Сайт тест режимида ишламоқда.
Телефонлар:
(0372) 432-13-34
(0372) 432-12-88
» » “Очиқ мустақил танлов – кучлилар куч синашади”

“Очиқ мустақил танлов – кучлилар куч синашади”

30 июль 2020 йил
27
0

Ўзбекистонда мустақилликнинг илк йилларида жамиятнинг барча жабҳаларида бўлгани каби раҳбар ва бошқарув кадрлар тизимини янгилаш соҳасида ҳам ислоҳотлар жараёни бошланди.
Бу жараён янгидан таркиб топаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий муносабатларнинг моҳиятини англаб, мустақиллик талабларига жавоб берадиган янги раҳбар кадрлар тайёрлаш тизимини шакллантириш билан боғлиқ бўлди. Илк босқичларда бошқарув кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда жой-жойига қўйиш соҳасида салмоқли натижаларга эришилди ва миллий менталитетга хос бўлган тизим шакллантирилди. Кадрлар сиёсатини янги тизимини шакллантириш ва амалга ошириш масаласи, уни ҳал этиш йўлларини белгилаб олиш мақсадида “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” қабул қилинди. Бироқ ривожланишнинг 28 йиллик тажрибаси шуни кўрсатдики, бугунги кунга келиб давлат органлари ва ташкилотларининг малакали мутахассислар билан етарли даражада таъминланмаётганлигига, кадрлар малакасининг юклатилган вазифалар ва замонавий эҳтиёжларга номувофиқлигига, қабул қилинаётган қарорлар сифатининг пастлигига олиб келаётган бир қатор тизимли муаммолар ва камчиликлар кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимида янги ислоҳотлар ўтказилишини тақозо этди.
Шу боис,  юзага келаётган муаммо ва камчиликлардан бири сифатида санаб ўтилган давлат фуқаролик хизматига кириш истагини билдирган номзодларни очиқ мустақил танлов орқали саралаб олиш жараёнини комплекс ҳуқуқий тартибга солишни таъминловчи тўғридан-тўғри таъсир кучига эга қонун мавжуд эмаслигини ҳам алоҳида эътироф этиб ўтиш лозим. Шу ва бошқа кадрлар сиёсати билан боғлиқ бўлган тизимли муаммоларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5843-сон Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4472-сон Қарори қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб тажриба тариқасида айрим давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва ҳудудларда, 2021 йил 1 январдан бошлаб эса республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларида давлат хизматига қабул очиқ мустақил танлов асосида амалга оширилиши; давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилиш ва хизматчиларнинг хизмат бўйича ўсиб бориши билан боғлиқ фаолиятда номзодларни адолатли баҳолаб бориш ва улар орасидан энг муносибларини танлашга қаратилган меритократия тамойили қўлланилиши белгилаб қўйилди.
Тараққий этган давлатлар томонидан намуна сифатида олинган давлат фуқаролик хизмати соҳасида бошқарувнинг замонавий тизимини жорий этиш борасидаги ислоҳотлар негизидаги асосий вазифалардан бири “очиқ мустақил танлов асосида кадрларни танлаб олиш” эканлигини кўришимиз мумкин. Бунда энг иқтидорли, компетенциялари юқори бўлган ходимлар меритократия тамойили асосида бўш иш ўринларига ишга қабул қилинади. Хуш,  меритократия ўзи нима ва у қачон пайдо бўлди деган ҳақли савол туғилади.
Меритократия ўзи нима?
Меритократия (сўзма-сўз таржима қилинганида “муносиб куч”, лотинча “Меритус” – “лойиқ” ва қадимги юнонча “ҳокимият, ҳукумат” маъноларини билдиради) бошқарув тамойилидир, унга кўра шахсларнинг ижтимоий ва молиявий жиҳатдан қатъи назар, энг қобилиятли одамлар етакчи ўринларни эгаллаши керак деган мазунда ифодаланиши мумкин. Меритократия иккита усулда қўлланилади. Атаманинг биринчи маъноси, махсус ҳомий бўлган истеъдодлар орасидан раҳбарлар тайинланадиган тизимга мос келади (бундай тизим асосан аристократия ва демократиянинг тескариси). Иккинчи маъно, кўпроқ кенг тарқалган бўлиб, келажакда эркин рақобат шароитида юқори ижтимоий мавқени эгаллаш имкониятига эга бўлишлари учун объектив қобилиятли ва меҳнатсевар одамлар учун бошланғич шарт-шароитларни яратишни англатади.
