Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча жабҳадаги ислоҳотлар қонунчилигимизда ҳам бир қатор ўзгаришлар амалга ошириш вақти келганлигини кўрсатиб турибди. Бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган ва тезкор суратларда ўсишда давом этаётган иқтисодиёт ҳамда барча соҳаларни қамраб олаётган рақамли технологиялар ва комуникациялар асрида амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш, унга зарурий ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси ва заминини яратиш заруратини туғдирмоқда.
Мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси сифатида қатор қонунлар қабул қилиниб, яна бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиб борилмоқда. Жумладан Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 сентябрда қабул қилинган “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-869-сонли Қонуни билан ҳам бир қанча қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди.
Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга доир кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар амалга оширилди.
Ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш натижаларига кўра суд ишларини юритиш жараёнига янги институтлар жорий этилди, фуқароларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида ярашув, дастлабки эшитув, медиация, шунингдек суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш каби институтлар такомиллаштирилди.
Шу билан бирга судларда ишнинг ҳажми кескин ортганлиги ишларни қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиш имкониятининг йўқолишига олиб келиб, бу фуқароларнинг ўринли эътирозлари кўпайишига сабаб бўлди.
Бундан ташқари узил-кесил қарор қабул қилишда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини уч босқичли тизим воситасида текшириш имкониятлари чекланганлиги сабаби мазкур тизимни ўрта бўғиннинг — вилоят судларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали такомиллаштириш зарурлигидан далолат бермоқда.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қонуний кучга кирмаган суд қарорларини шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўришга, шунингдек қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриш бўйича ваколатларни вилоят судларига ва уларга тенглаштирилган судларга ўтказишга ҳамда юқори судлар томонидан суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига юбориш амалиётини тугатишга доир процессуал нормаларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ушбу Қонун судьяларнинг масъулиятини оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ва норозиликларнинг олдини олишга, шунингдек ортиқча сарсонгарчиликларга йўл қўймасликка хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2013-XII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
1) 13-модданинг бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Тегишли суд ҳайъатларида апелляция, кассация ва тафтиш тартибида ишларни кўриш уч нафар судьядан иборат таркибда амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳукмлари устидан апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида берилган шикоятлар (протестлар) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида беш нафар судьядан иборат таркибда кўриб чиқилади. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида — Раёсат аъзоларининг кўпчилиги ҳозир бўлган тақдирда кўрилади»;
2) 27-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди: «Маҳкум (оқланган шахс), унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар, уларнинг вакиллари суднинг ҳукми (ажрими) устидан тегишинча апелляция, кассация ва тафтиш тартибида шикоят беришга, прокурор протест билдиришга ҳақли»;
3) 28-модда:иккинчи қисмининг учинчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган ҳукмлари ва ажримлари устидан, агар улар апелляция тартибида кўрилмаган бўлса, шикоятлар (протестлар) бўйича ишларни кўриб, ҳукм ёки ажрим чиқаради»; қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди: «Тафтиш инстанцияси суди биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанцияси судида кўриб чиқилган ҳукмлари ва ажримлари устидан, шунингдек апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанцияси судининг ҳукмлари ёхуд ажримлари устидан берилган шикоятлар (протестлар) бўйича ишларни кўриб, ҳукм, ажрим ёхуд қарор чиқаради»;
4) 29-модданинг биринчи қисмидаги «апелляция, кассация тартибида» деган сўзлар «апелляция, кассация ва тафтиш тартибида» деган сўзлар билан алмаштирилди.
5) 46-модданинг биринчи қисмидаги «кассация инстанцияси судининг мажлисларида иштирок этиш; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар бериш; суд мажлисининг баённомаси билан танишиш ҳамда у ҳақда ўз мулоҳазаларини билдириш; иш бўйича келтирилган протестлар, апелляция, кассация шикоятларидан хабардор бўлиш» деган сўзлар «кассация ва тафтиш инстанцияси судининг мажлисларида иштирок этиш; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар бериш; суд мажлисининг баённомаси билан танишиш ҳамда у ҳақда ўз мулоҳазаларини билдириш; иш бўйича келтирилган протестлар, апелляция, кассация ва тафтиш шикоятларидан хабардор бўлиш» деган сўзлар билан алмаштирилди;
6) 51-модда биринчи қисмининг 9-банди қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«9) апелляция, кассация ва тафтиш инстанциялари суди томонидан кўриладиган ишларда ҳимоячи иштирок этиши шарт»;
7) 53-модданинг биринчи қисми «апелляция, кассация» деган сўзлардан кейин «ва тафтиш» деган сўзлар билан тўлдирилди;
8) 55-модданинг биринчи қисми «апелляция, кассация» деган сўзлардан кейин «ва тафтиш» деган сўзлар билан тўлдирилди;
9) 57-модданинг биринчи қисми «апелляция, кассация» деган сўзлардан кейин «ва тафтиш» деган сўзлар билан тўлдирилди;
10) 59-модданинг биринчи қисми «апелляция, кассация» деган сўзлардан кейин «ва тафтиш» деган сўзлар билан тўлдирилди;
11) 76-модда: учинчи қисмидаги «ёки кассация» деган сўзлар «кассация ва тафтиш» деган сўзлар билан алмаштирилди; тўртинчи қисмидаги «ёки кассация» деган сўзлар «кассация ва тафтиш» деган сўзлар билан алмаштирилди;
бешинчи қисмидаги «ёки кассация» деган сўзлар «ёки тафтиш» деган сўзлар билан алмаштирилди;
олтинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди; «Жиноят ишини кассация инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу жиноят ишини биринчи инстанция ёки тафтиш инстанцияси судида кўришда иштирок этиши мумкин эмас»;
қуйидаги мазмундаги еттинчи қисм билан тўлдирилди: «Жиноят ишини тафтиш инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья ушбу жиноят ишини биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судида кўришда, шунингдек ишни юқори инстанция судида тафтиш тартибида қайта кўришда иштирок этиши мумкин эмас»;
еттинчи қисми саккизинчи қисм деб ҳисобланди;
12) 273-модданинг матнидаги «ёхуд кассация» деган сўзлар «кассация ёхуд тафтиш» деган сўзлар билан алмаштирилди;
13) 306-модданинг иккинчи қисмидаги «ёки кассация» деган сўзлар «кассация ёки тафтиш» деган сўзлар билан алмаштирилди;
14) 389-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилди: «Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг судловига ҳарбий судларнинг судловига тегишли бўлган ишлардан ташқари ҳамма жиноят ишлари тегишлидир. Агар бир судда кўриб чиқилаётган жиноят иши бўйича суд муҳокамаси пайтида судланувчи томонидан бошқа суд судловига тегишли жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, ишни кўриб чиқиш суд муҳокамасини бошлаган суд томонидан давом эттирилади.
Ҳарбий судларнинг судловига тегишли ишлар қонунчилик билан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоят, Тошкент шаҳар судининг ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг судловига ўта мураккаб ва аҳамиятли ишлар тегишлидир.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси жиноят ишини, агар у мазмунан ўта мураккаб ва аҳамиятли бўлса, Ўзбекистон Республикаси Олий судига, Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоят, Тошкент шаҳар судига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига кўриш учун топширишга ҳақли.
Қорақалпоғистон Республикаси судининг раиси, вилоят, Тошкент шаҳар судининг раислари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раиси жиноят ишини, агар у мазмунан ўта мураккаб бўлмаса, жиноят ишлари бўйича тегишли туман (шаҳар) судига, шунингдек ҳудудий ҳарбий судга кўриш учун топширишга ҳақли»;
15) 4056-модданинг учинчи қисми «ҳимоячиси» деган сўздан кейин «қонуний вакили» деган сўзлар билан тўлдирилди;
16) 409-модданинг еттинчи қисми «кассация» деган сўздан кейин «ва тафтиш» деган сўзлар билан тўлдирилди;
17) 414-модданинг иккинчи қисми чиқариб ташланди;
18) 471-модданинг 4-банди қуйидаги таҳрирда баён этилди: «4) ҳукм устидан апелляция, кассация шикояти бериш, протест билдиришнинг ушбу Кодекснинг тегишинча 4973, 4974, 500 ва 501-моддаларида назарда тутилган тартиби, муддатлари»;
19) 473-модданинг тўртинчи қисми «апелляция» деган сўздан кейин «ёки кассация» деган сўзлар билан тўлдирилди;
20) ўн биринчи бўлимнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилди: “ўн бирчи бўлими ҳукмларнинг, ажримларнинг, қароралрнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш”
21) қуйидаги мазмундаги 55-боб билан тўлдирилди, 55-боб. “Ҳукмларнинг, ажримларнинг, қарорларнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг умумий шартлари белгиланган бўлиб, ушбу янги боб 478-5461-моддаларни ўз ичига олади.
Ушбу Қонун 2024 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
Жиноят ишлари бўйича
Ғаллаорол туман судининг раиси А.Норбеков