Телефонлар:
(0372) 432-13-34
(0372) 432-12-88
» » “Ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши жиноятлар тушунчаси, уларнинг турлари

“Ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши жиноятлар тушунчаси, уларнинг турлари

16 февраль 2022 йил
228
0

Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш мамлакатимизни ривожлантириш стратегиясининг муҳим тармоғидан бири ҳисобланиб, бунда асосий эътибор инсон ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилишнинг кафолати сифатида суд хокимияти обрўсини ошириш, судларнинг том маънодаги мустақиллигини таъминлаш, уларни жазоловчи органдан қонун устуворлигини таъминловчи, оддий одамларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилувчи органга айлантиришга, ҳокимиятнинг алоҳида учинчи тармоғи сифатида бутун одил судлов тизимини ислоҳ қилиш ва демократлаштиришга қаратилгандир.

Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, амалдаги ва янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларини жамоатчиликка тушунтириш бўйича кенг тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш мақсадида “Менинг маҳаллам -  менинг судьям” ғояси асосида барча судьяларни ўзлари фаолият кўрсатаётган туман (шаҳар) ҳудудидаги маҳаллаларга доимий бириктириш, уларда мавжуд ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш ва тизимли ҳал этиш юзасидан сайёр учрашувлар, очиқ мулоқотлар ўтказиш шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида “ҳокимият” тушунчасига аниқ бир таъриф берилмаган. Айни вақтда “ҳокимият” ибораси баъзи қонун ҳужжатларида ҳамда, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, авваламбор, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти тармоғи органларига нисбатан қўлланилган. Шунингдек, айрим қонун ҳужжатларидаги матн ва таърифдан келиб чиққан ҳолда ҳокимият тушунчасини белгилаб олиш мумкин.

Асосий Қонунимиз конституциявий тузум асосларини мустаҳкамлаган ҳолда Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти Президент, Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Республика судлари томонидан амалга оширилишини белгилаб берган. Давлат ҳокимиятининг олий органлари эса жойлардаги ҳокимият органларини шакллантиради.

Ҳокимият деганда, маълум бир воситалар - ирода, нуфуз, ҳуқуқ, мажбурлов, сиёсий ҳукмронлик, давлат органлари тизими орқали инсонлар фаолиятига, хулқ-атворига таъсир этиш қобилияти ва имконияти тушунилади.

Жиноят кодексининг шарҳланаётган боби моҳиятидан келиб чиқилса, ҳокимият деганда, нафақат давлат ҳокимияти, балки мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса ва ташкилотларда локал ҳужжат (устав, ички меҳнат тартиб-қоидалари ва ҳоказо)ларга мувофиқ тарзда белгиланган бўйсуниш тартиби, бошқарув ва раҳбарлик ҳам тушунилади.

Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқларига бўлиниши асосида амалга оширилади. Шунга мувофиқ қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органлари мавжуд. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимиятини маҳаллий вакиллик, яъни вилоят, туман ва бошқа маъмурий-ҳудудий тузилмалардаги давлат ҳокимияти органлари ҳам амалга оширади.

Давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларларидан ташқари мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса ва ташкилотларда ўз фаолиятини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ҳам жиноийлаштирилади. Корхона, муассаса ва ташкилотлардаги мансабдор шахсларнинг фаолияти бошқарув функцияси бериб қўйилган ички органлар доирасида ҳам олиб борилади.

Давлат органи деганда, давлат ҳокимияти ваколатлари берилган, давлат томонидан ўз фукцияларини амалга ошириш учун ваколат берилган ва давлат белгилаган тартибда фаолият юритувчи фуқаро ёки фуқаролар жамоасини тушуниш лозим.

Амалдаги Конституцияга мувофиқ, давлат органлари, энг аввало, давлат ҳокимияти органлари ҳисобланади. Жумладан, давлат ва муниципал муассасаларнинг мансабдор шахслари шундай ҳисобланиши мумкин.

Бошқарув, ижтимоий-маданий вазифаларни ёки тижоратчиликдан иборат бўлмаган бошқа вазифаларни амалга ошириш учун мулкдор томонидан ташкил этилган ва тўла ёки қисман молиявий таъминлаб туриладиган ташкилот муассаса ҳисобланади (ФК 76-моддаси).

Мазкур ҳолатда давлат ёки маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тузилган муассасалар тўғрисида сўз бормоқда. Улар жумласига бошқарув вазифасини амалга оширувчи давлат ва муниципал муассасалари, таълим муассасалари, маданият, илм-фан, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизими муассасалари киради.

Бошқарув органи деганда, давлат бошқарув органлари ёхуд нодавлат кўринишидаги корхона, ташкилот ёки муассасанинг ҳокимият, бошқарув ва тасарруф қилиш ваколатларига эга бўлган органи тушунилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи - бу фуқароларнинг ўз манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий хусусиятларидан, шунингдек, миллий ва маънавий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал қилиш борасидаги мустақил фаолият олиб бориш мақсадида фуқароларнинг яшаш ҳудудининг умумийлиги асосида тузилган бирлашмадир.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардаги маҳаллалар фуқароларининг йиғини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳисобланади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ва қонун билан берилган ўз ваколатларини тегишли ҳудудда амалга оширади.

Давлат ҳокимиятига, давлат манфаатларига тажовуз қилиш, бошқача айтганда, ҳокимиятнинг нормал иш олиб бориши ва бошқарилишига қарши жиноятлар фуқароларга жисмоний ва маънавий зарар етказиш, мулкий зарар етказиш, фуқароларнинг Конституциявий ва бошқа ҳуқуқларини бузиш, жамият ва давлат манфаатларига бошқача зиён етказиш орқали ифодаланади. Бу эса бошқарув тартибига қарши жиноятларнинг содир этилишидаги қўшимча ва факультатив объектларни ажратиб кўрсатиш имконини беради.

Содир этилганлиги учун Жиноят кодексининг шарҳланаётган бобида жиноий жавобгарликни назарда тутадиган жиноятларнинг яна бир фарқловчи томони шундан иборатки, уларнинг барчаси (бошқа шахслар томонидан содир этилиши мумкин бўлган, пора бериш жиноятидан ташқари барча жиноятлар) махсус субъектлар (мансабдор ва масъул мансабдор шахслар), яъни умумий субъектдан маълум бир ўзига хослиги билан ажралиб турувчи шахслар томонидан содир этилади. Ушбу жиноятлар давлат ва маҳаллий органларнинг тизими ичида мазкур органлар, давлат муассасалари ходимларининг ўзлари томонидан ва бошқа турдаги мулкчиликка асосланган корхона, муассаса, ташкилотларнинг мансабдор шахслари томонидан содир этилади.

Шундай қилиб, ҳокимият ва бошқарув органларининг фаолият тартибига қарши жиноятлар - бу давлат ва маҳаллий ҳокимият ҳамда бошқарув органлари, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса ва ташкилотлар органларининг нормал, қонун билан тартибга солинган фаолиятига таъсир кўрсатувчи, муайян ҳокимият ва бошқарув органларининг мансабдор шахслари томонидан ўзларининг ваколатларидан фойдаланган ҳолда, шунингдек, махсус топшириқ (ваколат) бўйича бошқарув функциясини амалга оширувчи шахслар томонидан содир этилган хатти-ҳаракатдир.

Жиноят ишлари бўйича

Ғаллаорол туман суди раиси У.Хидирбоев

Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар