Конституциямизнинг 47-моддасига кўра, “Ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга.
Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади.
Давлат уй-жой қурилишини рағбатлантиради ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратади.
Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланади.
Уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқи шахснинг узвий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Ундан маҳрум қилиш суд қарори асосида амалга оширилади. Уй-жойи жамият ва давлат эхтиёжи учун олиб қўйилган шахсларга кўрган зарари тўлиқ қоплаб берилиши шарт.
Бунда суд кафолати уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи суд қарорисиз маҳрум этилишига йўл қўйилмаслигини англатади. Бу кафолат уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи мулкдорнинг эрки-хоҳишидан қатъи назар, мажбурий тарзда бекор бўлаётганда қўлланилиши назарда тутилган. Бунда суд томонидан мулк ҳуқуқини бекор бўлишига сабаб бўлувчи ҳолатлар амалдаги қонун ҳужжатлари асосида объектив тарзда кўриб чиқилади.
Давлат томонидан уй-жой учун ипотека кредитлари ва аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига субсидия бериш тизими жойий этилган.
Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ота-она, кўп болали оилалардаги ота-оналар, "Меҳрибонлик уйлари" битирувчилари, ногиронлиги бўлган шахслар, пенсия олди ёшидаги шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар, одам савдосидан жабрланганлар ва ҳоказолар киради.
А.Норқўзиев
Ғаллаорол туманлараро
иқтисодий судининг раиси