ҒАЛЛАОРОЛДА ЯНГИ КЛИНИКА ЎЗ ИШ ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ.
Соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш, ҳудудлар аҳолиси учун ихтисослаштирилган тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини ошириш, хусусий тиббиёт ташкилотларининг инвестицивий фаоллигини яхшилаш, уларни замонавий, юқори технологияли асбоб-ускуналар ва бутловчи қисмлар билан жиҳозлаш, шунингдек, тиббиёт туризмини ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Қарорга асосан туманимизда ҳам бир нечта хусусий тиббиёт клиникалари ташкил этилди. Улардан бири Навбаҳор қишлоғида, М-39 автомагистрал йўлининг ёқасида жойлашган “Мажнунтол” номли клиника бўлиб, бу ерда 9 нафар олий маълумотли УТТ врачи, врач лаборант, терапевт, невропатолог, кардиолог, отоларинголог, эндокринолог, акушер-гинеколог ҳамда уролог врачлар, 18 нафар ҳамшира ва 6 нафар кичик тиббиёт ходимлари фаолият олиб бормоқда.
Клиникага беморлар стационар ва амбулатор қабул қилинади. Клиника замонавий ультратовуш текшируви аппарати, қон таҳлили аппарати, пешоб таҳлили аппарати ва автоклав билан жиҳозланган.
Бу ерда консерватив даводан ташқари физиотерапевтик муолажалар, бурун бўшлиқларини ювиш, УВЧ, УЗТ, электрофорез, Зинда муолажаси, хиджама муолажаси, парафин аппликацияси, умртқа поғонаси ва бўйин умуртқаларини тортиш ҳамда массаж муолажалари ўтказилади.
Ғаллаорол тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати