Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан кейин қўшилган биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжат Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган (Резолюция 217 А (III) «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 17-моддасига кўра, ҳар бир инсон якка ҳолда, шунингдек, бошқалар билан биргаликда мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига эга. Ҳеч ким зўравонлик билан ўз мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмас.
2021 йил 6 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг инаугурация маросимида сўзлаган нутқларида келгусида маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилиши, суд хусусий мулк ҳимоясида туриб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш орқали ижро идораларини қонун доирасида ишлашга мажбур қиладиган тизимни яратиш зарурлигини, бу эса жамият тараққиётига, биринчи навбатда, унинг иқтисодий равнақига хизмат қилади, деб таъкидлаган эдилар.
Дарҳақиқат, жамият иқтисодиётини негизини хилма шаклларидаги мулк ташкил этар экан, мулк ҳуқуқи бузилишига олиб келадиган ҳар қандай ҳатти-ҳаракат ғайриқонуний ёинки мулк ҳуқуқини амалга оширишни чекловчи ёки бекор қилувчи маъмурий органлар қарорлари маъмурий судлар томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига кўра, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 207-моддасида хусусий мулк ҳуқуқига тушунча берилган бўлиб, унга кўра, хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонунчиликка мувофиқ тарзда қўлга киритган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидир.
Хусусий мулк бўлган мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмайди.
Фуқаролар, хўжалик ширкатлари ва жамиятлари, кооперативлар, жамоат бирлашмалари, ижтимоий фондлар ва давлатга қарашли бўлмаган бошқа юридик шахслар хусусий мулк ҳуқуқининг субъектлари ҳисобланадилар.
Қонун билан ман этилган айрим ашёлардан ташқари ҳар қандай мол-мулк хусусий мулк бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг «Мулкчилик тўғрисида»ги қонунининг 33-моддасига кўра, мулкдор ўзга шахс томонидан қонунга хилоф равишда эгаллаб олинган мол-мулкини Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилигига мувофиқ талаб қилиб қайтариб олиш ҳуқуқига эгадир.
Мулкдор ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузишларни, гарчи бундай бузишлар уни мулкка эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса-да, бартараф этишни талаб қилиши мумкин.
Мулкий ҳуқуқни ҳимоя қилиш суд томонидан амалга оширилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунининг 6-моддасига кўра, давлат бузилган хусусий мулк ҳуқуқининг тикланишини ва унинг суд орқали ҳимоя қилинишини кафолатлайди.
Қонун ҳужжатларига кўра, мулкдорга қарашли уй, бошқа бинолар, иншоотлар, дов-дарахтлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилиниши муносабати билан ёки давлат идорасининг мулкдор мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган бошқа қарори муносабати билан мулкдорнинг ҳуқуқини тўхтатиб қўйишга фақат Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибдагина йўл қўйилади. Бунда мулк ҳуқуқи тўхтатилиши оқибатида етказилган зарар мулкдорга батамом тўланади.
Мулкдор норози бўлган тақдирда низо суд томонидан ҳал этилмагунича, мулк ҳуқуқининг тўхтатилишига олиб борадиган қарор амалга оширилиши мумкин эмас. Мулкдорга етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ барча масалалар ҳам низони кўриб чиқиш жараёнида ҳал этилади..
Мулкдор мол-мулкининг давлат томонидан олиб қўйилишига мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ҳақ ундириш шу мулкка қаратилган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган ҳолларда ва тартибда, шунингдек реквизиция ва мусодара тартибида йўл қўйилади.
Давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган қарори, шу жумладан мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига фақатгина қонунларда белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилиб, бунда мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг мол-мулк мулк ҳуқуқи асосида берилади ва у кўрган бошқа зарарларнинг ўрни қопланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши туфайли етказилган зарарнинг ўрни тўла ҳажмда қопланади.
Давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган қарори, шу жумладан, ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши мулкдорнинг розилиги билан қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимларининг олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарори фақат адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлганда қабул қилинади. Ер участкасини олиб қўйиш ташаббускори ҳамда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдори ўртасида тузиладиган, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларнинг зарарлари, шу жумладан бой берилган фойдаси ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа харажатларини қоплаб бериш тўғрисидаги келишув мажбурий равишда нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.
Кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилишга олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдорига келишувда, низо мавжуд бўлган тақдирда эса суд қарорида белгиланган жисмоний ва юридик шахсларнинг зарарлари, шу жумладан бой берилган фойдаси ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа харажатлари қопланганидан сўнг йўл қўйилади.
