Иқлим ўзгариши натижасида тупроқ деградацияси ортаётгани бугун қишлоқ хўжалигида катта муаммо эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бунда деҳқончиликда илм-фан ва инновацияларни қўллаган ҳолда ечим топиш мумкинлигини бугун ҳар бир деҳқон ва фермер яхши англаб турибти. Мамлакатимизда айни вақтда 750минг гектардан ортиқ майдон лалми ҳайдалма ерлар мавжуд. Шундан 220минг гектари Жиззах вилояти ҳудудида жойлашган. Яъни республикадаги лалми ернинг 3/1 қисми мазкур вилоятда. Бу эса вилоят фермер ва деҳқон хўжаликлари учун илм ниҳоятда муҳимлигини англатади.
Бугун Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида бўлиб ўтган дала-семинар ҳам айни масалаларга бағишланди. "Лалмикор ҳудудларда бошоқли, мойли ва дуккакли экинлар селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари" мавзусида олиб борилган илмий-тадқиқотлар қатнашчиларга тақдим қилинди.
Хусусан, юмшоқ ва қаттиқ буғдой генетикаси селекцияси ва уруғчилиги лабораторияларида жами 2622 та нав наъмуналари устида тадқиқотлар олиб борилаётган бўлса шундан юмшоқ буғдой селекцияси соҳасида рақобатли нав синаш питомнигида 32 та янги нав, дастлабки нав синаш питомнигида 38 та янги тизмалар, назорат питомнигида 90 та янги тизмалар, 2-йил селекция питомнигида 135 та тизмалар, 1-йил селекция питомнигида 280 та тизмалар, дурагайлар питомнигида 86 та гибрид линиялар, коллекция питомнигида 735 та нав наъмуналари ўрганилмоқда.
Шунингдек институтда нўхот, мош,махсар, зиғир, арпа, беда, ундов каби лалми тупроққа мос экинлар бир қаторда седана, кунжут каби бошқа мойли экинлар ҳам тажриба-синов тариқасида тадқиқ қилинмоқда.
Олиб борилаётган тадқиқотлар натижаси асосида лалмикор майдонларда фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликлари ва агрокластерлар учун тавсия ишлаб чиқарилади.