Коррупция, бу – давлат ва жамиятнинг иқтисодий ва маънавий асосларини ичдан емирадиган, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятини жамият ва фуқаро олдида обрўсизлантирадиган, жамият аъзоларининг амалга оширилаётган ўзгаришларни нохолис баҳолаш ва салбий муносабатини вужудга келиши учун шароит яратувчи хавфли иллат ҳисобланади. Шу боис коррупция – давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, шунингдек, судлар нормал фаолиятига, жамият тараққиётига ғов бўлувчи асосий ички таҳдидлардан биридир.
Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасида коррупцияга тушунча берилган бўлиб, унга кўра, коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишида ифодаланган ҳаракатларидир.
Мазкур қонуннинг 5-моддасида Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:
аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;
давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;
коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сонли Фармонининг 1-иловаси билан “2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси” тасдиқланди.
Мазкур Стратегиянинг 3.8-бўлимида судларда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва коррупцияга қарши курашишни изчил давом эттириш, суд тизимини «коррупциясиз соҳа»га айлантириш чораларини кўриш судларда коррупцияга қарши курашиш бўйича устивор вазифалар сифатида белгилаб қўйилди.
Қисқа муддатларда судларда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича самарали механизмлар яратилади ва “Судлар коррупцияга мутлақо қарши» рукни остида кенг жамоатчиликка ахборот бериш амалиёти ҳам йўлга қўйилади.
Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасида баён қилинишича, манфаатлар тўқнашуви, бу — шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазиятдир.
Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, давлат органларининг ходимлари ўзининг бевосита раҳбарини дарҳол хабардор қилиши керак. Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олган раҳбар бу тўқнашувнинг олдини олиш ёки уни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўриши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2018 йил
29 январдаги 490-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2021 йил 19 ноябрдаги 1642-сон қарори билан ўзгартириш киритилган “Судьялар одоби кодекси”нинг 9-моддасида судьянинг ҳалоллиги принципи белгилаб қўйилган бўлиб, унга кўра судья судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига ўтказилган босим ва аралашувлар тўғрисида, шунингдек муайян ҳаракатларни бажарганлик ёки бажармаганлик учун мукофот таклиф қилинганлиги ҳақида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг Судьялар олий кенгашига ва (ёки) судьялар малака ҳайъатига хабар қилиши лозим.
Қонун ҳужжатларига кўра, Давлат органларининг махсус бўлинмалари ёки одоб комиссиялари манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш қоидаларига риоя этилиши юзасидан мониторингни амалга оширади.
Давлат органларининг манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ёки уни бартараф этиш талаблари бузилишига йўл қўйган ходимлари, шунингдек уларнинг раҳбарлари қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.
Жиззах вилоят маъмурий
судининг судьяси Тўрабек Қодирқулов