Телефонлар:
(0372) 432-13-34
(0372) 432-12-88
» » Коррупция: унга қарши кураш cоҳасида янги босқич

Коррупция: унга қарши кураш cоҳасида янги босқич

16 июль 2021 йил
162
0

«Коррупция» атамасининг этимологик жиҳати хусусида турли фикрлар мавжуд. Кенг оммалашган биринчи фикр тарафдорларига кўра, «коррупция» атамаси лотинча «corruptio» сўзидан олинган бўлиб, «пора эвазига оғдириш» деган маънони англатади.

Aйрим адабиётларда эса мазкур атама лотинча «corrumpere» (бузилиш, айниш, таназзул), бошқа адабиётларда лотинча «cor- rup­­tum» (синган, бузилган) сўзидан келиб чиққани ва шахсий ҳамда корпоратив фойда йўлида жамоат манфаатларига путур етказишни англатиши қайд этилган. Коррупцияга қарши жиддий ва кескин кураш олиб боришни вазиятнинг ўзи тақозо этмоқда. Қайси бир соҳада ривожланиш, тараққиёт рўй бермаётган экан, унинг асл сабаби коррупцияга бориб тақалади.

Коррупция мамлакатда амалга оширилаётган исло­ҳотлар йўлидаги жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда.­ Дунё­нинг илғор давлатлари коррупцияга қарши миллий дара­жадаги чора-тадбирларни қўллаш билан­ бир қаторда,­ халқаро­ миқ­ёсдаги дастур­лар­ни амалга­ оширишда ҳам фаол  иштирок этиб келмоқда.

Халқаро валюта жам­ғар­ма­сининг ҳисоб-китоб­ла­рига кўра, коррупция туфайли­ жаҳон иқтисодиё­ти йилига ўртача 1,5-2 триллион АҚШ доллар­и миқдорида зарар кўради.

Коррупция халқ­нинг давлат ва унинг органларига бўлган ишончига путур етказади, ижти­моий-иқтисодий муаммоларнинг вужудга келиши ва чуқурлашишига сабаб бўлади.­ Биринчи Президен­тимиз Ислом Каримов жино­ятчилик ва коррупция­га хавфсизликка таҳдид солувчи омиллардан бири сифатида баҳо бериб, «жино­ятчилик ва коррупция­ жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларини емиради. Жамият аъзоларининг фуқаролик мавқеини йўққа чиқаради. Амалга оширилаётган ўзгаришларга салбий муносабат вужудга келиши учун шароит яратади», дея таъкидлаган эди.

Конституциямизнинг 2-моддасига кўра, давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат­ қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар. Коррупция  мазкур конституциявий қоидага зиддир. Шундай экан, давлат ва унинг органлари давлатнинг конституциявий асосларига раҳна солиши мумкин бўлган бундай ҳуқуқбузарликларга қарши барча куч-имкониятини ишга солиши керак.

Яқинда мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш бўйича жуда муҳим икки ҳужжат —  «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун ва Президентимизнинг «Коррупцияга қарши   курашиш тўғрисида»ги Ўзбекис­тон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори­ қабул қилинди.

 Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди маърузаларидан бирида «бугунги кундаги яна бир устувор вазифамиз — мамлакатимиз ривожига тўсиқ бўлаёт­ган ёвуз иллат, яъни коррупция ва уюшган жиноят­чиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликнинг олдини­ олиш масалаларини самарали ҳал этишдан иборат» эканини алоҳида таъкидлаган эди. Мазкур қонун ҳужжатлари қабул қилингани, шунингдек, Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан­ тасдиқланган 2017—2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга­ оширишга оид   дав­лат­­ дасту­рида ҳам коррупция­га қарши курашишнинг ташки­лий-ҳуқуқий меха­низмла­рини тако­миллаш­ти­риш ва корруп­ция­га қарши курашиш­ тадбирлари самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилангани олдимизга қўйилган эзгу мақсадларга эришиш йўлидаги изчил ҳаракат сифатида  баҳолаш мумкин.

Бунга қадар республикамизда коррупцияга қарши қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган, чоралар кўрилган бўлса-да, давлат бошқарувини халқ олдида­ обрўсизлантирувчи бу ҳуқуқбузарликка қарши тизимли ва самарали кураш учун зарур бўлган бир қатор омиллар етишмаётган­ эди. Бу кўп жиҳатдан соҳага оид ҳуқуқий нормаларнинг етарли дара­жада­ такомиллашмагани, ҳатто коррупция тушун­часи­ қонунчиликда аниқ-равшан белгиланмагани, қонунларда бу борадаги сиё­сат, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолият­ни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар аниқ кўрсатиб ўтилмаганига бориб­ тақаларди. Махсус қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда­ бу иллатга қарши тизимли кураш олиб боришнинг қонуний асосларини  тако­миллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Қонун билан тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамияти ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар­ устуворлиги, жавобгар­ликнинг муқаррарлиги корруп­цияга қарши курашнинг асосий принциплари сифа­тида белгилаб қўйилди.­ Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўна­лишлари қонун даражасида­ мустаҳкамланди.

Қонун нормаларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Президент қарори билан 2017—2018-йилларга мўлжалланган корруп­ция­га­ қарши курашиш бўйича давлат дастури, Коррупция­га­ қарши курашиш бўйича республика­ идоралараро  комиссияси таркиби тасдиқланди.

Давлат дастури 51 банддан иборат чора-тадбирларни қамраб олган. Унда коррупцияга бевосита ёки билвосита қарши қаратилган, унинг тизимли сабаблари ва шароитларининг олдини олишга йўналтирилган 10 та қонун, бир қатор қонуности ҳужжатлари, чора-тадбирлар режалари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, туркум тарғибот тадбирларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори раҳбарлик қиладиган нуфузли таркибда­ шакллантирилган. Комиссия­ таркибига парламент аъзолари, бир қатор вазирлик ва­ идоралар раҳбарлари,­ олимлар билан бирга фуқа­ролик жамияти институти аъзолари киритилгани комиссия­ фаолиятини самарали ташкил этиш, давлат таш­ки­лот­ларида­ учрайдиган коррупциявий ҳолатларни учинчи сектор вакиллари билан ҳамкорликда аниқлаш ва бартараф­ қилиш имконини беради.

Инглиз-ирланд давлат арбоби Эдмунд Бэрк «коррупция барқ ураётган жамиятда озодлик узоқ вақт ҳукм суриши мумкин эмас»­ деган фикрни билдирган эди. Дарвоқе, бутун­ тарих­ давомида мамлакатлар ўз мустақиллигини бой беришига нафақат жангу жадаллардаги мағлубиятлар, балки амалдорларнинг сот­қинлиги, ўз манфаатларини жамият манфаатларидан устун қўйгани, яъни коррупция ҳам сабаб бўлган. Демак, коррупция­га қарши курашиш айни пайтда мус­та­қиллигимизни мустаҳкамлаш, ватанимизнинг озод­ли­ги ва ободлигини таъминлаш учун ҳам ҳаётий заруратдир.

Жиноят ишлари бўйича 

Ғаллаорол туман суди раиси У.Хидирбоев 

Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар