Ҳар тонг вужудимизга яқин ва қулоғимизга сингган қадрдон оҳангни тинглаб уйғонамиз – Мадҳия! Юрагимизга сониялар давомида ҳаяжон ўрмалаб, шижоат ҳиссини яна қайта туямиз. Бағрикенг мамлакатимизнинг бепоён ва пурвиқор табиати, жаннатмакон боғлари-ю, диёримизда кечаёган бунёдкорлик ишлари, ўлмас аждодлар сиёмоси ва шижоатли ёшларнинг ишончли нигоҳлари, неча-неча миллатларни ўз бағрига қучиб, халқпарварлик туйғусини улуғлаб келаётган халқимиз мадҳини куйлайди мадҳиямиз. Унинг жарангида Ватанимиз осойишталигидан фахрланиш, бугунимизга шукроналик ва эртамизга бўлган ишонч ҳисси жўш уради.
1992 йил 10 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун имзоланган. Жорий йилда бу тарихий санага қарийб 29 йил тўлди. Мадҳиямиз давлатимизнинг миллий рамзи ҳисобланиб, унга эҳтиром билан муносабатда бўлиш ҳар биримизнинг инсоний ва ватанпарварлик бурчимиздир.
Миллий мадҳиямизнинг муаззам садолари давлатимиз раҳбарининг турли мамлакатларга ташрифи жараёнида, чет эл раҳбарларининг юртимизга расмий ташриф маросимларида, умумхалқ байрамларида, анжуманлар ҳамда спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда энг баланд шохсупага кўтарилган пайтида баралла янграб, спортчиларимизни янгидан-янги ғалабаларга бошламоқда...
Миллий рамзимиз бўлган мадҳиямиз Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов қаламига мансуб бўлиб, халқимизнинг асрий орзулари, ёруғ умиди ва мустаҳкам ишончини теран ифодалаган. Мусиқаси атоқли композитор Мутал Бурхонов томонидан басталаниб, оҳангини тинглаган чоғда қонимизга илиқлик югуради.
Ўзбекистон Республикаси мадҳияси янграганда, аввало, “Серқуёш” сўзи жаранглайди. Бу қуёшнинг юртимиз осмонига беминнат нур сочиб, ўлкамиз жамолига зиё-ю тароват бағишлаб туришини, ҳосилимиз мўл ва баракали эканлигини ифодалайди. Мадҳия аввало, фақатгина давлатимиз табиати ва халқимиз орзу-интилишларини акс эттирибгина қолмай, балки эътоқот тушунчаларини ҳам ифодалайди.
Хусусан, таълим масканларида ҳам ёш авлодни Ватанга муҳаббат руҳида камол топишида ҳам мадҳиянинг ўрни беқиёс. Хаттоки, энди харф таний бошлаган жажжи болажонлар ҳам мактабларда ҳафта йиғилишлари ва байрам тадбирларини нишонлаш чоғида мадҳиямизни куйлаб, ҳаяжонга тушадилар.
Инсоният вужудида саломатлик етмиш икки қон айланишининг мўтадиллиги билан баҳоланса, инсонийлик қиёфаси ва обрў-эътибори иймонли бўлиши ва виждони уйғоқлигида исботини топади. Бундай шахс ўзлигини йўқотмай Ватанини эъзозлайди ва тараққиёт йўлида келгуси авлодларга ҳам ўрнак бўлиб, миллий рамзларимизга эхтиром билан муносабатда бўлиш туйғусини улуғлайди.
Мудом мамлакатимиз истиқлоли эъзозланиб, юртимиз куч-қудрати, халқимиз ақл-заковати, аждодларимиз шон-шуҳрати қалбларимизда жо экан, бу тарона асрлар оша баралла янграйверади. Зеро, миллатимизнинг миллий рамзини тинглаб эҳтиром этиш, уни ёд олиш ва баралла куйлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Республика маънавият ва маърифат
маркази Ғаллаорол тумани
бўлими Б.Ризаев