Меритократия тушунчасини илк бор Конфуций фалсафаси доирасида учратиш мумкин.  Бир қатор тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Хитой тарихнинг баъзи даврларида меритократик тизим татбиқ этилган бўлиб,  Хун сулоласи даврида уч босқичли имтиҳонлар тизими кенг қўлланилган. Улар ёрдамида санъат, конфуцийлик ва маъмурий муаммоларни яхшироқ тушунадиган одамлар ҳокимликка тайинланган.
Кейинчалик  немис-америка файласуфи Ханна Арендт томонидан меритократия атамаси 1954 йилда ёзилган “Таълим инқирози” асарида фойдаланилган.  Бир неча йил ўтгач, инглиз сиёсатчиси ва социологи Майкл Янг томонидан ёзилган сатирик “Меритократия юксалиши” номли асарда меритократия салбий жиҳатдан изоҳлаб ўтади.
Кейинчалик меритократия атамаси ижобий имкониятга эга бўлиб, у универсал имконият тенглиги тарафдорлари томонидан қабул қилинган, гарчи имконият тенглиги назарияси меритократия принципига тўғридан-тўғри зид бўлсада, меритократия одамнинг истеъдоди ва фазилатларига қараб имкониятларни белгилайди ва уларга ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар тенг имкониятлар яратилади деб изоҳланади. Дениел Белл “Келгуси постиндустрия жамияти" (1973) китобида меритократия бюрократияни йўқ қилади ва умуман жамиятнинг ижтимоий тузилишини ўзгартиради, деб ёзиб ўтади. Ғарбий социологиясида неоконсерватизм вакиллари (Збигнев Бжезински) ҳам худди шундай фикрларга қўшилади.
Иккинчи жаҳон уришидан  кейинги даврларда Буюк Британияда имтиҳонлардан ўтишни талаб этадиган касблар (юристлар, шифокорлар) кўплаб ишчилар қатламидан бўлган одамларнинг ўрта синфга ўтишларига ёрдам берди. Бироқ, профессионал фаолиятнинг бошқа турларида (масалан, жамоатчилик билан алоқалар ёки реклама соҳасида) мартаба учун шахсий танишлар асосий роль ўйнаш ҳолатлари сақланиб қолди.
Америка Қўшма Штатларида меритократия принципи аллақачон Қўшма Штатларда татбиқ этилган ва ҳар бир америкаликнинг шахсий ютуқлари фақат унинг қобилиятига, меҳнатсеварлигига, муносабати ва ахлоқига боғлиқ эканлигига ишонишади.
Кучлилар куч синашади!
Ўзбекистонда мустақиллик йилларидан бошланган ҳамда янги ривожланиш босқичига чиққан кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати соҳасида бугунги кунда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5843-сон Фармонида кўрсатилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали томонидан ҳам самарали ишлар ташкил этилди.
Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларининг ҳудудий бўлинмаларида кадрларни давлат фуқаролик хизматига очиқ ва мустақил танлов асосида қабул қилиш доимий равишда ташкиллаштирилмоқда. Хусусан, бугунги кунга қадар Жиззах вилояти ҳокимлиги Молия бош бошқармаси, вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси, вилоят Бандлик бош бошқармаси, Жиззах вилояти бўйича Ғазначилик бошқармаси, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Жиззах вилоят бошқармаси тизимида “меритократия” тамойили асосида бўш лавозимларга очиқ мустақил танлов орқали қабул қилиш йўлга қўйилди. Жорий йил бошидан то бугунги кунга қадар вилоят Қишлоқ ҳўжалиги бошқармасида 15 маротаба, вилоят Бандлик бош бошқармасида 1 маротаба, Жиззах вилояти ҳокимлиги Молия бош бошқармасида 5 маротаба жами 21 маротаба очиқ мустақил танловлар ўтказилган. Танлов натижасида вилоят Қишлоқ ҳўжалиги бошқармасида 41 нафар, вилоят Бандлик бош бошқармасида 1 нафар, Жиззах вилояти ҳокимлиги Молия бош бошқармасида 7 нафар, жами 49 нафар ходимлар ишга қабул қилинган.Очиқ мустақил танлов асосида давлат фуқаролик хизматига қабул қилинган шахслар Агентликнинг Жиззах вилояти филиали билан келишмасдан туриб лавозимидан озод қилиниши мумкин эмаслиги тўғрисида юқоридаги ташкилотларга тегишли кўрсатмалар берилган.
