Телефонлар:
(0372) 432-13-34
(0372) 432-12-88
» » ЎЗБОШИМЧАЛИК БОШ ОҒРИҒИ БЎЛМАСИН

ЎЗБОШИМЧАЛИК БОШ ОҒРИҒИ БЎЛМАСИН

19 февраль 2022 йил
99
0

Баъзан шундай бўлади: кўзингга ташландиқ, эгасиздек кўринган ердан фойдаланишни, даромад топиб биринг икки бўлишини истайсан. Ёинки, ижарага ер майдони оласан. Деҳқончилик ёки чорва парваришлаб, бир чеккага сўри-супа қурасан, албатта. Кейинроқ, мўъжазгина уй, қор-қиров ва қуёш тиғидан қочиб, дам олиш учун шифти пастроқ бино ҳам қуриш мумин... Мумкинмикан? Сўраб-суриштирсанг, бировдан тайинли маълумот олмайсан. Вақти эса ўтиб боради.

“Ўйчи ўйини сургунча, таваккалчи ишини битирипти” деган мақол бор. Аммо ҳар доим ҳам таваккалчининг иши “беш” бўлмайди. Эгасиздек туюлган майдонларнинг эгаси бор. Бир-икки кишининг, бемалол фойдаланаверинг, деган гапи билан майонларда катта қурилишлар бошлаб юборган, турли экинлар экиб, хўжаликлар ташкил қилган ва алал-оқибат кетган маблағига “куйиб” қолган тадбиркор ҳамда фермерлар оз эмас. Ер-мулкни хужжатлаширишда қалбакилик, кўзбўямачилик қилган “ишбилармонлар” ҳам бор. Бундайларнинг қилмиши  эртами-кеч фош бўлади. Қонундан бехабарлик жавобгарликдан халос этмайди. 

Жиззах вилоят судининг фуқаролик ишлари суди томонидан
ўтган икки йил давомида қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ўзбошимчалик асносида қурилган иморатларни буздириш билан боғлиқ  фуқаролик ишлари юзасидан қатор ҳолатларни кўриб чиқди. Жумладан,   ноқонуний қурилмаларни бузиш ва ер майдонларини қайтариш билан боғлиқ жами 1536 та (2019 йилдан1 та қолдиқ бўлиб ўтган, 2020 йилда 1535 та) даъво аризалар келиб тушган. 1491 таси ҳокимият томонидан, 29 таси прокуратура, 16 таси  бошқа ташкилотлар томонидан киритилган даъво аризаларни ташкил қилган. Келиб тушган даъво аризаларнинг 100 таси иш юритишга қабул қилиш рад этилган бўлса, 159 таси қайтарилганлиги, кўриб тамомланган фуқаролик ишларининг 864 таси ёки кўриб тамомланган ишларга нисбатан 70,6 фоизи қаноатлантирилган, 15 таси ёки 1,2 фоизи рад этилган. 309 таси ёки 25,2 фоизи иш юритишдан тугатилган ва 36 таси ёки 2,9 фоизи кўрмасдан қолдирилган. Мазкур фуқаролик ишларининг 1006 таси ёки 82,2 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилган.

Судларда ишлар кўрилиши жараёнида вилоятдаги фермер хўжаликларининг ер майдонларига айни шу фермер ёки бошқа шахслар томонидан уй-жой ёки бошқа иморатлар қуриб олганлиги ҳолатлари ҳам аниқланган.

Мисол учун даъвогар Дўстлик туман ҳокимлиги жавобгар Ў.Ураловга нисбатан ноқонуний қурилган қурилмани буздириш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган. Маълум бўлишича, Дўстлик туман хокимининг 2019 йил 30 январдаги № 471-сонли қарори билан “Одил Сайдулло” фермер хўжалигига қишлоқ хўжалиги харитасининг 358, 360ч-контурларидан жами 78.9 гектар ер майдони пахта ва ғаллачилик йўналишида узоқ муддатга ижарага берилган. Дўстлик тумани “Одил Сайдулло” фермер хўжалиги раҳбари  Ў.Уралов фермер хўжалигига ажратилган ер майдонидан 0.005 га. ер майдонига ноқонуний дала уйи биносини қуриб олган. Бундан ташқари иш хужжатларида Дўстлик туман Ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими томонидан берилган № 74-сонли маълумотномаси мавжуд бўлиб, унда қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларидан фойдаланиш тоифасига кирадиган ерлар жойлашган контурлар рўйхати кўрсатилган. Жавобгар томонидан ноқонуний қурилган дала уйи биноси ҳам ушбу контурлар ҳудудига кириши маълум бўлгач,  суднинг 2021 йил 26 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, “Одил Сайдулло” фермер хўжалигининг  дала уйи биноси жавобгар ҳисобидан буздириши ва суд ҳаражатлари ундирилиши белгиланган. Негаки, Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 212-моддаси 1 ва 3 қисмларига кўра, “Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади. Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди.”

Ушбу модданинг 3-қисмига кўра, ўзбошимчалик асносида иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.

Бундай ҳолатларни бошқа бир қанча фуқаролик ишларида ҳам кўриш мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, фермер ёки тадбиркор ўзига ажратилган ер майдони учун уй-жой қуриш мумкин эмаслигини билмаслиги мумкин эмас, албатта. Чунки, ижара шартномасида иморат қуриш кўрсатилмаган ва кўрсатилмайди ҳам. Фермернинг ўзбошимчалиги унга қимматга тушади. Негаки, суд харажатлари айбдор томондан ундирилади ва шу билан биргаликда иморатни ўз ҳисобидан бузади. Бу эса фермер учун ортиқча сарф-ҳаражатларни келтириб чиқаради ва шу билан биргаликда унинг иш самарадорлигига ҳам таъсир этмасдан қолмайди. Бинобарин, фермер хўжаликлари рахбарларини ўзбошимчалик асносида иморатларини қурмасликка, хужжатлар ва қонун-қоидалар билан яқиндан танишиш ва ўрганишга  даъват этамиз.

Ш.ОМОНОВ 

Жиззах вилоят судининг фуқаролик 

ишлари бўйича суди судьяси

Муҳокамага қўшилинг

Тавсия этамиз:

БОЛА ПУЛИ КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?
06 январь 2022, Четверг
БОЛА ПУЛИ КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар