Конституция лойиҳасидаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, Асосий қонунимиз матни қарийб 65 фоизга ортди ва халқимиз таклифлари асосида янгиланди.
Конституциянинг асосий янгиликлари Конституцияда Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилмоқда.
Кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик – давлат сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолади
Тарихимизда илк бора Ўзбекистон – ижтимоий давлат,
деб белгиланмоқда. Яъни, инсонга эътибор ҳамда ғамхўрлик – давлат ва жамиятнинг энг асосий бурчи экани мустаҳкамланаяпти.
Конституцияда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши белгиланмоқда. Умуман давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ Конституциядаги нормалар 3 баробар кўпайтириляпти.
Хусусан, Конституцияда ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланмоқда. Ушбу норманинг амал қилиши ҳар бир фуқаро, жумладан, ёш оилаларнинг ўз бошпанасига эга бўлишини таъминлаб, кишиларнинг ҳаётдан розилик даражасини оширади.
Маълумот учун: ўтган йили мамлакатимизда 50 минг оила учун янги квартиралар олишга шароит яратиб берилган бўлса, бу йил 90 минг оилани уй-жойли қилиш марраси олинган. Яқин 2-3 йилда эса бу рақамни 200 мингга етказиш устида ишланмоқда.
Бундан ташқари, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда (бозор қийматида) қопланиши таъминланиши кафолатланмоқда.
Аҳоли кафолатланган бепул тиббий хизматлардан фойдаланиши ҳам лойиҳага киритилган. Умуман, лойиҳада аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайтирилмоқда. Бу аҳоли соғлиғини ишончли муҳофаза этиш ҳамда оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда жуда муҳим аҳамиятга эгадир.
Маълумот учун: жорий йилда “Кафолатланган хизматлар пакети” қайта кўриб чиқилиб, унда 20 турдаги касалликлар бўйича диагностика, даволаш ва профилактика хизматлари ҳажми тўлиқ қамраб олинади.
Кўп учрайдиган 20 турдаги касалликлар бўйича бирламчи бўғиндаги бепул анализ турлари – 15 тадан 25 тагача, текширувлар – 10 тадан 20 тагача, дорилар – 64 тадан 90 тага оширилади.
Давлат бебаҳо табиий бойликларимизни кўпайтириш, асраб-авайлаш ва атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш чораларини кўради
Аҳоли ҳаёти ва саломатлик даражасини яхшилашнинг зарурий шарти сифатида Конституцияда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чоралар белгиланмоқда.
Сўнгги уч йилда қурилишлардан норози бўлиб, аҳолидан
15 мингта мурожаат келиб тушган, судлар томонидан биргина Тошкент шаҳрида 200 дан ортиқ қурилишлар тўхтатиб қўйилган, автомобиллар сони 1,3 миллионга кўпайиб, 3,6 миллионга етган, ҳар йили атмосфера ҳавосига 2,2 миллион тонна саноат ва транспорт ташланмалари чиқарилаётгани ҳам ушбу масала тобора долзарб аҳамият касб этаётганлигидан далолат бермоқда.
Шу муносабат билан, давлат атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш
ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чораларни амалга оширади, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади, деган норма мустаҳкамланмоқда.
Шаҳарларнинг бош режаларини жамоатчилик муҳокамасидан мажбурий ўтказилиши шартлиги ҳақидаги конституциявий қоида ҳозирги шароитда тобора долзарб аҳамият касб этиб бораётган шаҳарсозликка оид масалаларни халқимиз билан бамаслаҳат ечиш имконини беради.
Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эгалиги белгиланмоқда. Аҳолимиз ва келажак авлод учун экологик тоза ҳудудни сақлаб қолишнинг конституциявий кафолатлари яратиляпти.
Таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти кенгайтирилади, ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлади
Ижтимоий давлатга хос ёндашувлар таълим соҳасига оид кўплаб модда ва нормаларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробарга ошмоқда.