Ер участкасини олиб қўйиш ва уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни бузиб ташлаш ёки дов-дарахтларни қўпориб ташлаш тўғрисидаги қарор аҳоли пунктларининг бош режаларига, шунингдек турар жой даҳалари ҳамда кичик даҳаларини батафсил режалаштириш ва қуриш лойиҳаларига мувофиқ қабул қилинади.
Олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни бузиб ташлаш ёки дов-дарахтларни қўпориб ташлашга зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўла қопланмагунга қадар йўл қўйилмайди.
Давлат органлари уйнинг, бошқа иморатларнинг, иншоотларнинг ёки дов-дарахтларнинг мулкдорини қабул қилинган қарор тўғрисида бузиб ташлаш бошланишидан камида олти ой олдин, билдиришномага тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорининг кўчирма нусхасини илова қилган ҳолда ёзма равишда (имзо қўйдириб) хабардор қилиши шарт.
Олиб қўйилаётган ер участкаларидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки дов-дарахтларни баҳолаш баҳоловчи ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда хусусий мулк ҳуқуқи бекор қилинаётганда олиб қўйилаётган мол-мулкнинг қиймати ана шу мол-мулк бевосита олиб қўйилишидан олдинги пайтдаги ёки олиб қўйилиши ҳақидаги хабар мол-мулкнинг қийматига таъсир кўрсатган пайтдаги ҳолатга кўра баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланади.
Ер участкаси олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорга бузиб ташланаётган мол-мулкнинг ўрнини қоплаш, бузиб ташланаётган уйнинг мулкдорига турар жой бериш, бузиб ташланаётган уй ўрнига якка тартибда уй-жой қуриши учун фуқарога ер участкаси бериш, ер участкаси ва бошқа мол-мулк олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби ва шартлари қонунчиликда белгиланади.
Мулкдор хусусий мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига олиб келадиган қарорга рози бўлмаган тақдирда, бу қарор суд томонидан низо ҳал этилгунига қадар амалга оширилиши мумкин эмас. Мулкдорга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масалалари ҳам низони кўриб чиқишда ҳал этилади.
Мулкдорнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилади, унга мувофиқ қонунчиликдаги хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдорнинг фойдасига талқин этилади.
«Мулкчилик тўғрисида»ги қонуннинг 35-моддасига кўра, давлат бошқаруви идораси ёки давлат ҳокимияти маҳаллий идораси томонидан қонунга хилоф бўлган ҳужжатнинг қабул қилиниши натижасида мулкдорнинг ва бошқа шахсларнинг ўзларига қарашли мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш борасидаги ҳуқуқлари бузилган тақдирда бундай ҳужжат мулкдорнинг ёки ҳуқуқи бузилган шахснинг даъвосига биноан суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилади.
Мазкур ҳужжатларни чиқариш оқибатида фуқароларга, ташкилотлар ва бошқа шахсларга етказилган зарарлар тегишли ҳокимият ёки бошқарув органи ихтиёридаги маблағ ҳисобидан тўла-тўкис қопланиши шарт.
Давлат органлари мулкдорга ёхуд тўла хўжалик юритиш, бевосита бошқариш ҳуқуқи бўйича ёки қонун ёхуд шартномада назарда тутилган бошқа асосда мол-мулкка эгалик қилувчи шахсларга Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган қўшимча вазифалар ёки чеклашлар белгилаб қўйишга ҳуқуқли эмас.
Давлат органларининг ва бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ёки улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шу жумладан давлат органи ва бошқа орган ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қонунчиликка мувофиқ бўлмаган ҳужжат чиқарилиши натижасида мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни давлат ва бошқа орган ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қопланиши керак. Давлат органлари ва бошқа органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мансабдор шахсларининг айби билан етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш суд қарори билан шу мансабдор шахслар зиммасига юкланиши мумкин.
«Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунининг 15-моддасига кўра, мулкдор давлат органлари ва бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг хусусий мулк ҳуқуқининг амалга оширилиши билан боғлиқ қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан, ўз хоҳишига кўра, бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга ёхуд судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга шикоят бериш бундай шикоятни судга бериш ҳуқуқини истисно этмайди.
Мулкдор хусусий мулк ҳуқуқининг амалга оширилиши билан боғлиқ ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида давлат органларининг ва бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат этганида давлат божи тўлашдан озод қилинади.
Шунингдек, шу каби қоида Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги қонунининг 10-моддаси 11-бандида ҳам мустаҳкамланган бўлиб, унга кўра, мулкдорлар — хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида давлат органларининг ва бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳақидаги ишлар юзасидан Маъмурий судларда давлат божини тўлашдан озод қилинади.
Жиззах вилоят маъмурий суди судьяси
Турабек Қодирқулов