Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги 1-сонли қарори билан тасдиқланган “Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан солиқ органлари “Камерал солиқ текшируви” “Сайёр солиқ текшируви” ва “Солиқ аудити” солиқ текширувларини ўтказади.
Солиқ тўловчилар ушбу солиқ турларининг мақсади ва қандай тартибда ўтказилишини билиб олишлари муҳим аҳамиятга эга.
Камерал солиқ текшируви — солиқ тўловчилар (солиқ агентлари) томонидан солиқлар ва йиғимлар тўғри ҳисобланишини, ўз вақтида ва тўлиқ бюджет тизимига тўланишини текшириш мақсадида солиқ тўловчи, солиқ агентлари томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботларини ва (ёки) солиқ органида мавжуд бўлган солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисидаги бошқа маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида солиқ органи томонидан ўтказиладиган текширув ҳисобланади.
Сайёр солиқ текшируви — солиқ органлари томонидан солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш соҳасида солиқ тўловчиларнинг айрим мажбуриятларини, шунингдек, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларини бажариш бўйича ўтказиладиган текширув бўлиб, унда ҳисобга олиш ҳужжатларининг, товар-моддий қимматликлар ва пул маблағлари ҳаракатининг, шунингдек, солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотнинг таҳлили ўтказилади.
Солиқ аудити — солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) муайян даврдаги молия ва солиқ ҳисоботларининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига барча жиҳатлардан мувофиқлиги ва ҳаққонийлигини, солиқ солиш мақсадларида бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олишда солиқ мажбуриятларининг тўғри шакллантирилиши ва акс эттирилишини солиқ органи томонидан ўтказиладиган ўрганиш орқали солиқларни тўғри ҳисоблаш ва тўлашнинг тўғрилигини текширишдир.
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси 231-моддаси 4-қисмига кўра, солиқ органининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан суд тартибида шикоят қилиш фақат юқори турувчи солиқ органига шикоят қилинганидан кейингина мумкин бўлади.
Ушбу Кодекснинг 235-моддасига кўра, юқори турувчи солиқ органи шикоятни олган кундан бошлаб бир ой ичида қарор қабул қилиши шарт. Ушбу муддат зарур бўлган ҳужжатлар ва ахборотни олиш учун 15 кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.
Агар солиқ тўловчи юқори турувчи солиқ органининг қароридан норози бўлган тақдирда судга мурожаат қилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 4-моддасига кўра, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.
Мазкур Кодекснинг 27-моддасига асосан солиқ органининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан берилган шикоятлар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади.
Агар солиқ тўловчи (аризачи) сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар устидан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси 231-моддаси 4-қисмига асосан юқори турувчи солиқ органига шикоят қилмасдан, маъмурий судга ариза билан мурожаат қилган тақдирда, суд томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 133-моддаси 1-қисмига асосан, аризани иш юритишга қабул қилиш рад этилиши мумкин.
Шу сабабли солиқ тўловчи (аризачи) томонидан сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар устидан судга ариза (шикоят) берилишидан олдин, ушбу қарорлар устидан юқори турувчи солиқ органига шикоят берилганлиги муҳим аҳамият касб этишини билишлари лозим.
Уринов Акмал Фарходович
Жиззах туманлараро маъмурий судининг раиси
Бахриев Мизроб Джамшитович
Жиззах туманлараро маъмурий судининг судьяси