Жумладан, фуқароларнинг олий таълим муассасаларида давлат гранти ҳисобидан ўқиш ҳуқуқи қатъий белгилаб қўйилди.
Маълумот тариқасида айтиш мумкинки, 2017 йилгача олийгоҳларда ўқиш учун давлат грантлари сони фақат қисқариб келган бўлса, охирги олти йилда бу борадаги аҳвол бутунлай ўзгарди. Грантлар сони 2 баравар кўпайиб, 40 мингтага етди. Магистратура учунэса 5 баравар кўпайди.
Асосий қонунда фуқароларнинг бепул бошланғич касб-ҳунарга ўқитилиши ҳам белгиланмоқда.
Ногиронлиги бор болажонларимизга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитларни яратиш кўзда тутиляпти. Шунинг учун, бундай имкониятлар инклюзив таълим сифатида Конституцияга киритилмоқда. Бу шундай нуқсонларга эга болаларимизнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топиши учун муҳим кафолатдир.
Конституцияда давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтириляпти. Бу қоидалар мамлакатимиздаги 685 минг нафардан ортиқ ўқитувчиларнинг профессионал ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланиши уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми, обрўсини янада оширишга хизмат қилади.
Олий таълим ташкилотларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқи тақдим этилмоқда. Конституциямизга ушбу норманинг киритилиши профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ўқув жараёнидаги мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади. Жумладан, кейинги йилларда кўплаб нодавлат олий ўқув юртлари очилди, хорижий университетлар филиаллари сони ортмоқда, 41 та давлат олий ўқув юртига академик ва молиявий мустақиллик берилди.
Яна бир муҳим янгилик – давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши конституциявий мустаҳкамланмоқда. Ушбу норманинг киритилиши жамиятимизда оила мустаҳкамлиги ва мўътабарлигини барқарор таъминлашга хизмат қилади.
Энди фарзандлар тарбияси, уларга таълим бериш, баркамол вояга етказиш ҳам ота-она мажбурияти сифатида белгиланмоқда. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш эса давлатнинг бурчи сифатида белгиланмоқда.
Конституцияда ҳар кимнинг меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқи кафолатланмоқда. Мазкур норманинг Конституцияда белгиланиши фуқароларнинг иш ҳақлари миқдори шунчаки эмас, айнан уларнинг муносиб турмуш кечиришини таъминлашда, пировард натижада аҳоли турмуш даражасини яхшилашда ва мамлакатимизда ижтимоий адолатни устувор қадриятга айлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Лойиҳада ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши белгиланмоқдаки, булар давлатимизда гендер тенглиги принциплари тўлақонли амал қилишига олиб келиши тайин.
Бундан ташқари, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши ҳам мустаҳкамланмоқда.
Қолаверса, давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этиши ҳамда рағбатлантириши қайд қилинмоқда. Бу янги норма иш билан таъминланмаган фуқароларни камбағаллик ҳолатига тушиб қолишининг олди олишга ёки камбағаллик тоифасига кириб қолган фуқароларни ундан чиқариш бўйича давлат томонидан тегишли чоралар кўрилишига конституциявий кафолат сифатида хизмат қилади.
Конституцияда болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, аҳлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланиши белгиланмоқда. Шукрки, бугунги Ўзбекистонда узоқ йиллар юртимизнинг халқаро имиджига салбий таъсир қилиб келган мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилди.
Лойиҳада ҳар ким ишсизликда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамланяпти. Пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдамлар миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилмоқда.
Бу дегани, ҳозирнинг ўзида 2 миллион 200 минг эҳтиёжманд оилалар давлатдан кафолатли моддий ёрдам олади, деганидир.
Бу – жами оилаларнинг 25 фоизига тўғри келадики, айни харажатлар учун ҳар йили 11 триллион сўм ажратилади.
Жиноят ишлари бўйича
Пахтакор туман суди раиси У.Саттаров