Телефонлар:
(0372) 432-13-34
(0372) 432-12-88
» » “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун ва моҳияти

“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун ва моҳияти

22 май 2022 йил
341
0

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 114-моддаси, Фуқаролик процессуал кодексининг 16-моддаси, Иқтисодий процессуал кодексининг 15-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 16-моддасига мувофиқ суд ҳокимиятининг ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

Суд ҳужжати ижрога қаратилишининг муҳим шарти унинг қонуний кучга кириши ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасига кўра, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (бундан буён матнда Мажбурий ижро бюроси деб юритилади) органларининг давлат ижрочилари зиммасига юклатилади, уларнинг ваколатлари ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.

Ушбу Қонунда белгиланган қоидаларга биноан қуйидагилар ижро ҳужжатлари ҳисобланади:

1) судлар ўзлари қабул қиладиган суд ҳужжатлари асосида берадиган ижро варақалари;

2) ҳакамлик судининг қарорларини мажбурий ижро этиш юзасидан судлар берадиган ижро варақалари;

3) чет эл судлари ва арбитражлари қарорлари асосида Ўзбекистон Республикаси судлари берадиган ижро варақалари;

4) суд буйруқлари;

5) алиментлар тўлаш тўғрисидаги нотариал тарзда тасдиқланган келишувлар;

6) нотариусларнинг ижро хатлари;

7) меҳнат низолари комиссиялари ўз қарорлари асосида берадиган гувоҳномалар;

8) маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга органлар (мансабдор шахслар) чиқарган қарорлар;

9) ўзбошимчалик билан турар жойни эгаллаб олган ёки авария ҳолатида деб топилган уйларда яшаётган шахсларни маъмурий тартибда кўчириш тўғрисидаги прокурорларнинг қарорлари;

10) давлат ижрочиларининг қарорлари;

11) қонунда назарда тутилган ҳолларда бошқа органларнинг ҳужжатлари.

Ижро варақаси, суд буйруғи судьянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида ахборот тизими орқали тақдим этилиши мумкин.

Қонуннинг 9-моддасида қайд этилганидек, ундирувчи ва қарздор ижро иши юритишдаги тарафлар ҳисобланади.

Ижро ҳужжати кимнинг фойдасига ёки манфаатларини кўзлаб берилган бўлса, ўша шахс ундирувчи ҳисобланади.

Ижро ҳужжатлари қуйидаги муддатларда ижрога топширилиши мумкин:

1) умумий юрисдикция судларининг суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро варақалари уч йил мобайнида, иқтисодий судларнинг суд ҳужжатлари эса — олти ой мобайнида;

2) ҳакамлик судининг қарорларини мажбурий ижро этиш тўғрисидаги суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро варақалари — олти ой мобайнида;

3) нотариусларнинг ижро хатлари — уч йил мобайнида;

4) меҳнат низолари комиссияларининг гувоҳномалари — уч ой мобайнида;

5) ишларни маъмурий тартибда кўриш ваколатига эга органларнинг (мансабдор шахсларнинг) қарорлари — уч ой мобайнида.

Бошқа ижро ҳужжатларини ижрога топшириш муддатлари тегишли ижро ҳужжатларини бериш шартлари ва тартибини белгиловчи қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилади.

Ижро ҳаракатлари ва ижро ҳужжатининг талаблари ижро ҳужжатининг ихтиёрий ижро этилиши учун ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарорда белгиланган муддат тугаган кундан эътиборан кўпи билан икки ой муддат ичида давлат ижрочиси томонидан амалга оширилиши ва ижро этилиши керак.

Ижро ҳужжатларининг қуйидаги талаблари дарҳол ижро этилиши керак:

алиментлар ҳамда уч ойдан ошмаган иш ҳақини ундириш тўғрисидаги талаблар;

қонунга хилоф равишда меҳнат шартномаси бекор қилинган ёки қонунга хилоф равишда бошқа ишга ўтказилган ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги, меҳнат шартномасини бекор қилиш асосининг таърифини ўзгартириш тўғрисидаги талаблар;

ижро ҳужжатида баён этилган талаблар дарҳол ижро этилиши ҳужжатда кўрсатилган ёки дарҳол ижро этилиши қонунда назарда тутилган ҳоллардаги бошқа ишларга доир талаблар.

Қонунга кўра, ихтиёрий равишда ижро этиш учун давлат ижрочиси томонидан белгиланган муддатнинг ўтганлиги мажбурий ижро этиш чораларини қўллаш учун асос бўлади.

Қуйидагилар мажбурий ижро этиш чоралари ҳисобланади:

1) ундирувни қарздорнинг пул маблағларига ва бошқа мол-мулкига қаратиш;

2) ундирувни қарздорнинг бошқа шахсларда турган пул маблағларига ва бошқа мол-мулкига қаратиш;

21) ундирувни қарздорнинг дебиторлик қарзига, шу жумладан қарздор ундирувчи сифатида иштирок этаётган ижро ҳужжати бўйича унга тегишли бўлган маблағларга қаратиш;

22) ундирувни қарздорга тегишли бўлган алоҳида мулкий ҳуқуқларга қаратиш;

3) ундирувни қарздорнинг иш ҳақи, стипендияси, пенсияси ва бошқа турдаги даромадларига қаратиш;

4) ижро ҳужжатида кўрсатилган муайян ашёларни қарздордан олиб қўйиш ва ундирувчига топшириш;

5) ижро ҳужжатининг ижро этилишини таъминловчи қонунларга мувофиқ кўриладиган бошқа чоралар.

Қонуннинг 88-моддасига кўра, давлат ижрочисининг хатти- ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Давлат ижрочисининг қонуний кучга кирган суд ҳужжатининг ижроси бўйича чора кўрмаганлиги ёки бошқа ғайриқонуний ҳаракатларни содир этганлиги судга бериладиган шикоятнинг объекти бўлиши мумкин.

Давлат ижрочисининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш МСИЮтКда назарда тутилган талабларга риоя қилинган ҳолда ариза (шикоят) бериш йўли билан амалга оширилади. Ушбу аризалар (шикоятлар) МСИЮтКда белгиланган тартибда, Кодекснинг 23-бобида назарда тутилган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Жиззах вилоят маъмурий суди

судьяси Тўрабек Қодирқулов

Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар