши лозим (Бугаев, 2008; Зеленская, 2017; Калденбергер, 2018):
фойдаланувчиларнинг иқтисодий қарорларни кабул килишлари учун ўринли бўлган; ва
ишончли бўлган, яъни молиявий ҳисоботлардаги маълумотлар:
- ташкилотнинг молиявий ҳолати, молиявий натижалари ва пул оқимларини рўйирост тақдим этадиган;
– операциялар, бошқа ҳодисалар ва ҳолатларнинг фақатгина ҳуқуқий шаклини эмас, иқтисодий моҳиятини ҳам акс эттирадиган;
бетараф, яъни ҳолис;
эҳтиёткорлик тамойилига мувофиқ бўлган; ва - барча муҳим жиҳатлари бўйича тўлиқ бўлган.
Шундай қилиб, хар бир ташкилот мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси бўйича амалга ошириладиган ҳисоб жараёнлари рўйхати мустақил равишда ишлаб чиқиши ва уларни ўзининг ҳисоб сиёсатида тасдиқлаш ҳуқуқига эгалар.
Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасини амалга ошириш билан боғлиқ операцияларнинг ҳуқуқий асослари ва солиқ аспектлари
Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасининг меъёрий-ҳуқуқий тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Фуқаролиқ кодексининг 49-боби (849-861-моддалари) да назарда тутилган. Бошқарув таъсисчиси, ишончли бошқарувчи ва фойда олувчи молмулкни ишончли бошқариш шартномасининг субъектлари бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролиқ кодексининг моддаларида назарда тутилган мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси бўйича асосий тартиблардир ва булар молмулкни ишончли бошқариш шартномасини томонлари амалга оширадиган операцияларни ҳисобга олишни ташкил этишда, ҳужжатларни расмийлаштиришда ва бошқаларни асосини ташкил этиши керак. Бизнинг фикримизча мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасини амалга оширишда қуйидаги тартиблар алоҳида аҳамиятга эга:
мол-мулкни ишончли бошқаришга топшириш бу мол-мулкка мулк ҳуқуқининг ишончли бошқарувчига ўтишига олиб келмайди;
ишончли бошқариш объекти бошқарув таъсисчининг бошқа мол-мулкидан, шунингдек ишончли бошқарувчининг мол-мулкидан ажратилади. Ишончли бошқариш объекти ишончли бошқарувчида алоҳида балансда акс эттирилади ва у бўйича мустақил ҳисоб юритилади;
кўчмас мол-мулкни ишончли бошқаришга бериш бўйича мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси кўчмас мол-мулкни сотиш ҳақидаги шартномаси учун назарда тутилган шаклда ва тартибда тузилиши, кўчмас мол-мулкни ишончли бошқаришга топшириш эса ушбу мол-мулкка эгалик ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши қайси тартибда давлат рўйхатидан ўтказилса, шу тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши керак;
ишончли бошқаришга топширилган мол-мулк юзасидан битимларни ишончли бошқарувчи ўз номидан амалга оширади, бунда у ўзининг шундай бошқарувчи сифатида иш олиб бораетганини кўрсатади. Яъни ишончли бошқарувчи ёзма ҳужжатларда, шу жумладан бошланғич ҳужжатларда ишончли бошқарувчининг исми ёки номидан кейин «Ишончли бошқарувчи» белгиси қўйиши керак;
мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси бўйича ишончли бошқарувчининг мол-мулкни сақлаш билан боғлиқ харажатлари мол-мулкни бошқаришдан олинган даромад ҳисобига қопланади.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасини амалга ошириш билан боғлиқ операцияларни солиққа тортиш тартибини тартибга солувчи асосий меъёрий ҳужжат ҳисобланади.
Бунда 93-модда «Мол-мулкни ишончли бошқарувга беришда солиқ мажбуриятини бажариш» (умумий қисм), 238модда. «Солиқ солиш объекти» ва 275-модда «Биргаликдаги фаолият, ишончли бошқарув ёки концессия битими доирасида операцияларни амалга оширишда солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг ўзига хос хусусиятлари» (қўшилган қиймат солиғи), 322-модда «Ишончли бошқарувда солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари» ва 336модда «Операцияларнинг айрим турлари бўйича зарарларни ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари» (фойда солиғи) ларда келтирилган меъёрлар мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасини амалга оширишда юзага келадиган солиқ мажбуриятлари бўйича аниқ хулосалар қилиш имконият беради.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 93-моддасини таҳлил қилиш натижасида. мол-мулк ишончли бошқарувга топширилганда бошқарув таъсисчисининг солиқ мажбуриятини бажариш бўйича иккита вариант ажратилди: бошқарув таъсисчисининг солиқ мажбуриятини бажариш ишончли бошқарувчи юклатилади (кейинги ўринларда – биринчи ваприант) ёки бошқарув таъсисчиси томонидан бажарилади (кейинги ўринларда –иккинчи ваприант). Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасини амалга ошириш билан боғлиқ операциялврни бухгалтерия ҳисобида ва молиявий хисоботларда акс эттириш тартибини қуйида хар бир вариант бўйича алоҳида алоҳида кўриб чиқамиз.
Шуни алоҳида такидлаш лозимки, юқорида айтиб ўтилган меъёрий ҳужжатларда асосан фақатгина мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасини амалга оширишни ҳуқуқий ва ташкилий томонлари, солиқ аспекти келтирилган, бироқ ҳисобга олиш масалалари, яъни бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботларда акс эттириш очиб берилмаган. Бунинг натижасида бухгалтерия ҳисоби амалиётида мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасини амалга ошириш жараёнини акс эттириш тартиби бўйича айрим муаммолар юзага келмоқда.
Бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботларни тузиш бўйича меъёрий – ҳуқуқий ҳужжатлар ва илмий иқтисодий адабиётлар, илмий ва амалий мақолаларни ўрганиш натижасида мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасини амалга ошириш билан боғлиқ операцияларни бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботларда акс эттириш бўйича ўзимизни таклифларимизни келтириб ўтдик.
Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасини амалга ошириш билан боғлиқ операцияларни бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот ларда акс эттириш бўйича таклиф этаётган тартибимизни бошқарув таъсисчиси, ишончли бошқарувчи ва фойда олувчида алоҳида-алоҳида кўриб чиқамиз.
Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасини амалга ошириш билан боғлиқ операцияларни бошқариш таъсисчисидаги ҳисоби
Бизга маълумки ишончли бошқариш объектлари корхоналар ва бошқа мол-мулк комплекслари, кўчмас мулкка мансуб бўлган алоҳида объектлар, қимматли қоғозлар, алоҳида ҳуқуқлар ва бошқа мол-мулкдан иборат бўлиши мумкин. Мазкур мақоламизда кейинги ўринларда ишончли бошқариш объектларини бошқариш таъсисчиси, фойда олувчи ва ишончли бошқарувчининг бухгалтерия ҳисобида акс эттириш мақсадида асосий воситаларни ишончли бошқариш объекти сифатида тан оламиз.
Бошқарув таъсисчисининг бухгалтерия ҳисобида ишончли бошқарув объекти актив (дебиторлик қарзи) сифатида мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси кучга кирган санадаги баланс қиймати бўйича акс эттириши керак.
Жиззах туманлараро
маъмурий судининг судьяси М.Юлдашев