Телефонлар:
(0372) 432-13-34
(0372) 432-12-88
» » Коррупциягақарши курашиш ва унга оид халқаро ҳуқуқий хужжатлар

Коррупциягақарши курашиш ва унга оид халқаро ҳуқуқий хужжатлар

09 июнь 2021 йил
428
0

Коррупция жамиятни емирувчи иллат бўлиб, у ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ривожланишга, демократия асосларига ва қонун устуворлигига тўсқинлик қилади.

Коррупция сўзи — лотинча «пора бериб сотиб олиш» маъносини англатиб, мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқ ва имкониятлардан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланишни ифодаловчи сиёсий ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият тушунилади. Коррупция жиноят қонунчилигида ўзи мустақил жиноят таркиби бўлмай, балки бир қатор мансабга оид жиноятларни қамраб олувчи умумлашган тушунчадир.

Хусусан, унинг таркибига мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ҳокимият ҳаракатсизлиги, пора олиш, бериш ва бошқа бир қатор жиноятлар киради.

Таъкидлаш лозимки, коррупция, энг аввало, инсон ҳуқуқларини таъминлашга монелик қилиб, ижтимоий тенгсизликни келтириб чиқаради. Эркин бозор иқтисодиётининг ривожланишига, ҳаёт даражасининг пасайишига олиб келади. Шу билан бир қаторда коррупция фуқароларнинг давлат бошқаруви идораларига бўлган ишончи йўқолишига олиб келиб, уюшган жиноятчиликнинг авж олишига замин яратади ва инсонларнинг хавфсизлигига таҳдид солади.

Шунинг учун ҳам демократик давлатлар коррупцияни ривожланиш ва янгиланишнинг илдизига болта урувчи хавфли иллат сифатида тан олиб, бу борада тизимли равишда иш олиб боришни ўзларининг асосий вазифалари деб белгилаганлар.

Бу борада 2003 йил 31 октябрда БМТнинг Коррупцияга қарши Конвенцияси қабул қилинган бўлиб, унга 160 дан ортиқ давлат аъзо бўлган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши Конвенциясида кўзда тутилган мақсадларидан асосийлари шуки, амалда коррупциянинг самарали олдини олишга ёрдамлашиш, бу борада халқаро ҳамкорлик ва техник ёрдамни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш, енгиллаштириш, шу жумладан, молиявий маблағларни қайтариш, ижтимоий фаолият, ижтимоий мулкни бошқаришда ҳалоллик, поклик ва ростгўйликни рағбатлантириш ҳамда ёқлашдир.

Конвенциянинг 1-бобида асосий ҳолатлар ҳақида фикр юритилган бўлса, 2-4-бобларида коррупциянинг олдини олиш бўйича чоралар, криминаллашув, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи фаолият ва халқаро ҳамкорлик борасида тушунтиришлар берилган.

Шу билан бир қаторда, мазкур Конвенциянинг 6-моддасига биноан, ҳар бир давлат ўз ҳуқуқий тизимига асосланиб коррупцияга қарши курашувчи махсус орган ёки органларни таъсис этиши лозимлиги ва коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кураш бўйича конвенция қоидаларини, билимларни кенг ёйиши ҳақида айтиб ўтилган. Бу борада Республикамизнинг Прокуратура, ИИВ, МХХ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларида коррупцияга қарши йўналтирилган бир қатор бошқарма ва бўлимлар мавжуд.

Коррупция мавзуси кейинги пайтда долзарб аҳамият касб этгани ҳеч кимга сир эмас. Мазкур иллатга нисбатан одамларда кўникма шаклланиб қолишининг олдини олиш ва унга қарши курашнинг самарали йўлларини топиш бу борада асосий мақсад ҳисобланади.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш бўйича ҳуқуқий меъёрларни ишлаб чиқиш, авваламбор, улар қабул қилингандан сўнг қай даражада самара бериши мумкинлиги ҳақида олдиндан атрофлича ўйлаб кўришни талаб қилади. Қабул қилинган барча ҳуқуқий меъёрлар, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, коррупция жамият механизмларининг нормал фаолиятига, миллий иқтисодиёт ривожига ҳали ҳам тўсқинлик қилиб келмоқда. Бу эса фуқароларда давлат институтларига нисбатан ишончсизлик уйғонишига, Ўзбекистоннинг халқаро доирадаги обрўсига путур етишига сабаб бўлмоқда.

Бу иллатга қарши курашни жаҳон талаблари асосида шакллантириш мақсадида 2008 йилда мамлакатимиз БМТнинг "Коррупцияга қарши" конвенциясини ратификация қилди ва шу йили "Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "Коррупцияга қарши" конвенциясига Ўзбекистон Республикаси қўшилиши тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди. Ушбу конвенция талаблари коррупцияга оид миллий қонунчиликни яна бир бор таҳлил этиш, зарурий ҳуқуқий меъёрларни қабул қилиш ва шу орқали коррупцияга қарши кураш самарадорлигини оширишни назарда тутади.

Маълумки, ҳуқуқий меъёрлар самарадорлиги — ҳуқуқий меъёр ва ундан кўзланган мақсаднинг ҳуқуқий меъёр амалиётга жорий этилгандан сўнг эришилган натижалар билан мутаносиблигидир. Коррупцияга оид ҳуқуқий меъёрларнинг самарадорлигига бир қанча омиллар таъсир қилади. Улар ҳуқуқий ва ижтимоий бўлиши мумкин. Ушбу омиллар сирасига қуйидагилар киради:

1) қонун ва бошқа ҳуқуқий меъёрларнинг сифат даражаси;

2) ҳуқуқни қўллаш фаолиятининг сифат даражаси.

Коррупцияга оид ҳуқуқий меъёрларнинг самарадорлиги яна бир қатор ижтимоий омилларга ҳам боғлиқ. Жумладан:

1) жамиятнинг иқтисодий ривожланиш даражаси. Муайян бир мамлакатнинг иқтисодий аҳволи мазкур мамлакатда коррупция даражасига бевосита таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, давлат хизматчиларининг моддий таъминланганлик даражаси ҳам коррупция кўламига таъсир этувчи асосий омиллардан биридир.

2) Жамиятнинг ҳуқуқий маданияти даражаси. Бу ҳал қилувчи омиллардан бири бўлиб, ҳар қандай ҳуқуқий меъёр ушбу омил туфайли мутлақо самарасиз бўлиши мумкин. Бунда инсонларнинг ҳуқуқий жараёнларга бепарволиги, "сен менга тегмасанг, мен сенга тегмайман", "нима, фақат менинг ўзимми?" қабилида иш юритиши асосий сабаблардан биридир.

3) Ҳуқуқий меъёр талабларининг жамият тараққиётига мутаносиблиги. Агар жамият ривожланишда илгарилаб кетиб, бунинг натижасида мавжуд ҳуқуқий меъёрлар эскириб қолган бўлса, бундай ҳолатда ҳам ҳуқуқий меъёрдан самара кутиш фойдасиздир.

Жиззах туманлараро маъмурий

судининг судьяси

М.Юлдашев

Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар