Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги “Ғаллаорол калий фосфат” МЧЖ фаолияти натижасида атмосфера ҳавосига зарарли ташламалар ташлаётганлиги ҳақида эълон қилинган хабар юзасидан Жиззах вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси қуйидагиларни маълум қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 5-сентабрдаги 737-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг 2023-йил 11-августдаги 239-сонли буйруғида I-II тоифали корхоналарда ҳар ойда бир маротаба давлат экологик мониторинги ўтказилиши белгиланган. Шунга кўра “Ғаллаорол калий фосфат” МЧЖда бошқарманинг Атроф-муҳит мониторинги, иқлим ўзгариши ва чўлланишга қарши курашиш бўлими томонидан мунтазам равишда давлат мониторинги олиб борилади. Ўтказилаётган мониторинг натижаларига кўра 2023-йил давомида ва жорий йилнинг бугунги кунига қадар корхона фаолияти натижасида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган зарарли ташламалар миқдори белгиланган меъёридан ошмаганлиги аниқланган.
Шу ўринда эслатиб ўтамизки, "Ғаллаорол калий фосфат" МЧЖ томонидан атмосфера ҳавосига устувор турғун ифлослантирувчи манбалардан чиқадиган ташламаларни таҳлил қилувчи автоматик станцияни 2024-йилнинг биринчи ярим йиллигида ўрнатилиши режалаштирилган.