Субсидия нималигини барчамиз яхши биламиз. Субсидия берилиши учун масъул органлар вакилларидан шакллантирилган махсус комиссия ариза берувчиларга мезонлар бўйича балл беришидан ҳам хабаримиз бор. Яъни, ана шу берилган баллар асосида талабгорга субсидия ажратилади ёки аксинча. Хўш, талабгорнинг аризаси қандай ҳолларда рад этилади? Бундай бўлмаслиги учун қандай мезонларга жавоб бериш керак? Бугун шулар ҳақида батафсил тўхталмоқчимиз.
Талабгор қайси мезонлар бўйича ўрганилади?
Ариза берувчининг аризаси у рўйхатга олинган доимий яшаш жойидаги туман ёки шаҳар комиссияси томонидан кўриб чиқилади:
тиббиёт бирлашмаси — ариза берувчи ва унинг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахслар, биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг, ёлғиз ўзи оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган болани парваришлаётган аёлларнинг мавжудлигини;
ички ишлар бўлими (бошқарма) — ариза берувчининг бошқа оилалар билан бир уйда (бир квартирада) яшашини;
молия бўлими — тақдим этиладиган субсидияларнинг миқдори бўйича ажратилган маблағларнинг мавжудлигини;
давлат солиқ инспекцияси — солиқ тўловчининг идентификация рақами, турар жойда ижара шартлари асосида яшаши ҳамда ариза берувчи ва унинг яқин қариндошларининг (аризада кўрсатилган ҳолатларда) даромадларини;
аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази — ариза берувчининг кам таъминланганлиги, «Меҳнат — миграция» дастурида рўйхатдан ўтганлиги ҳамда хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётганлигини (оширганлигини);
туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси — ариза берувчида, шу жумладан, унинг турмуш ўртоғи ва фарзандларида мулк ҳуқуқи билан турар жойнинг бор-йўқлиги, яшаш учун яроқсиз турар жойда яшаши, уй-жой умумий майдонининг бир шахс учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ижтимоий нормага мувофиқ эмаслигини;
туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари — ариза берувчининг оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар тоифасига мансублигини;
ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлими — ариза берувчининг алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар тоифасига мансублигини;
туман (шаҳар) ҳокимлиги — ариза берувчининг етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тоифасига мансублигини;
иштирок этувчи тижорат банклари — ариза берувчи фуқаро (биргаликда қарз олувчи)нинг ажратиладиган ипотека кредити бўйича тўлов қобилияти, унга ажратилиши мумкин бўлган ипотека кредити ва сотиб олиши мумкин бўлган уй-жойнинг юқори қиймати, кредит ташкилотларидан аввалги олинган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорликларнинг мавжуд эмаслигини тасдиқлайди.
«Ойлигим кам бўлсачи?»
Шу саволга жавоб излаётганлар эътибор қилинг. Агар ариза берувчининг ўртача ойлик даромадлари миқдори кўрсатилган меъёрлардан кам бўлса, унинг даромадлари ҳисоб-китобига хотини (эри), улар билан бир уйда биргаликда яшовчи ота-онаси ҳамда фарзандларининг (шу жумладан, асраб олинган фарзандлари) ёки у билан бирга яшамаётган яқин қариндошларининг даромадлари ҳам киритилиши мумкин.
Бунда ариза берувчининг ўртача ойлик даромадлари миқдорига яқин қариндошларининг ўртача ойлик даромадлари миқдори қўшилганда ва даромадлар миқдори кўрсатилган меъёрлардан ошиб кетган тақдирда, унинг фақат етмаган қисми инобатга олинади.
Хўш, яқин қариндошлар кимлар?
Яқин қариндошлар деганда ариза берувчининг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-укалари ва опа-сингиллари, эри (хотини), фарзандлари, шу жумладан, фарзандликка олинганлар, боболари, бувилари, неваралари, эр — хотиннинг ота-онаси тушунилади.
Онлайн ариза топширганлар қандай сараланади?
ЯИДХП (my.gov.uz) орқали берилган аризалар масъул ташкилотлар ўрганиб чиқиш натижаларига кўра киритилган маълумотлар асосида ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлиги автоматлаштирилган тарзда баллар кўринишида баҳоланади. Баҳолаш натижалари комиссияга ариза берувчи иштирокида муҳокама этиш учун юборилади.
Қандай ҳолларда субсидия ажратиш рад этилади?
а) талаб этиладиган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда;
б) тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотлар ижтимоий мезонларга мос келмаганда;
в) тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки сохта маълумотлар мавжуд бўлганда;
г) ариза ва тегишли ҳужжатлар қабул қилишнинг охирги санаси тугагандан кейин тақдим этилганда;
д) масъул ташкилотлар хулосаларига асосан жами 30 дан паст балл тўплаганда;
е) илгари шаҳар ва қишлоқ жойларда арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартира ёки якка тартибдаги уй-жой ҳамда субсидиялар олган оила аъзолари (эри, хотини) такрорий мурожаат этганда;
ж) жорий йил учун ажратиладиган субсидиялар сони тугаганда;
з) иштирок этувчи банк томонидан ариза берувчи фуқаро (биргаликда қарз олувчи) ажратиладиган ипотека кредити бўйича тўловга лаёқатсиз деб топилганда;
и) ариза берувчида кредит ташкилотларидан олдинги олинган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлганда;
к) оилаларнинг ўртача ойлик даромади:
қишлоқ жойларда — МҲТEКМнинг 3,0 бараваридан кам ва 6,9 бараваридан юқори;
шаҳарларда — МҲТEКМнинг 3,0 бараваридан кам ва 8,0 бараваридан юқори;
Тошкент шаҳрида — МҲТEКМнинг 3,0 баравардан кам ва 9,2 бараваридан юқори бўлганда.
Маълумот ўрнида МҲТEКМ-822 000 сўмни ташкил қилади.