Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 19 июндаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига нисбатан хусусий мулкчилик институти жорий этилиши ва мулк ҳуқуқининг дахлсизлигига оид қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги
ПФ-99-сон Фармони қабул қилинди.
Президент Ш.Мирзиёевнинг 2021 йил 8 июндаги «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6243-сон Фармони қабул қилиниши ер тўғрисидаги қонунчилик ривожланишида ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида янги босқични бошлаб берди.
Ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг узвий таркибий қисми сифатида Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 15 ноябрдаги ЎРҚ-728-сон «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилиниб, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига нисбатан хусусий мулкчилик институти жорий этилди.
Мазкур қабул қилинган фармон билан бир қанча қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5495-сон Фармони 11-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилди:
“давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва хизматчиларининг қонунга хилоф деб топилган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида тадбиркорлик субъектига етказилган зарарнинг ўрни суд қарори асосида тўла ҳажмда жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича мақсадли жамғармалар маблағлари ҳисобидан қопланиши, кейинчалик айбдор шахслардан тўлиқ миқдорда регресс тартибида ундириб олиниши лозим”.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5538-сон Фармони 3-бандининг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилди:
“нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларига бериш учун бўш ер участкалари (ҳар бир ҳудудда йилига 50 лотдан кам бўлмаган) рўйхатини тасдиқлаш ҳамда ушбу ер участкаларини «E-AUKSION» электрон савдо платформаси орқали реализация қилиш”.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5742-сон Фармони 5-бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилди:
“суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари махсус муҳофазага олиниб, ушбу ерларни қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадлар учун, шу жумладан саноат ва фуқаролик объектлари (бинолар ва иншоотлар) қурилиши учун, шунингдек, унумдор тупроқ талаб этилмайдиган илғор технологияларнинг (гидропоника ва бошқалар) янги усуллари қўлланиладиган иссиқхоналар қурилиши учун ажратишга йўл қўйилмайди”.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3677-сон қарори 1-бандининг биринчи ва иккинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилди:
“Шундай тартиб белгилансинки, унга кўра, юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини мулк ёки ижара ҳуқуқи асосида бериш “E-AUKSION” электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион орқали амалга оширилади, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ер участкаларини ижарага бериш ҳоллари бундан мустасно”.
М.Фаязов
Жиззах вилоят суди судьяси
А.Норқўзиев
Ғаллаорол туманлараро
иқтисодий судининг раиси