«Коррупция» атамасининг этимологик жиҳати хусусида турли фикрлар мавжуд. Кенг оммалашган биринчи фикр тарафдорларига кўра, «коррупция» атамаси лотинча «corruptio» сўзидан олинган бўлиб, «пора эвазига оғдириш» деган маънони англатади.
Aйрим адабиётларда эса мазкур атама лотинча «corrumpere» (бузилиш, айниш, таназзул), бошқа адабиётларда лотинча «cor- ruptum» (синган, бузилган) сўзидан келиб чиққани ва шахсий ҳамда корпоратив фойда йўлида жамоат манфаатларига путур етказишни англатиши қайд этилган. Коррупцияга қарши жиддий ва кескин кураш олиб боришни вазиятнинг ўзи тақозо этмоқда. Қайси бир соҳада ривожланиш, тараққиёт рўй бермаётган экан, унинг асл сабаби коррупцияга бориб тақалади.
Коррупция мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлидаги жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Дунёнинг илғор давлатлари коррупцияга қарши миллий даражадаги чора-тадбирларни қўллаш билан бир қаторда, халқаро миқёсдаги дастурларни амалга оширишда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.
Халқаро валюта жамғармасининг ҳисоб-китобларига кўра, коррупция туфайли жаҳон иқтисодиёти йилига ўртача 1,5-2 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар кўради.
Коррупция халқнинг давлат ва унинг органларига бўлган ишончига путур етказади, ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг вужудга келиши ва чуқурлашишига сабаб бўлади. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов жиноятчилик ва коррупцияга хавфсизликка таҳдид солувчи омиллардан бири сифатида баҳо бериб, «жиноятчилик ва коррупция жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларини емиради. Жамият аъзоларининг фуқаролик мавқеини йўққа чиқаради. Амалга оширилаётган ўзгаришларга салбий муносабат вужудга келиши учун шароит яратади», дея таъкидлаган эди.
Конституциямизнинг 2-моддасига кўра, давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар. Коррупция мазкур конституциявий қоидага зиддир. Шундай экан, давлат ва унинг органлари давлатнинг конституциявий асосларига раҳна солиши мумкин бўлган бундай ҳуқуқбузарликларга қарши барча куч-имкониятини ишга солиши керак.
Яқинда мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш бўйича жуда муҳим икки ҳужжат — «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун ва Президентимизнинг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди маърузаларидан бирида «бугунги кундаги яна бир устувор вазифамиз — мамлакатимиз ривожига тўсиқ бўлаётган ёвуз иллат, яъни коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш масалаларини самарали ҳал этишдан иборат» эканини алоҳида таъкидлаган эди. Мазкур қонун ҳужжатлари қабул қилингани, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017—2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида ҳам коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва коррупцияга қарши курашиш тадбирлари самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилангани олдимизга қўйилган эзгу мақсадларга эришиш йўлидаги изчил ҳаракат сифатида баҳолаш мумкин.
Бунга қадар республикамизда коррупцияга қарши қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган, чоралар кўрилган бўлса-да, давлат бошқарувини халқ олдида обрўсизлантирувчи бу ҳуқуқбузарликка қарши тизимли ва самарали кураш учун зарур бўлган бир қатор омиллар етишмаётган эди. Бу кўп жиҳатдан соҳага оид ҳуқуқий нормаларнинг етарли даражада такомиллашмагани, ҳатто коррупция тушунчаси қонунчиликда аниқ-равшан белгиланмагани, қонунларда бу борадаги сиёсат, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар аниқ кўрсатиб ўтилмаганига бориб тақаларди. Махсус қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда бу иллатга қарши тизимли кураш олиб боришнинг қонуний асосларини такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Қонун билан тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамияти ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги коррупцияга қарши курашнинг асосий принциплари сифатида белгилаб қўйилди. Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қонун даражасида мустаҳкамланди.
Қонун нормаларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Президент қарори билан 2017—2018-йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси таркиби тасдиқланди.
Давлат дастури 51 банддан иборат чора-тадбирларни қамраб олган. Унда коррупцияга бевосита ёки билвосита қарши қаратилган, унинг тизимли сабаблари ва шароитларининг олдини олишга йўналтирилган 10 та қонун, бир қатор қонуности ҳужжатлари, чора-тадбирлар режалари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, туркум тарғибот тадбирларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори раҳбарлик қиладиган нуфузли таркибда шакллантирилган. Комиссия таркибига парламент аъзолари, бир қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, олимлар билан бирга фуқаролик жамияти институти аъзолари киритилгани комиссия фаолиятини самарали ташкил этиш, давлат ташкилотларида учрайдиган коррупциявий ҳолатларни учинчи сектор вакиллари билан ҳамкорликда аниқлаш ва бартараф қилиш имконини беради.
Инглиз-ирланд давлат арбоби Эдмунд Бэрк «коррупция барқ ураётган жамиятда озодлик узоқ вақт ҳукм суриши мумкин эмас» деган фикрни билдирган эди. Дарвоқе, бутун тарих давомида мамлакатлар ўз мустақиллигини бой беришига нафақат жангу жадаллардаги мағлубиятлар, балки амалдорларнинг сотқинлиги, ўз манфаатларини жамият манфаатларидан устун қўйгани, яъни коррупция ҳам сабаб бўлган. Демак, коррупцияга қарши курашиш айни пайтда мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, ватанимизнинг озодлиги ва ободлигини таъминлаш учун ҳам ҳаётий заруратдир.
Жиззах вилоят суди судьяси Қ.Холмурадов