Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги “Ғаллаорол калий фосфат” МЧЖ фаолияти натижасида атмосфера ҳавосига зарарли ташламалар ташлаётганлиги ҳақида эълон қилинган хабар юзасидан Жиззах вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда Жиззах вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари қуйидагиларни маълум қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентабрдаги
737-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг 2023 йил 11 августдаги 239-сонли буйруғида
I-II тоифали корхоналарда ҳар ойда бир маротаба давлат экологик мониторинги ўтказилиши белгиланган. Шунга кўра “Ғаллаорол калий фосфат” МЧЖда бошқарманинг Атроф-муҳит мониторинги, иқлим ўзгариши ва чўлланишга қарши курашиш бўлими томонидан ҳар ойнинг 20 санасигача давлат мониторинги олиб борилади.
Ўтказилаётган мониторинг натижаларига кўра жорий йилнинг бугунги кунига қадар корхона фаолияти натижасида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган зарарли ташламалар миқдори белгиланган меъёридан ошмаганлиги аниқланган.
Ғаллаорол туман Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши инспекцияси томонидан “Ғаллаорол калий фосфат” МЧЖ иш фаолияти давомида атмосферага ташланаётган ташламаларни меъёридан ортиб кетмаслигини назорат қилиш билан биргаликда тарғибот ташвиқот ишларини амалга ошириб боради.
Жиззах вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассислари томонидан жорий йилнинг 31 октябр куни Ғаллаорол туман Ғ.Ғулом МФЙ киччик саноат зонасидан фаолият юритаётган “Ғаллаорол калий фосфат” МЧЖ ҳудудидан 80, 100, 150 мет узоқликдаги 3 та нуқтадан атмосфера ҳавосидаги ҳаво таркибидаги чанг ва газлар миқдорини аниқлаш учун намуналар олинди. Лаборатория текширив натижаларига асосан ушбу жойларда атмосфера ҳавосида чанг ва газлар миқдори давлат андозаси талабларидан ошмаганлиги аниқланди.
Ғаллаорол туман Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими ҳамда СЭО ва ЖСБ мутахассислари томонидан доимий кузатув назорат ишларини олиб бориш бўйича келишилиб олинди.
Жиззах вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда Жиззах вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари томонидан олинган тахлил натижалари илова қилинади.