Телефонлар:
(0372) 432-13-34
(0372) 432-12-88
» » Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига навбатдаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига навбатдаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

11 март 2021 йил
123
0


Мамлакатимизда амалга оширилиб келинаётган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни жорий йилнинг 18 февраль куни Президент томонидан имзоланди.

Ушбу Қонуннинг мақсади тергов ишларини юритишда кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш, жиноят иши бўйича дастлабки эшитув ҳамда айбга иқрорлик тўғрисидаги институтларни жорий қилиш, жиноят ишида ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолатларни кенгайтиришдан иборат.

Қонунга кўра, жиноят ишлари бўйича айбга иқрорлик тўғрисида келишув жорий қилинди ҳамда жиноят процессуал кодексига қуйидаги ўзгартиришлар киритилди.

  • Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш;
  • Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув;
  • Айбга иқрорлик тўғрисида келишув институтлари.

Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш – гувоҳ ва жабрланувчини ишни судга қадар юритиш босқичида прокурорнинг илтимосига кўра сўроқ қилиш бўлиб, у суд томонидан амалга оширилади.

Гувоҳ ва жабрланувчини объектив сабабларга кўра кейинчалик сўроқ қилиш мумкин бўлмай қоладиган ҳолларда, уларнинг кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйилиши мумкин бўлди.

Шунингдек, жиноят иши бўйича дастлабки эшитув – жиноят ишини тўхтатиб туриш, тугатиш, бирлаштириш, айблов далолатномаси ёки хулосасини, тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни прокурорга юбориш ҳамда номақбул далилларни чиқариб ташлаш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда ўтказилиши кўрсатилди.

Қонун билан дастлабки эшитувни ўтказиш давомийлиги 10 суткадан ошмаслиги белгиланди.

Айбга иқрорлик тўғрисида келишув ўта оғир жиноят ҳисобланмайдиган жиноятлар бўйича айбига иқрор бўлган, жиноятни очишга кўмаклашган ва зарарни бартараф этган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан прокурор билан тузиладиган келишув.

Шунингдек, айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноятлар бўйича жазо белгиланган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаган ҳолда тайинланиши кўрсатилди.

Бундан ташқари, жиноят ишида ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолатлар кенгайтирилди:

- шахс амалда ушланган ёки уни ушлаш билан боғлиқ тезкор – қидирув тадбири якунланган пайтдан бошлаб, у билан боғлиқ процессуал ҳаракатлар амалга оширилгунга қадар ҳимоячи билан холи учрашиши таъминланди;

- тезкор-қидирув фаолиятни амалга оширувчи органлар томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчидан аризалар, тушунтиришлар ва кўрсатувлар олиш суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судъянинг ёзма рухсатига асосан фақат ҳимоячи иштирокида амалга оширилади (ҳимоячидан воз кечилган ҳоллар бундан мустасно).

Шунингдек, Жиноят процессуал кодексга киритилган ўзгартиришларга кўра ушлаб туриш муддати шахс амалда ушланган пайтдан эътиборан кўпи билан 48 соатни ташкил этади (илгари ушбу муддат шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга келтирилган вақтдан бошлаб ҳисобланган).

Қонун билан ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ишлар тоифаси белгиланиб, унга кўра - дастлабки эшитув ўтказилаётган ишлар, ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётган, айбига иқрорлик тўғрисида келишув тузилган ишлар.

Ғаллаорол туманлараро иқтисодий

судининг раиси А.Норқўзиев

 

Муҳокамага қўшилинг

Тавсия этамиз:

Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар