Жорий йилнинг 24 январ куни Ғаллаорол туман “Хонимқўрғон” МФЙ ҳудудида жойлашган 66-мактаб биносида Ғаллаорол туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Қодиров ва фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро суди судьяси Д.Алмосовалар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-15-сонли Фармони мазмун-моҳияти, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, амалдаги ва янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларни “Менинг маҳаллам – Менинг судъям” ғояси асосида тушунтириш, шунингдек аҳолининг мавжуд ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш ва тизимли даражада ҳал этиш юзасидан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Йиғилишда давомида 2024 йил 1 мартдан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришда очиқ электрон танлов ўрнига электрон онлайн аукцион савдолари жорий этилганлиги, бунда ер участкалари электрон онлайн аукцион савдолари орқали 30 йилга ижарага берилиши, бошланғич нарх ер участкасининг норматив қиймати миқдорида белгиланиши, ер участкаларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари ғолибларига ер участкаси нархини 3 йил муддатда ҳар ойда тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилиши таъкидланди.
Шунингдек, фармонга кўра деҳқон хўжалиги, якка тартибда боғдорчилик, полизчилик ва чорвачиликни юритиш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари ғолиби бўлган "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"да рўйхатда турган фуқароларга ер участкаси нархини 5 йил муддатга тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилиши ҳақида айтиб ўтилди.
Суҳбат сўнггида йиғилиш иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.
Ш.А.Қодиров
Ғаллаорол туманлараро
иқтисодий суди раиси
Д.Алмосова
фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол
туманлараро суди судьяси