Ушбу жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, диний мазмундаги материалларнинг қонунга хилоф ёки назорат қилинмаган муомаласи давлатнинг ижтимоий хавфсизлиги, хусусан, давлат томонидан чет элда чоп этилган диний адабиётлар ва бошқа диний мазмундаги ахборот материалларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш устидан назорати, шунингдек, расмий диний ташкилотларнинг марказий бошқарув фанларининг ўз ваколатларини амалга ошириш бўйича фаолияти бўлишига сабаб бўлади. Ундан ташқари диний мазмундаги материалларнинг ғайриқонуний равишда тайёрланиши, сақланиши ва уларни тарқатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши диний экстремизм, фундаментализм ва сепаратизм, шунингдек, уларнинг янги кўриниши бўлган нолегал диний фаолият (прозелитизм, яъни бир конфессиядаги диндорларни бошқасига ўтказишга қаратилган фаолият, бошқа миссионерлик фаолияти)нинг вужудга келиши ва ривожланишини хавфини туғдиради. Сўнгги йилларда мамлакатимизда бундай воқеалар тобора кўпроқ рўйхатга олинмоқда ва уларнинг ижтимоий хавфлилиги ортиб бормоқда.
Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга эканлиги, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган бўлиб, ушбу Конституциямизнинг 35-моддаси ва Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, диний эътиқодни мамлакатимизда яшаётган ҳар қандай шахсга қайси динга киришини эркин танлаш ва унга эътиқод қилиш ҳуқуқини амалга ошириши учун имкон яратилган. Бошқа шахсларнинг даъвати ёки ташвиқотлари натижасида қайси бир динга амал қилишлари фуқароларнинг бундай ҳуқуқларига путур етказади. Айниқса, диний мазмундаги адабиётларни нотўғри тарғиб қилиш, уларни ғайриқонуний равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш билан боғлиқ қилмишлар фуқароларнинг виждон эркинликлари билан боғлиқ ҳуқуқларининг эркин амалга оширилишига жиддий зарар етказади.
Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, ҳар бир шахс эркин эътиқод қилиш ҳуқуқига эга бўлиб, шахсни қандайдир динга киришга даъват қилиш, ташвиқот қилиш тақиқланади.
“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддаси, 1-бандига биноан Ўзбекистон Республикасида фақат расмий диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари диний мақсадларга мўлжалланган буюмлар, диний адабиётлар ва диний мазмундаги бошқа ахборот материалларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишлаб чиқаришга, экспорт ва импорт қилишга ҳамда тарқатишга ҳақлидир. Шунга асосан, ҳар қандай бошқа ташкилотларнинг ёки жисмоний шахсларнинг тарқатиш мақсадида диний мазмундаги ҳар қандай материалларни тайёрлаш, сақлаш Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки тарқатишлари ғайриқонуний ҳисобланади.
Жиноятнинг объектини айнан ҳар қандай шахсларнинг эркин эътиқод қилиш ҳуқуқлари ташкил этади ва диний мазмундаги нарсаларни қонунга хилоф тарзда тайёрлаш, тарқатиш ёки республика ҳудудига олиб кириш жамоат хавфсизлигига ҳам таҳдид солади.
Жиноятнинг бевосита обекъти Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш қоидаларига риоя қилиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлардир. Бу ҳолда жамиятдаги нормал маънавий муҳит, фуқароларнинг маънавий ва жисмоний соғлиғи факультатив объект бўлиши мумкин.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, қилмишнинг предмети диний мазмундаги материаллар, яъни диний мақсадларга мўлжалланган буюмлар, диний адабиётлар ва диний мазмундаги бошқа ахборот материаллари ҳисобланади.
Диний мазмундаги материаллар деганда, турли хилдаги диний адабиётлар (китоб, қўлёзма, рисола ва ҳ.к), диний варақа ва плакатлар, диний мазмундаги видео, аудио кассеталар, дисклар ва ҳ.к.ларни тушуниш лозим.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 6-бўлимида жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига қарши жиноятлар белгиланган бўлиб, 2443-моддасида “Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш” моддаси, бунда диний мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки тарқатиш, шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланган.
Жиноят ишлари бўйича
Пахтакор туман суди раиси У.Саттаров