Очиқ мустақил танловлар ўтказилиши давлат фуқаролик хизматига киришда барча фуқароларнинг тенг имкониятлардан фойдаланишига, давлат органлари ва ташкилотларидаги мавжуд вакант ўринларни малакали мутахассислар билан етарли даражада таъминлашга, кадрлар малакасининг юклатилган вазифалар ва замонавий эҳтиёжларга мувофиқ бўлишини таъминлашга, давлат фуқаролик хизмат ходимлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар сифатининг юқори бўлишига олиб келади.
Меритократия тамойили асосида бўш лавозимларга очиқ мустақил танлов орқали қабул қилиш борасида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиалидаги мавжуд вакант лавозимларни малакали ва энг муносиб номзодлар билан тўлдириш мақсадида танлов ўтказилди.
Дастлаб агентлик ҳудудий филиалларида мавжуд бўш лавозимлар реесторини, унга қўйилган малака талаблари ва танловни ўтказиш тартиби, ҳужжат қабул қилиш санаси ҳақидаги маълумотларни агентликнинг расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлаштирди. Мазкур танловда иштирок этиш учун Жиззах вилоятидан жами 37 нафар номзод танловда иштирок этиш истагини билдириб, ариза билан мурожаат қилди.
Танлов очиқ, адолатли ва шаффоф бўлишини таъминлаш мақсадида агентлик томонидан махсус Танлов комиссияси тузилиб, комиссия таркибига ўз соҳаси бўйича етарлича билим ва тажрибага эга мутахассис раҳбар кадрлар киритилди. Танлов 4 та босқичда амалга оширилди.
Биринчи босқичда, танловда иштирок этаётган номзодларнинг ҳужжатлари вакант лавозимга қўйиладиган малака талабларига мувофиқлиги ўрганилади ва фақат малака талабларига тўлиқ мос келган номзодлар кейинги босқичга ўтказилди.
Иккинчи босқичда, улар ахборот-коммуникация технологиялари, иқтисодиёт, маънавият ва тарих, сиёсат ва ҳуқуқ, шунингдек бошқа соҳалар бўйича билим ва кўникмалари тест синовидан ўтказилади. Тест натижаларига кўра 60 баллдан юқори балл тўплаган номзодлар ушбу босқичдан муваффақиятли ўтган дея баҳоланиб, психологик саралаш ва суҳбат жараёнларига тавсия этилди.
Ўз навбатида, кейинги босқичда номзоднинг «психологик портретини» шакллантириш мақсадида психодиагностика тести олинди ва танлов комиссияси аъзолари суҳбатидан ўтказилди. Суҳбат жараёнида номзодларнинг шахсий ва касбий кўникмаларига баҳо берилди.
Танлов комиссияси аъзолари ўз навбатида танлов натижаларига кўра ҳар бир номзодга муносиб баҳо бердилар. Якунда эълон қилинган вакант ўринлар юқори балл тўплаган танлов ғолиби бўлган номзодлар билан тўлдирилди.
Келгусида давлат фуқаролик хизмати соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг ўз самарасини бериши баробарида, очиқ мустақил танлов орқали давлат фуқаролик хизматига жалб этилаётган кадрларнинг ўз соҳаларида катта ютуқларга эришиб, соҳа ривожланишига муносиб ҳисса қўшишларига ишонамиз. Зеро, меритократия тамойилига асосланган очиқ мустақил танловлар келажакда мамлакатимиз ривожи учун хизмат қилади.
С.Норпўлатов - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
 Жиззах вилояти филиали Инсон ресурслари
 ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш
бўлими бош инспектори
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар